Сирдарё вилояти фаолларининг вилоят аҳолисига МУРОЖААТИ

Сирдарё вилояти фаолларининг вилоят аҳолисига МУРОЖААТИ

@SirdaryoXabarlari
Фото: ЎзА

Азиз деҳқон ва томорқа ер эгалари!

Вилоятимиз аҳолисининг асосий қисмини қишлоқ жойларда яшашини ҳисобга оладиган бўлсак, томорқадан фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар аввало вилоятимиз аҳолисининг турмуш тарзида ўз аксини топиши лозим.

Шу боис мавжуд томорқа экин майдонларидан самарали фойдаланиш, соҳага инновацион технологияларни жорий қилиш ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш давлатимиз олиб бораётган аграр ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил қилмоқда десак адашмаймиз.

Вилоятимизда жорий йилнинг 20 февралидан 10 мартига қадар “ТОМОРҚАДАН ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА ДОЛЗАРБ 20 КУН” эълон қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 19 февраль куни вилоятимизга ташрифи давомида фаоллар билан ўтказилган йиғилишда “Сирдарёнинг чўп суқсанг кўкарадиган ери бор, меҳнатсевар халқи бор. Лекин томорқа ерларидан-шундай катта резервдан самарали фойдаланилмаяпти. Шунинг учун бугундан бошлаб ҳар биримиз томорқага экин экишни ташкил этишимиз керак. Агар ҳозир экмасак, кейин кеч бўлади”, дея алоҳида таъкидлади.

Энди дўппини бошдан олиб, бир мулоҳаза қилиб кўрайлик-чи, нега Президентимиз ердан, хусусан, томорқадан оқилона фойдаланиш ҳақида бот-бот сўз юритаяпти? Аввало, сизу бизни бугунгидан-да тўқ ҳамда фаровон яшашимизни истаяпти. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, хориж маҳсулотларига кўз тикмасдан, балки экспортни кўпайтириш, даромадни оширишни, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечиришини хоҳлаяпти.

Биласиз, ушбу мавсум ўта тиғиз пайт саналади. Ниҳол қадаш, уруғ сепиш ишлари узоғи билан ўттиз кундан ошмайди. Шу вақт ичида экканнинг, улгурганнинг ошиғи олчи бўлади. Акси бўлса, қуруқ қўл билан қолаверасан. Ернинг умрини зое кетказасан. “Тома-тома кўл бўлур”, деганларидек, тоғдек барака хирмонлари ҳам мисқоллардан яралади.

Бироқ кўплаб юртдошларимиз сув таъминотида муаммоси бўлмаса-да, унумдор ерини ўз ҳолига ташлаб қўйишгани, айримлари эса мўмай даромад манбаини бедазорга айлантириб қўйишганини қандай изоҳлаш мумкин?! Ваҳолонки, аҳоли ихтиёридаги 8-10 сотихлик томорқаларнинг қуриб-қақшаб ётиши боқибеғамлик, лоқайдлик маҳсулидир.

Шундай экан, ушбу эзгу мақсадга эришиш учун нима қилиш керак? Енг шимариб, ақл билан иш юритиш, бебаҳо бойлик саналган томорқадан унумли фойдаланиш лозим. Зеро, бугун “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида кун кечирадиган пайт эмас. Бир парча еримиз бўлса ҳам, унга кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур. Бу борада деҳқонларга нимаики ёрдам керак бўлса, барчаси муҳайё этилаяпти.

Жумладан, жойларда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сотишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Томорқа хизмати” МЧЖлар ташкил этилган.

“Томорқа хизмати” МЧЖ фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига шартнома асосида зарур моддий ресурслар, шу жумладан, уруғлар, кўчатлар, таралар, техника ва бошқа воситалар етказиб бериш, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва қишлоқ хўжалиги экинларини ички ва ташқи бозорларда сотиш, шу жумладан, уларни тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш хизматларини кўрсатади.

Тижорат банклари орқали деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларига 6 ой имтиёзли даври билан 3 йил муддатга 7 фоиз ставкада кредит берилади.

Шунингдек, 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар учун меҳнат дафтарчаси очиб, иш стажи ҳисоблаш имконияти яратилади.

Шундай экан, кўпни кўрган, тажрибали ўзбек деҳқони фасллар алмашаётган, майсалар илдиз ёриб, кўкка бўй чўзаётган ушбу бетакрор паллада қандай юмушларни бажариш зарурлигини жуда яхши билади.

Азиз миришкор деҳқон ва томорқа ер эгалари!

Ўз оиламиз қолаверса вилоятимиз аҳолисини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан яъни, бозорларимизни сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан таъминлашдаги ўрнингизни ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди.

Лекин, бугунги кунда асосий экин майдонлар Сиз деҳқон ва томорқа ер эгалари қўлида эканлигини ҳеч биримиз эътироз қилолмаймиз. Шундай экан ҳар биримиз ўз томорқа майдонларимиздан самарали фойдаланиб, йилига 2-3 маротаба ҳосил олиб, хонадонимизга қўшимча даромад келтирайлик.

Ҳар бир деҳқон ва томорқа ер эгалари бугундан бошлаб экин майдонимиздан самарали фойдаланиб, қуйидаги ишларни ташкил этайлик.

Биринчидан,  1-2 сотихдан кичик ихчам иссиқхоналар ташкил этинг.

Иккинчидан, 2-3 сотихдан мевали боғ ва узумзорлар яратинг.

Учинчидан, 2 бошдан қорамол, 5-10 бошдан қўй ва эчки, 50 бошдан парранда ҳамда 10 тадан қурка боқишни йўлга қўйинг.

Тўртинчидан, томорқангизда қуён, балиқ ва асалари етиштиришни ташкил этинг.

Азиз деҳқон ва томорқа ер эгалари!

Юқоридаги ишларни амалга оширишингиз учун Кенгаш ҳузуридаги деҳқон ва томорқа ер эгалари учун имтиёзли (7 фоизли) кредит берадиган Жамғармага мурожаат этинг.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бутун дунёда об-ҳаво инжиқликлари, қурғоқчилик ва шўрланишнинг кучайиб бориши натижасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи биринчи даражали муаммога айланди.

Ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиб, ҳар бир гиёҳни даромад манбаига айлантира олиш даражасида иқтидорга эга сиздек ва деҳқонларимиз, бу йил ҳам ердан ризқ-насиба яратишларига ишончимиз комил.

Ҳурматли фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари!

Бугун халқимиз Сизнинг шижоатингиз, ғайрат ва матонатингизга кўз тикиб турибди. Муҳтарам Юртбошимизнинг ишончини оқлаш ҳамда мамлакатимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқ учун барчангизни чин юракдан ҳалол меҳнат қилишга чақирамиз!

Ў.Абдиев, М.Шаимов, А.Қудратов, А.Тўйчиев, И.Каратаев, Н.Рахматуллаев, Х.Зокиров, Р.Турсунмуродов, Р.Пиримқулов, Ф.Боқиев

Report Page