Вилоят ҳокими “Янгиер Қурувчи” футбол клуби раҳбарияти, жамоа мураббийлар штаби ва ўйинчилар билан учрашди

Вилоят ҳокими “Янгиер Қурувчи” футбол клуби раҳбарияти, жамоа мураббийлар штаби ва ўйинчилар билан учрашди

@SirdaryoUZB
Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги

Маълумки, “Янгиер” жамоаси ҳақида билмаган, ҳеч бўлмаганда, эшитмаган кишининг ўзи йўқ. Ўз даврида “Янгиер”нинг довруғи муболаға бўлмаса, бутун дунёга тарқалган. Бироқ вақт ўтиб, “Янгиер” жамоасига бўлган эътибор бирмунча сусайган эди. Бугун эса Янгиерда профессионал клуб яна қайта шаклланмоқда.

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги

Ўтган 2020 йил давомида биринчи лигада “Ғарбий” минтақа жамоалари орасида баҳс олиб борган “Янгиер Қурувчи” футбол клуби 12 учрашувдан 10 тасида ғалаба қозониб, 2 та учрашувда дуранг ҳисобга эришди. Натижада 32 очко тўплаган янгиерликлар “Ғарбий” минтақа жамоалари орасида биринчиликни қайд этди. Клуб навбатдаги баҳсларда ҳам сермаҳсул ўйин кўрсатди. “Ғарбий” ва “Шарқий” минтақанинг энг кучли жамоалари билан баҳслашган янгиерликлар рақиблар дарвозасига 40 дан зиёд голларни йўллаб, якунда тўққиз очко билан про-лига йўлланмасини муддатдан аввал қўлга киритди.

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги

Бугун Янгиер шаҳар ҳокимлигида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев клуб раҳбарияти, жамоа мураббийлар штаби ва футболчилар билан учрашди.

Бўлиб ўтган учрашувда клубнинг ўтган мавсумдаги иштироки, про-лига ўйинлари олдидан тайёргарлик даражаси, жамоанинг ҳозирги ҳолати, ундаги камчиликлар ҳамда қилиниши керак бўлган ишлар ва бошқа кўплаб масалалар хусусида сўз борди.

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги

- Биринчи лига баҳслари жуда қизиқарли тарзда ўтди. Айрим жамоаларни ҳисобга олмаганда иштирокчи клубларнинг даражаси бир-бирига яқин эди. Айрим жамоалар билан ўйинда уйда бўлсин, ёки сафарда ғалаба қозониш жуда қийин бўлди. Биз ҳар доим ўз олдимизга юқори мақсадларни қўйганмиз. Янги мавсум олдидан ҳам режаларимиз ўзгармайди, доим олдинга интиламиз, - деди клуб бош мураббийси Илдор Сакаев.

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги

Вилоят ҳокими асосий эътиборни футболчиларнинг дам олиши, овқатланиши ҳамда саломатлиги йўлида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, жамоадаги тартиб-интизомга қаратиш лозимлигини таъкидлади.

-Жорий мавсумда олдингизга қўйилган вазифани уддалаш учун баҳамжиҳат, майдонда жонкуярлик билан тўп суриш лозим. Мухлисларга қувонч улашиш футболчиларга боғлиқ. Жамоага юрагида ўти бор, “Янгиер Қурувчи” шаъни учун курашадиган ўйинчилар керак, - деди ўз сўзида Ғофуржон Мирзаев.

Фото: Янгиер шаҳар ҳокимлиги

Вилоят раҳбари тажрибали ўйинчиларни жамоага жалб этишда клуб раҳбариятига ҳомийлар бириктириш масаласида ёрдам беришини айтди. Бундан ташқари клубни янада ривожлантириш тўғрисида ўз таклифлари билан ҳам ўртоқлашди.

Сўнгра, жамоа сардори Нодир Юлдошев, етакчи футболчилардан бири Абдумалик Тошпўлатов сўзга чиқди. “Янгиер Қурувчи”га яратилаётган шароитлар учун мутасаддиларга, шунингдек, клуб раҳбариятига ўз миннатдорчиликларини билдириб, бу йил жамоа ўз олдига қўйган мақсадини амалга ошириши, билдирилган ишончни оқлаш учун қўлдан келганича ҳаракат қилишларини таъкидлашди.

Report Page