“POLY TEX SIRDARYO” пахта-тўқимачилик кластерининг “SAYXUN COLD OIL” корхонаси иш бошлади

“POLY TEX SIRDARYO” пахта-тўқимачилик кластерининг “SAYXUN COLD OIL” корхонаси иш бошлади

@Sirdaryo
“SAYXUN COLD OIL” корхонаси

Юртимизда «Ўзпахтасаноат» АЖ структурасидан мутлақо фарқ қилувчи пахта-тўқимачилик кластерлари пахта хом ашёсини экишдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган каттагина босқичдаги ишларни мустақил амалга оширмоқда. Бу эса, пахта-тўқимачилик кластерлар фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринларини очиш, ишсиз аҳоли қатламини муқим иш жойлари билан таъминлаш имконини бермоқда.

Сайхунобод туманидаги “POLY TEX SIRDARYO” кластерини ташкил топганига унча кўп вақт бўлмади. Қисқа фурсатда, пахта-тўқимачилик кластери пахта хом ашёсини экишдан, етиштиришгача, етиштирилган хомашёни қайта ишлаб, ундан тайёр маҳсулот олишгача бўлган жараёнларни муваффақиятли амалга ошириб, юқори самарадорликка эришди. Иш, хизмат, қайта ишлаш жараёнлари режа асосда йўлга қўйилди.

Яқинда, мазкур пахта-тўқимачиликка ихтисослашган кластер жамоаси, яна битта янгиликка қўл ўрди. Улар ўзлари етиштираётган ярим тайёр хом ашёдан ёғ ва ёғ маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ёғ маҳсулоти нархини арзонлаштириш мақсадида“SAYXUN COLD OIL” корхонасини қуриб, уни ишга туширди.Ишлаб чиқариш технологияси Хитой ва бошқа қатор давлатлардан келтирилди.

— Корхонани қуриш, уни ишга тушириш жараёни бирдан, бир вақтни ўзида бўлмади, — дейди “SAYXUN COLD OIL”  масъулияти чекланган жамият бош иқтисодчиси Эрмонқул Хусанбоев. — Уни ишга тушириш учун, “POLY TEX SIRDARYO” пахта-тўқимачилик кластери таъсисчилари томонидан 29 миллиард сўм миқдоридаги маблағ сарфланди. Пахтадан ажратиб олинган, техник чигит  қайта ишланиб, ундан рафиналанган ёғ маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Кунлик, ишлаб чиқариш қуввати, 85-90 тоннани ташкил этиб, қайта ишланган чигитдан 20 тонна рафиналанган ёғ, кунжара ва шулха маҳсулотларини ишлаб чиқаряпмиз. Аслида-чи, бу жараённи бошлаганимизга унча кўп бўлгани йўқ. Тайёргарлик, синов жараёнлари муваффақиятли тугатилгачгина бу босқичларни бошладик.

Ҳозир, мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган, кунлик ёғ маҳсулотларининг 15 тоннаси  хитойдан келтирилган қадоқлаш ускунаси орқали 4,2 литрли бежирим ва чиройли идишларга қадоқланмоқда. Қадоқланган, рафиналланган ёғ маҳсулотлари биржа савдоси орқали истеъмолчиларга етказиб берилаётган бўлса, яқинда ёғни 1 ва 3 литрли идишларга қадоқлаш, ёғ ишлаб чиқариш жараёнида, чигит таркибидан ажратиб олинган техник сопистокдан совун маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйади.

Ишни бир маромда кетиши хомашёга боғлиқ. Корхонага техник чигит маҳсулотлари “POLY TEX SIRDARYO” пахта-тўқимачилик кластеридан, қолаверса, вилоятнинг Сирдарё, Гулистон туманидаги пахта-тўқимачилик кластерларидан келтирилмоқда. Яқинда қушни давлат, Қозоғистондан писта (кунгабоқар) келтирилиши кутиляпти. Ҳамкорлик шартномаси муваффақиятли имзолангач, минг тонадан зиёдроқ писта (кунгабоқар) келтирилади. Ва натижада “SAYXUN COLD OIL” корхонасида ишлаб чиқарилган тамғаси туширилган, писта (кунгабоқар) ёғлари ички бозордан ўз ўрнини эгаллайди.  

Корхонанинг ишчи хизматчилар сони эса 75 та. Тўла қувват билан иш бошлагач, улар сони яна 100 тага ошади. Иш уч сменада олиб борилиб,  дам олишлари ва ишлашлари учун барча шароитлар яратилган.

Ғулом Примов, журналист

Report Page