Ота-она шахсий намуна бўлиши керак

Ота-она шахсий намуна бўлиши керак

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Ҳалқимиз азалдан оилани муқаддас санаб келиб, оила — ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак авлодлар учун бетакрор тарбия қўрғони эканлигини доим тарғиб этиб келган. Ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Шундай экан ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.

Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5938-сонли Фармонининг туб моҳиятида албатта энг биринчи оилаларимизнинг мустаҳкамлигига қаратилганлиги бу борада муҳим аҳамият касб этади.

Лекин қанчалик мазкур масалада ишлар олиб борилаётган бўлсада, ҳаётимиздаги эрта никоҳлар, ажрашишлар ва аёллар жиноятчилиги ҳамон содир этилмоқда.

Ажрашишлар сони йилдан-йилга ошиб бораётган бир вақтда ёши улуғ инсонларнинг ҳам судларга никоҳдан ажрашиш ҳақидаги даъво аризалари берилиши кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни ажратишлиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларини кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 6-сонли қарорида «Турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмаслиги, никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этишлиги» белгилаб қўйилган.

Одатда никохдан ажратиш билан боғлиқ ишларда асосий сабаблардан ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр бўлмасдан туриб, оила қуришлиги, оила масъулиятини чуқур ҳис этмаслик, бир кунлик туй томоша орзу ҳавас деб баҳолаб, уйга бир синалмаган, танимаган бир бокира қизни олиб келиб, барча уйда содир бўлган камчиликларни келин зиммасига асоссиз юклашлик ҳолатлари асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Оила кодексида эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари, она-она сифатида уларнинг вояга етмаган фарзандлари олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонуний мустаҳкамланган. Ота-она фарзандини дунёга келтирганидан кейин унга ғамхўрлик қилиш ва комил инсон сифатида вояга етказишга масъулдир.

Оила қуриш ниятида бўлган ёшларимиз амалдаги оила қонунчилиги талабларини билиши ва никоҳга кирувчиларга қонун асосида берилган ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланиши лозим. Бу, албатта, соғлом ва мустаҳкам оила юзага келишида муҳим омил бўлади. Оила мустаҳкамлигининг яна бир муҳим омили — оила билан боғлиқ асрий қадриятлар, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро ҳурмат-иззат асосига қурилган муносабатларни авайлаб-асраш ва кейинги авлодларга етказишдир. Бу жамиятнинг барча аъзоларига тегишли бурчдир.

Қайсики оилада ўзаро ҳурмат, аҳил-иноқлик ва тартиб-интизом ҳукмрон бўлса, шу оила фарзандлари тарбияли бўлиши, оила қургач, яхши яшаб кетиши табиий. «Қуш уясида кўрганини қилади», деб бежиз айтилмаган. Шунга кўра, фарзандларини оилавий ҳаётга тайёрлашда аввало ота-онанинг шахсий намуна бўлишлари жуда муҳимдир.

Камол Намазов,
Сирдарё вилояти судининг Фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Report Page