Янги тахрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Сирдарё тумани ҳокимлиги катта мажлислар залида тадбиркорлик субъектлари, солиқ тўловчи юридик ва жисмоний шахслар учун семинар йиғилиши бўлиб ўтди.

Янги тахрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Сирдарё тумани ҳокимлиги катта мажлислар залида тадбиркорлик субъектлари, солиқ тўловчи юридик ва жисмоний шахслар учун семинар йиғилиши бўлиб ўтди.

@Sirdaryo
Фото: Сирдарё туман ҳокимлиги

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Раиси ўринбосари Алимжон Файзибаев бошчилигида бўлиб ўтган тадбирда сўз олганлар янги тахрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятин кенг жамоатчиликка етказишди.

Фото: Сирдарё туман ҳокимлиги

Солиқ кодексини (янги таҳрирда) қабул қилиниши муносабати билан солиқ ҳисоботларининг янги шакллари ишлаб чиқилади. Солиқ ҳисоботи шакллари Ўзбекистон Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг барча солиқ тўловчиларга етказилади.

Акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари, мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкалари, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдори, маҳаллий йиғимларнинг чегаравий стакалари, автотранспорт воситаларини сотиб олинганда ва (ёки) вақтинчалик олиб кирилганда ички ишлар органларида уларни рўйхатдан ўтказганлик учун автотранспорт воситалари эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган йиғимлар ва хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига кириши ва ҳудуддан транзит ўтиши учун йиғимлар ставкалари 2019 йил 9 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилдаги Давлат бюджети тўғрисида"ги қонун билан тасдиқланган.

Фото: Сирдарё туман ҳокимлиги

Ер солиғи бўйича 2020 йил учун солиқ ҳисоботи қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар қисми бўйича 2019 йилда амалдаги шакллар бўйича ер участкаси жойлашган жойидаги солиқ органларига тақдим этилади. Мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг 2020 йил учун ҳисобланадиган суммаси тўғрисидаги ҳисобот 2019 йилда амалда бўлган шаклда тақдим этилади. 2019 йил учун солиқ ҳисоб-китоблари Солиқ кодексининг янги таҳририда назарда тутилган муддатларда 2019 йилда амал қилган шакл ва тартибда тақдим этилади.

Фото: Сирдарё туман ҳокимлиги

Солиқ қонунчилигида қандай ўзгаришлар бўлди?

Ягона ижтимоий тўлов ўрнига ижтимоий солиқ, ягона солиқ тўлови ўрнига — айланмадан солиқ, қатъий белгиланган солиқ ўрнига — жисмоний шахсларнинг даромадларига, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда илгари берилган имтиёз ва солиқни ҳисоблаш хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда, қатъий белгиланган миқдорда солиқ жорий этилади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, шунингдек солиқлар бўйича пасайтирилган ставкалар қуйидаги муддатларда амал қилади:

  • 2007 йил 25 декабрдаги қонун билан тасдиқланган Солиқ кодекси билан тақдим этилган ва белгиланган имтиёзлар ва ставкалар 2020 йил 1 апрелгача;
  • Ўзбекистон президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тақдим этилган имтиёзлар ва ставкалар, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар.

Солиқ кодекси таркибидан давлат божи, товарларнинг айрим турларини (алкоголли ичимликлар) сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар бўлимлари чиқарилди, улар «Давлат божи тўғрисида» ги алоҳида қонунда назарда тутилади.

Бир марталик хусусиятдаги махсус тўловлар бўлган ер қаъридан фойдаланувчилар учун бонуслар (имзоли бонус ва тижоратбоп бонус) Солиқ кодексидан «Ер қаъри тўғрисида» ги қонунга ўтказилади.

Солиқ тўловчилар 2020 йил 1 апрелгача 2020 йил учун солиқ солиш мақсадлари учун ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишлари шарт. Солиқ мақсадлари учун ҳисоб-китоб сиёсати солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда ихтиёрий шаклда белгиланади ва раҳбарнинг буйруғи билан тасдиқланади.

Қуйидагилар учун махсус солиқ режимлари бекор қилинди:

  • бозорлар учун, уларни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказган ҳолда. 2020 йил 1 январдан бошлаб бозорлар аввалги солиқ тўлаш тартиби (даромаднинг 50 фоизи) ўрнига қуйидагиларни тўлайди:умумдавлат солиқларини (агар реализация ҳажми 2019 йилда 1 миллиард сўмдан ошган бўлса) — юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва 20 фоизли оширилган ставкада фойда солиғини;
  • айланмадан солиқни (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда), шунингдек юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни;
  • концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун, уларга жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлашни киритган ҳолда. Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун айланмадан солиқ (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд. сўмдан кам бўлганда) ёки умумбелгиланган тартибда тўланадиган солиқлар (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан ошганда) киритилади. Шу билан бирга, ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдори деярли 4 баравар камайтирилди;
  • қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун, уларни умумбелгиланган солиқ тўлашга ёки айланмадан солиқ тўлашга ўтказиш билан. Шу билан бирга, ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғининг ноль ставкаси белгиланади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган мол-мулк қисми бўйича мол-мулк солиғидан ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ерлар учун ер солиғидан имтиёзлар сақлаб қолинади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун декларация асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашни ёки 2020 йилдан бошлаб ўртача 25 фоизгача пасайтириладиган қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририда ҳисобварақ-фактуралар қоида тариқасида электрон кўринишда расмийлаштирилиши белгиланган. 2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) сотишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда тақдим этиши ва қабул қилиши шарт. Солиқ тўловчилар электрон ҳисобварақ-фактуралар операторини ўз хоҳишларига кўра танлашлари мумкин. Шу билан бирга, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг алоҳида операторлари 2020 йил бошида ўз хизматларини бепул тақдим этадилар.

Кўп сонли солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб операторларига улаш зарурати туфайли, 2020 йил 1 июлга қадар солиқ органлари белгиланган тартибни бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўлламайдилар. Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Молия вазирлиги билан биргаликда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг, шу жумладан уларни қоғозда расмийлаштириш мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, янги тартиби етказилади. Ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш тартиби ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилганига қадар солиқ тўловчилар 2019 йилда амалда бўлган тартибни қўллашлари керак (рўйхат рақами 3126, 2019 йил 21 январь). Шунга ўхшаш тартиб онлайн касса аппаратларидан фойдаланишда ҳам қўлланилади.

Якунда тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Сирдарё туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Report Page