Шавкат Мирзиёев: «2020 йил — «иқтисодий комплексни сафарбар қилиш йили» бўлади»

Шавкат Мирзиёев: «2020 йил — «иқтисодий комплексни сафарбар қилиш йили» бўлади»

@Sirdaryo
Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 январь куни Давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.

Видеоселекторда яна бир муҳим масала – янги Солиқ кодексини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.  Бу хақида Xabar.uz хабар бермоқда.

Маълумки, ўтган йили солиқ тизимидаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорларга чуқур тушунтириш бўйича Ишчи гуруҳ тузилган эди. Унинг ҳудудий тузилмалари томонидан бу борада манзилли ишлар олиб борилди. 

Жорий йил 1 январдан мамлакатимиз солиқ тизимида 120 дан ортиқ янги қоидалар амалиётга киритилди. Бу қоидалар тўғри қўлланиши, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши учун ўзгаришлардан барча хабардор бўлиши керак. 

Шу боис вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари бошчилигида иқтисодий комплекс идоралари ходимлари ва тадбиркорларни ўқитишни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Кодекснинг мазмун-моҳиятини англаган ҳолдагина унинг сифатли ижросини таъминлашга имкон бўлади. Ундан ташқари, ҳужжатда кўзда тутилган қоидаларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида барча туманларда давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тарғибот тадбирларини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди. Оммавий ахборот воситаларида тарғибот бўйича медиа режа ишлаб чиқиб, биринчи чорак давомида барчага етказиш юзасидан кўрсатмалар берилди. 

Янги кодексда солиқ органларига ҳам кўплаб вазифалар юклатилган. Уларни сифатли амалга ошириш учун солиқ ходимлари билим ва савиясини кескин ошириши, тадбиркорларга муносабатини тубдан ўзгартириши зарурлиги таъкидланди. 

Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсманга халқаро тажриба асосида, тадбиркорлар билан муҳокама қилган ҳолда солиқ текширувлари ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Йиғилишда қурилишни молиялаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган объектларда қурилишни бошлаш ва лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилишни молиялаштириш тақиқланиши қайд этилди.

– Бугунги топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш иқтисодий комплексдан катта масъулият талаб этади. Шу боис бу йил ҳукумат ва ҳудудлар учун «иқтисодий комплексни сафарбар қилиш йили» бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоселекторда соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, ҳокимлар белгиланган прогноз режаларни бажариш, тадбиркорликни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисобот берди.

Report Page