Камтарга камол

Камтарга камол

@Sirdaryo
Фото: sirdaryomuslim.uz

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади: “Ўзингизга эргашган мўминларга қанотингизни паст тутинг, яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муносабатда бўлинг” (Шуаро сураси 215 – оят).

Улуғ шайх Абдулқодир Жилоний, халқимиз тилида “Пири Дастгир” лақаби билан машҳур пири комил ўзларининг “Мактубот” номли китобларида бандани камолотга етказадиган 10 та хислатни зикр қилиб, улардан бири тавозеълик-камтарлик ҳақида шундай дейдилар: “Камтаринлик ҳислатига эга бўлган кишининг даражаси юқори, ҳурмати баланд, қадр-қиммати олий, Аллоҳ ҳузурида ва одамлар орасида иззати ва даражаси етук ва мукаммал бўлади. Тавозеълик хислатига эга киши ҳар бир инсонни ўзидан устун деб билиши, у инсоннинг даражасини Аллоҳ ҳузурида ўзиникидан устун бўлиши мумкин деб ҳисоблаши лозим. Агар унга ёш бола йўлиқса, Аллоҳ йўлида гуноҳ иш қилмаган, Парвардигорга осий бўлмаган, мен эса Аллоҳга исён қилдим, шубҳасиз, у мендан авлороқ деб билиши, агар ёши улуғ бир кекса учраса, мендан аввал кўпроқ ибодат қилган, албатта у мендан афзалроқ дейиши. Фосиқ одам учраса, у нодонлиги туфайли Худога қарши чиқиб гуноҳ қилаяпти, унинг ўлими ва оқибати қандай бўлади-ю, меники қандай бўлади, деб билиши, кофирга йўлиқса, балки бир кун мусулмон бўлар-да, хайрли ишлар қилар. Мен бўлсам ёмонлик, куфр билан кетишим мумкин деб ҳушёр тортиши керак”.

Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилиб айтадилар: “Садақа бериш билан молу дунёси камайиб қолмайди. Аллоҳ кечиримли банданинг иззатини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун тавозеъли бўлса, Аллоҳ таоло у банданинг даражасини кўтаради”.

Аллоҳ таоло бизларга тарбия бериб шундай марҳамат қилади:

“Одамлардан (кибрланиб) юзингни бурмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ таоло кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни севмас”. (Луқмон сураси 18-оят).

Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилиб айтадилар: “Сизларга аҳли дўзахни кимлар эканини айтайми? Улар қўпол, дағал, гердайиб юрувчи мутакаббирлардир”.

Ҳикоят: Ўзининг чиройли хулқи ва тақвоси билан машҳур подшоҳларидан “Умар ус-соний” лақаби билан танилган Умар ибн Абдулазизнинг саройига кечаси бир меҳмон келади. У мактуб ёзиб ўтирган эди. Чироғи ўчиб қолай деди. Меҳмони: “Туриб чироқни тўғрилаб қўяйми?”, деди. “Меҳмонни хизматга қўйиш одамгарчилик одобидан эмас”, деб салтанат подшоҳи ўрнидан тураётганда, ҳалиги меҳмон: “Хизматчига билдирайми?” деди. Подшоҳ: “Йўқ ҳожати йўқ, унинг биринчи марта ухлаб қолиши” деди-да ўзи туриб чироққа мой тўлдирди. Меҳмон деди: “Эй Амирал мўминин, ўзингиз овора бўлдингиз-а?”, Умар ибн Абдулазиз чиройли жавоб берди: “Борганимда Умар эдим, қайтганимда ҳам Умарман. Мендан бирор нарса камайиб қолмади. Одамларнинг энг яхшиси тавозеъли бўлганидир”.

Дарҳақиқат, камтаринлик инсоннинг жуда ноёб фазилатларидан бири ҳисобланади. Бу ҳислат “Камтарга камол, манманга завол” каби халқимиз мақолида ҳам ўз аксини топган.

Биз ҳар доим қандай мартабага эга бўлмайлик, биз умматлар учун Расуллуллоҳ (с.а.в)нинг чиройли насиҳатлари қулоғимиздан кетмаслиги керак.

Ботир Носиров,
Ховос тумани “Ҳуснобод” жоме масжиди имом хатиби

Report Page