Ота — улуғ зот

Ота — улуғ зот

@Sirdaryo
Фото: sirdaryomuslim.uz

Оталар фарзандларининг камол топишлари учун мол-давлатларини, куч ғайратларини сарфлашади. Оталарнинг бу хизматларини билиш, қадрига етиш ва уларга итоатда бўлиш фарзандларнинг бурчидир.

Бир кун келиб ота кексаяди. Ҳар ишда бошқалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Фарзандлар отага ҳамиша, айниқса, кексайиб қолганида чиройли муомала қилишлари лозим.

Аллоҳ таоло каломида ота-оналарга яхшилик қилишни буюрган. Аммо айрим ёшларимиз бу илоҳий амрни унутиб қўймоқдалар. Орамизда оталарига қўпол муомалада бўладиган, илтимосларини бажаришни унутиб қўядиганлар ҳам бор. Уларни дилини оғритиб, ҳатто қўл кўтаришгача борадиган ноқобил фарзандлар ҳам учраб туради. Энг ачинарлиси, баъзи ўғил-қизлар имконияти бўла туриб кекса ота-оналарини қаровсиз ташлаб қўйишади, ёки қариялар уйига жўнатишади. Ваҳоланки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: «Оталарингизни ҳурмат қилиб, уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз ҳам сизларга яхшилик қилади».

Халқимизда «Ота рози-Худо рози» деган ажойиб ҳикмат бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:»Бола отасининг ҳақини қайтара олмайди» деганлар.

Солиҳларимиз оталарига ҳурмат кўрсатишда, уларни рози қилиб, фарзандлик бурчларини ўташда авлодларга ибрат бўлишган. Умар ибн Зар айтадилар: “Кундузи ўғлим одоб юзасидан ортимдан келар, кечаси эса менга бирор озор етишидан қўрқиб олдинда юрарди”. Оталарнинг фарзанд зиммасидаги ҳақлари ўта муҳим ва эътиборга лойиқдир.

Муҳаммад Ғоипов,
Сайхунобод тумани “Мулла Негмурод” жоме масжиди имом-хатиби

Report Page