Орамиздаги қаҳрамонлар: «Меҳр қолур, муҳаббат қолур!»

Орамиздаги қаҳрамонлар: «Меҳр қолур, муҳаббат қолур!»

@Sirdaryo
Фото: "Postda.uz"

Юртимизда янги йил шукуҳи кезиб юрган шу кунларда сирдарёлик ички ишлар органлари ходими беш нафар болани фарзандликка олгани ҳақидаги хабар тарқалгач, ушбу хонадонда меҳмон бўлдик.

Аброрхон Аҳмадхонов асли Гулис­тон туманидан. Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2012 йилда Мирзаобод тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори лавозимида бошлади.

Кўп йиллик хизматлари эътиборга олиниб, Аброрхон Аҳмадхоновни жорий йилнинг июль ойида Сирдарё вилояти ИИБ ҲПБ ҳузуридаги ВЕИҲЁКМ бошлиғи лавозимига та­йинлашди. Марказга қаровсиз қолган, айрим сабабларга кўра кўчада дарбадар турмуш кечираётган болалар келтириларди. Кези келганда айтиш керакки, улар шу заҳотиёқ меҳрибон инсонлар парваришига олинади. Психолог­лар, мураббийлар, шифокорлар, ички ишлар органлари ходимлари томонидан болаларни соғлом турмуш тарзига қайтариш чоралари кўрилади. Қисқа вақтда уларнинг шахси, оилавий ҳолатига аниқлик киритилади. Оила бағрига қайтарилади ёки махсус муассасаларга ва меҳрибонлик уйларига жойлаштирилади.

Марказ бошлиғи ҳар сафар болаларнинг барчаси билан алоҳида суҳбатлашар, уларнинг қалбига қўл соларди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Гулистон шаҳридаги «Болалар шаҳарчаси» А. Аҳмадхонов бошчилик қилаётган марказдаги бир неча нафар чин етимларни ўз бағрига олди. Уларни жойлаштиришда Аброрхоннинг ўзи бош-қош бўлди. Лекин шу ерда қизиқ воқеа содир бўлди. Болалар ундан ажралишни исташмади. Шунда уч нафар фарзанднинг отаси, майор Аҳмадхонов уларга тез-тез хабар олиб туришни, доим улар билан бирга бўлишини айтиб ваъда берди. Одатига кўра, тез-тез муассасада бўлиб, болаларнинг ҳолидан хабар олиб турди. Кунларнинг бирида хаёлига бир фикр келди. Шу болаларни ўзи фарзандликка олса-чи?!

Турмуш ўртоғи ҳам уни қўллаб-қувватлади. Бу таклифни беш нафар бола қувонч билан кутиб олди. Уларнинг ҳам ўз ота-онаси бўлади. Бундан ортиқ бахт борми дунёда. Шу тариқа, «Болалар шаҳарчаси»да тарбияланаётган турли ёшдаги беш нафар бола файзли бир хонадонга ташриф буюришди. Энди улар учун ҳам қайғурадиган, ютуқларидан қувонадиган инсонлар бор. Болаларнинг энг каттаси Абдурасул ўн олти ёшда. Вояга етиб, ҳаётнинг пасту баландини тушунадиган бўлиб қолган.

Ўн йил олдин бахтсиз ҳодиса туфайли оиласидан айрилган, яқин қариндошлари бўлмаганлиги сабабли, меҳрибонлик уйида улғайишига тўғри келган. Энди эса унинг ҳам ўз уйи, меҳрибон инсонлари бор. Биз билан суҳбатда нимагадир келажакда қайси касб эгаси бўлишини очиқламади. Қисқагина қилиб, улғайгач, Аброрхон каби атрофдагилардан меҳрини дариғ тутмайдиган инсон бўлмоқчилигини айтди, холос. Шунинг ўзи ҳам кўп нарсани англатади.

Абдураҳмон Мустафоқулов,
«Postda»
мухбири

Report Page