2020 йилда Ўзбекистонда замонавий суғориш технологиялари жорий этилган майдонлар 250 минг гектарга етказилади

2020 йилда Ўзбекистонда замонавий суғориш технологиялари жорий этилган майдонлар 250 минг гектарга етказилади

@Sirdaryo
Фото: ЎзА

Мамлакатимизда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилган майдонлар ҳажми йил сайин кенгайиб бораяпти. Биринчидан, илғор суғориш технологиялари Ўзбекистон шароитида амалда ўзини тўла оқлаяпти. Иккинчидан, мазкур тизим давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани, субсидия ва имтиёзлар берилаётгани боис, унга қизиқувчилар кўпаймоқда. 

Мисол учун, 2019 йилгача биргина томчилатиб суғориш технологияси республикамиз бўйича 43 минг гектар майдонда қўлланилган бўлса, бу йилнинг ўзида 75 минг гектар майдонда жорий этилди. Шу билан мамлакатимизда барча турдаги сув тежовчи технологиялар жорий этилган жами майдонлар 150 минг гектарга етказилди. 

2019 йилнинг 12 декабрь ҳолатига кўра кластер ташкилотлари ва фермерлардан келгуси йил учун жами 43,8 минг гектарда сув тежовчи суғориш технологияларини, шундан 38,7 минг гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича таклифлар олиниб, тегишли шартномалар расмийлаштирилди. 2020 йилда режага нисбатан қўшимча тарзда 31,2 минг гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиб, бу кўрсаткични 75 минг гектарга етказиш мўлжалланган. 

2020 йил охирига бориб республикамизда сув тежовчи суғориш технологиялари ўрнатилган майдонлар жами 250 минг гектарга (шундан томчилатиб суғориш 125 минг гектар) етказилади. Илғор замонавий суғориш технологиялари жами суғориладиган ерларнинг 5,8 фоизини қамраб олади. 

Шундай суръатларда иш олиб борилганида: 

2021 йилда 350 минг гектар,
2022 йилда 500 минг гектар,
2023 йилда 650 минг гектар,
2024 йилда 800 минг гектарда ана шундай технологиялар ўрнатилиши натижасида 2025 йилга бориб, сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонлар жами 1 миллион гектардан ортади. 

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати 

Report Page