Мамлакатимиз тараққиёти йўлида қилиниши керак бўлган ишлар

Мамлакатимиз тараққиёти йўлида қилиниши керак бўлган ишлар

@Sirdaryo
Фото: uzlidep.uz

Халқимиз фаравон яшаши учун, аҳолининг яшаш даражаси юқори бўлиши учун, мамлакатимизда иқтисод ривожланган бўлиши керак.

Инсон капиталининг самарадорлик даражаси юқори бўлиши керак. Бунинг учун албатта иш ўринларини кўпайтириш, кўп меҳнат турларини автоматлаштириш, интеллектуал меҳнат турларини ривожлантириш керак бўлади.

Ўз навбатида мамлакатда иқтисодий муҳит инвесторларни ўзига жалб қиладиган бўлиши керак. Солиқ сиёсати ҳамма учун бир хил енгил, адолатли, содда, шаффоф ва бюджетни ҳам тўлдирадиган бўлиши керак. Божхона юки енгил, ички бозорни товар моддий бойликларига, активларга тўлдирувчи, юртимизни савдо марказига айланишига хизмат қилувчи, маҳаллий ишлаб чиқарувчини халқаро майдонда рақобатлашишга ундовчи бўлиши керак.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи ривожланиши, халқаро майдонда рақобатбардош бўлиши учун албатта қўллаб қувватланиши керак. Мамлакатимиздаги турли соха йўналишларини қўллаб қувватлашнинг ҳар хил механизмлари мавжуд бўлиб, юқорида айтганимиздек солиқ ва божхона юки ҳамма учун бир хил қулай ва енгил бўладиган бўлса, биз қўллаб қувватлашнинг бошқа механизмларидан фойдаланишимиз керак.

Мисол учун ҳар хил соҳаларни қўллаб қувватловчи уюшмаларни кўпайтириш, субсидия, датация, грантларни кўпайтириш, бизнесларни ташкил қилиб бериш, уларга коммуникацияларни қилиб бериш, тайёр бизнесларни муддатли сотиш, фоизсиз ёки имтиёзли кредитлаш ва ҳар хил қўллаб қувватланиш керак бўлган уюшма аъзоларини имтиёзли молиялаштириш учун махсус жамғармалар ташкил қилиш керак. Фоизсиз ёки имтиёзли кредитлаш учун албатта миллий валютамиз мустаҳкам бўлиши керак, молиявий ресурслар етарли ва арзон бўлиши керак.

Молиявий ресурсларнинг етарли ва арзон бўлиши учун салбий таъсир кўрсатаётган қора иқтисодни, молиявий ресурсларнинг банкдан ташқари айланмасини бартараф қилиш керак ва бунинг учун бази бир механизмларни ишга солиш керак. Аввалоси солиқ ва божхона юкини енгиллатиш керак. Банклар фаолиятини тўлалигича солиқдан озод қилиш керак. Мамлакатимизга хорижий банкларнинг кириб келишига кенг имкониятлар яратиб бериш керак. Ва босқичма босқич тамоман нақд пул муомаласидан воз кечиб, нақдсиз пул тўлов турига ўтиш керак. Импортни қопламайдиган экспорт фарқини ташқи инвестициялар билан қоплаш керак. 

Қуйида солиқ ва божхона тизимини такомиллаштириш ҳақида баҳс юритамиз.

Солиқ ва божхона сиёсатининг асосий мақсадидан бошлайдиган бўлсак, бу бюджетни тўлдириш эканлигини таъкидлаш керак. Лекин эътиборга олиш керакки бюджетни тўлдиришнинг бошқа механизмлари ҳам мавжуд бўлиб, бу табиий ресурслардан ва давлат активларидан самарали фойдаланиш орқали унинг натижасини бюджетга туширишдир. Яна турли хил йиғимлар хам бюджет манбаи бўлиши мумкин. Бизда бу механизмлардан фойдаланиш яхши йўлга қўйилмаган. Лекин баъзи давлатларда, мисол учун Бирлашган араб амирликларида, аниқроғи Дубайда бюджетни тўлдиришнинг асосий воситаси шу механизмлар эди. Шунинг учун бюджетни тўлдириш мақсадида барча усулдан хам самарали фойдаланишимиз керак. 

Солиқ ва божхона тизимларини такомиллаштириш учун аввалом бор бу тизимлар қандай бўлиши кераклиги ҳақида мулоҳаза қилиб олишимиз керак. Юртбошимиз таъкидлаганларидек бу тизимлар бой табиий ресурсларга ва давлат активларига эга бўлган мамлакатда аҳолига малол келмайдиган бўлиши керак. Барча учун бир хил енгил, адолатли, содда ва шаффоф бўлиши керак. Солиқ яширишга, коррупцияга эҳтиёж туғдирмайдиган ва имкон бермайдиган, жавобгарлиги қаттиқ бўлиши керак. Ундан ташқари ички ва ташқи сармоядорларни ўзига жалб қиладиган, активларни четда сақланишига, банкдан ташқари айланмага, яширин иқтисодга ҳожат қолдирмайдиган ва йўл қўймайдиган бўлиши керак. Ва энг асосийси давлат эҳтиежларини қоплайдиган даражада бюджетни тўлдиришга хизмат қилиши керак. Давлат эҳтиёжларини ҳам тўғри шакллантириш керак. Имкон қадар ижтимоий сохада хам хусусий сектор улушини ошириш керак.

Бюджет маблағлари ишлатилишини шаффофлигини таъминлаш керак, жамоат назоратини кучайтириш керак. Бу борада электрон назорат дастурларини кенг қўллаш керак. Нафақат бу борада, балки давлат бошқарув тизимида, ижро тизимида ва бошқа назорат тизимларида ҳам электрон назорат дастурларини кенг қўллаш керак. Яна шуни таъкидлаш керакки солиқ тизими содда, барча учун бир хил ва енгил бўладиган бўлса, турли соҳаларни қўллаб қувватлаш учун солиқдан имтиёзлар беришни бекор қилиш керак. Хатто кичик бизнес вакилларини хамда қўллаб қувватланишга муҳтож бўлган турли соҳаларни қўллаб қувватлаш учун бошка механизмлардан фойдаланиш керак. Ундан ташқари божхона сиёсати ҳақида айтадиган бўлсак, бу тизим юки енгил, маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб қувватлайдиган хамда уларни халқаро майдонда рақобатлашишга ундовчи бўлиши керак, ички бозорни товар моддий бойликларига, активларга тўлдирувчи, юртимизни савдо марказига айланишига хизмат қилувчи бўлиши керак, аҳолимизни четдан сифатли маҳсулот билан таъминлашга хизмат қилиши керак ва четдан кириб келадиган янги яралган қийматдан қўшимча қиймат солиғини ундириши керак, импорт ва экспорт мувозанатини таъминлашга хизмат қилиши керак.

Хозирги мавжуд солиқ ва божхона тизимини таҳлил қиладиган бўлсак, юкорида айтганларимизга жуда кўп тафовутларни кўрамиз.

Масалан қуйидагилар:

Фойда солиғининг 12% бўлиши ҳамда сармоядорлар бир нечта бўлиб, фойдани олиб бошқа эҳтиёжларга сарфлайман деса, 5% девидент солиғи тўлаши ва хусусий корхона ёки фермер хўжаликларининг 5% девидент солиғи тўламаслиги бу адолатсизлик эмасми? Мамлакатда молиявий ресурслар кам ва қиммат бўлган бир даврда мулкдорларнинг бирлашишига салбий таъсир кўрсатмайдими? Ундан ташқари бу ҳолат фойдани яширишга бўлган васвасани кучайтиради ёки бир нечта таъсисчиларнинг номидан расман бир киши фаолият юритишига олиб келади.

Яна адолат меъзонининг бузилишини бу ҳолатда ҳам кузатсак бўлади. Ишчининг даромад солиғи 12% ваҳолангки ишчи ўзининг меҳнат ресурсини сотади ва шу даромадига мувофиқ давлатдан хизмат кўради, лекин тадбиркор мамлакатимизда ишсизлик муаммоси қийнаб турган ҳозирги кунда ишчиларни иш билан таъминлаб, таваккал қилиб, хозирги кунда ноёб бўлган тадбиркорлик маҳоратини, илмини ишга солиб даромад топади ва фойдасидан 12% фойда солиғи ҳамда 5% девидент солиғи тўлайди, ундан ташқари яна ишчиларни иш билан таъминлаган тадбиркор ишчиларга берган маошидан 12% ягона ижтимоий тўловни ҳам тўлайди. Аслида ЯИТ ишчининг ўзининг ҳисобидан шахсий ҳисоб варағига нафақа жамғармаси учун тўланиши керак ва бу соҳани ҳам ислоҳ қилиш керак деб ўйлаймиз.

Қўшилган қиймат солиғи ҳақида ҳам баҳс юритамиз.

Аввалом бор бу солиқнинг асли нима, моҳияти нима деган саволга жавоб берамиз. Бу солиқ давлат чегаралари ҳудудида янги яралган қиймат шаклидаги маҳсулот ва хизматлар истеъмол қилинганда ундириладиган солиқ. Бу солиқ тури тўғридан-тўғри истеъмолчи тўлайдиган солиқ, ички ишлаб чиқарувчини маҳсулот ва хизматларни экспорт қилишга қизиқтирадиган солиқ ва агар тўғри қўлланилса янги яралган қийматнинг қанчаси мамлакатда яралгану қанчаси ташқаридан кириб келганлигини аниқ белгилаб берадиган солиқ туридир.

Бу солиқ турининг ҳар хил бўлиши, масалан фармавцевтика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва бир млрд гача айланма қиладиган кичик корхоналар фаолиятлари учун ва баъзи озиқ-овқат маҳсулот турлари учун унинг бўлмаслиги ва уч млрд ёки беш млрд гача айланма қиладиган корхоналар фаолиятлари учун унинг бир неча турли, яъни 6, 7, 8, 10, 15 фоиз бўлиши ва бошқа корхоналар фаолиятлари учун 20% бўлиши кўп салбий окибатларни келтириб чикаради. Масалан бу ҳолат кўп корхоналарнинг бўлинишига, майдалашишига, хақиқий савдосини яширишига олиб келади, банкдан ташқари айланмани, қора иктисодни авжга чиқишига олиб келади. Жавобгарлик ва назорат қанча кучайтирилса, коррупцион муҳит шунча кучаяди. Хали ханузгача контрабанда йўли билан импорт қилинаётган маҳсулотларнинг кичик бизнес субъектлари томонидан реализация қилинишининг кейин ҳам давом этишига олиб келади. Маҳсулот ва хизматларнинг истеъмолчисигача бўлган янги яралган қиймат занжирининг узулишига олиб келади. Баъзи холларда устма уст қўшилган қиймат солиғи ундирилишига ва маҳсулот таннархининг ошишига олиб келади.

Мисол учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчилари ёқилғи, ҳимикат, ўғитларни ва техника хизматларини қўшилган қиймат солиғи билан харид қилишиб, бу солиқни таннархга олиб боришади. Улардан қишлоқ хўжалик махсулотларини ҚҚС сиз харид қилган йирик савдо корхоналари яна устма уст 20% ҚҚС билан истеъмолчига сотади. Аксинча деҳқон бозорларида бу махсулотларни арзонрок ҚҚС сиз сотилади ва бу ҳолат ўз навбатида ноҳалол рақобатни келтириб чикаради. Ундан ташқари бу солиқ турининг юқори бўлиши истеъмол қилишнинг контрабанда йўлининг кучайиб кетишига олиб келади, назоратнинг кучайтирилиши коррупциянинг кучайишига олиб келади. Сабаби солиқ қанча юқори бўлса, уни яширишга бўлган васваса шунча юқори бўлади ва коррупцион муҳит кучаяди.

Ўтмишда бунинг салбий оқибатларини кўрдик. Мамлакатимизда деярли жиноий жавобгар бўлмаган шахс қолмади. Аксинча агар солиқ кам ва ундан қочишликда манфаат кам бўлса ва жазо қаттиқ бўлса, коррупцион муҳит ҳам озаяди. Шунинг учун 12% жисмоний шахсларнинг даромад солиғи, 12% ягона ижтимоий тўлов, 12% фойда солиғи, 5% девидент солиғи ва 20% қўшилган қиймат солиқларининг ставкаларини қайта кўриб чиқиш камайтириш керак деб ўйлаймиз. Сармоядорлар учун бу солиқ тизимида жозибадорлик етишмайди. Ундан ташқари мулк солиғи хақида гапирадиган бўлсак, бу солиқ юки енгил бўлса ҳам бу солиқнинг борлигининг ўзи мамлакатимизга сармоядорларни жалб қилишга салбий таъсир кўрсатади. Кўчмас мулк қанча кўп қурилиб сотилса, шунча кўп ҚҚС, фойда солиғи, жисмоний шахслардан даромад солиги ва ягона ижтимоий тўлов ундирилади, ички ва ташки сармоядорларнинг буш маблағлари жалб қилинади.

Оддий қилиб айтганда кўчмас мулк экспорти амалга оширилади, ҳозирги кунда бу Дубайда ва Туркияда кенг қўлланилаётган усулдир ва сир эмас жуда кўп хамюрт сармоядорларимиз сармояларини бегона юртларга тикишмоқда. Буни олдини олишнинг йўли эса фақат ва фақат жозибали солиқ сиёсати ва сиёсий баркарорликдир. Мулк солиғини бекор қилиб, ер солиғини такомиллаштирилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Сабаби ер солиғи орқали  экин майдонларидан хам бино ва иншоатларнинг ерларидан хам унумли фойдаланишни назорат қилса бўлади. Ундан ташқари якка тартибдаги тадбиркорларнинг савдо фаолияти билан шуғулланиб қатъий белгиланган солиқ тўлашларининг хам салбий оқибатлари мавжуд бўлиб, булар ҚҚС занжирининг узулишига, контрабанда маҳсулотларини сотишга ва хақиқий савдони яширишга ва қолаверса коррупцияга қулай шароитнинг яралишига олиб келади. Шунинг учун якка тартибдаги тадбиркорлар факат якка хизмат турлари билан шуғулланиб, қатъий белгиланган солиқ тўласалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Масалан этикдўзлар, дуродгорлар, сартарошлар, партнойлар, хунармандлар ва ҳакозолар. Божхона тизимидаги муаммолар ҳақида хам баҳс юритадиган бўлсак, бу тизим солиқ тизими билан чамбар час боғлиқ бўлиб, унда хам ҳудди шу муаммолар мавжуддир. Яъни бож юки қанча юқори бўлса, уни яширишга бўлган васваса шунча кучли бўлаверади ва бюджетга керакли тушумни таъминлаб бўлмайди, коррупция кучаяди, халкимиз ичида иқтисодий жиноятчи кўпаяди. Ўз навбатида маҳсулотларни контрабанда йўли билан олиб кириш ва сотишнинг турли ноқонуний механизмлари шаклланиб кучайиб боради ва бу ҳолат солиқ тизимини хам бузилишига олиб келади.

Қўшни давлатларда бизга нисбатан солиқ ва бож юки енгил бўлганлиги сабабли маҳсулотларнинг қўшилган қиймати ва солиқ тўловлари уларда қолган холда контрабанда йўли билан мамлакатимизга кириб келишини олдини олиб бўлмаяпти. Охирги пайтларда мамлакатимиз аҳолиси тўлиғича қўшни давлатлардан истеъмол қилишга ўтиб кетганлиги бежиз эмас. Ўз ўзидан ҳаққоний савол туғилади, нима учун мамлакатимиз аҳолиси қўшни давлатлар аҳолисидан кўра маҳсулотларни қимматроқ истеъмол қилиши керак? Мамлакатимиз вақтида Ўрта Осиёда савдо маркази бўлган, нима учун эндиликда акси бўлиши керак. Ва ҳолангки агар мамлакатимиз савдо марказига айланса, бу ҳолат бизнес туризмни ривожлантиради, қўшимча сармояларни жалб қилади, бозорини топа олмаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчига маркетингни йўлга қўйиб олишида жуда қўл келади. Яна маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб қувватлаш мақсадида бож юкини кўтаришлик ҳам нотўғри бўлиб, бунинг салбий оқибатлари маҳаллий ишлаб чиқарувчини халқаро майдонда рақобатлашишга чорламайди, жаҳон бозоридан кўра ички бозор қизиқарлироқ бўлади ва оқибатда ишлаб чиқарилган маҳсулот нархининг жаҳон бозоридан анча қиммат ва сифати паст бўлишига олиб келади. Яна бир масала, озик овкат хавфсизлигини таминлаш мақсадида бож ёки солиқ тизимидан фойдаланиш тўғри туйилгани билан бунинг хам салбий оқибатлари мавжуд. Масалан аҳолининг кам таминланган қатламини ўйлаган ҳолда баъзи маҳсулотларни ички бозорда арзонлатиш мақсадида экспорт қилишни тўхтатиб қўйиш шу махсулотни ишлаб чиқаришга алоқаси бўлган барчанинг манфаатларига салбий таъсир кўрсатади. Маҳсулот ишлаб чиқарувчилар касодга учрайди, ишчиларига хақ тўлолмайди ва давлатга солиқ тўлолмайди. Ва кейинчалик бу соханинг ривожланиши тўхтайди. Аксинча озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш максадида бунинг бошқа механизмларидан фойдаланиш керак. Масалан махсус омборхоналарни куришни куллаб кувватлаш керак, мамлакат ахолисининг эхтиежидан ва ер майдонларининг имкониятларидан келиб чикиб махсулотларни ишлаб чикаришни ва етиштиришни режали йулга куйиш, ички имкониятдан ташкариларини импорт килишни молиявий куллаб кувватлаш ва хокозолар. Эркин бозор иктисодиети шароити хукм сурса, жахон бозоридаги нархлар хукмрон булади ва махаллий ишлаб чикарувчи ва уларнинг ишчи-ходимларининг манфаатдорлиги яхши булади. Тамоил ахолининг кам таъминланган катламини уйлаб озик овкат махсулотларининг нархини тушириш эмас, балки ахолининг сотиб олишлик кобилиятини ошириш булиши керак.

Энди бизнинг фикримизча солиқ, божхона ва банк тизимини такомиллаштириш учун қуйидагилар амалга оширилиши керак:

Барча тадбиркорлик субъектлари умумбелгиланган солиқ тўловчилари бўлиши керак, фақат якка хизмат тури билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқ тўловчилари бўлиши керак. Хизматлар экспортидан топилган даромад солиққа тортилмаслиги керак. Банклар ва молиявий ташкилотлар фаолияти солиққа тортилмаслиги керак. Хайрия жамғармалари ва уюшмалар фаолияти солиққа тортилмаслиги керак. Мамлакат худудидан ташқарида топилган даромад солиққа тортилмаслиги керак. Жисмоний шахсларнинг дорамад солиғи 10% ва ҳар ой ҳисобот топширилиши керак. Ягона ижтимой тўлов 10% ва шаҳсий ҳисоб варақга жамғарилиши керак ва ҳар ой хисобот топширилиши керак.

Қўшилган қиймат солиғи 10% ва ҳамма соҳага қўлланилиши керак ва хар ой ҳисобот топширилиши керак. ҚҚС хисобланган кучмас мулк жисмоний шахсга сотилганда ҚҚС акс эттирилган ҳолда хужжат расмийлаштирилиши керак ва жисмоний шахсдан юридик шахс сотиб олганда бу ҚҚС хисобга олиниши керак.

Фойда солиғи 10% ва сохаларга караб хисобот топширилиши керак.

Ер солиғи уч хил шаклда хисобланиши керак ва турига караб хисобот топширилиши керак.

 1) экин майдонлари баллинитетига қараб

 2) томорка ерлари фойдаланиляпганлигига қараб

 3) бино ва иншоатлар эгаллаган ерлар марказга якинлигига қараб

Булардан ташқари сувдан фойдаланганлик солиғи, автомобил ёқилғиси солиғи, табиий ресурслар солиғи, акциз солиғи махсулот турига қараб ва қатъий белгиланган солиқ. тўлов тури хизмат турига қараб хам бўлиши керак.

Импорт бўлган махсулот ва хизматлардан факат 10% ҚҚС ва божхона йиғими олиниши керак, қўллаб қувватланиши керак бўлган соҳаларнинг уюшмаларига аъзо бўлган корхоналарга ишлаб чиқариш ускуналари, хом ашё ва шу кабилар корхонанинг шахсий эҳтиежи учун импорт қилинганда ҚҚС тўловидан озод этилади, агар ички бозорга сотилса ҚҚС хисобланиб сотилиши керак.

Экспорт бўлган маҳсулот ва хизматлар ставка ҚҚС билан амалга оширилиши керак ва фукароларнинг давлат худудидан олиб чикиб кетаётган махсулотларининг ҚҚС суммаси кайтариб берилиши керак.

Онлайн электрон счет фактуралар юритилиши керак ва чакана савдодаги махсулотларнинг руйхатлари хам кунлик берилиб борилиши керак ва онлайн касса назорат аппарати урнатилиши керак.

Мулк солиғидан тулик воз кечилиш керак, унинг урнига ер солиғини такомиллаштириш керак.

Банк тизимида боскичма боскич накд пул муомаласидан воз кечилиб, накдсиз пул муомаласига ўтиш керак.

Миллий валютамиз мустаҳкамлигини давлат ўз кафолатига олиши керак.

Импортни қопламайдиган экспорт фарқини дастурли инвестициялар билан қоплаш керак.
Экспортни қопламайдиган импорт фарқини пул эмиссияси билан қоплаш керак.

Қўллаб қувватланиши керак бўлган турли соха уюшмаларининг аъзоларини имтиёзли молиялаштириш учун жамғармаларни экспорт ва дастурли инвестицияларга қарши пул эмиссияси билан шакллантириш керак.

Агар солиқ ва божхона тизими бу шаклда ислоҳ қилинса, ўз-ўзидан бюджетга тушумни таъминлаш қандай бўлади деган савол туғулади. Ва бу саволга қуйидагича жавоб берамиз.

Мехнатга лаёқатли 17 млн аҳолининг 12 млни хар ой ўртача 2 млн дан хақ олса ва ундан 10 фоизини дорамад солиғи сифатида бюджетга тўласа, бу бир йилда 28,8 трлн бўлади.

Ундан ташқари ягона ижтимоий тўловни ҳам худди шунча 28,8 трлн тўлайди. Ундан ташқари четга сотилаётган мехнат ресурсларимизни ўзимизга жалб қилиб, қўшилган қиймат билан бирга экспорт қилишни бошласак солиқ тушуми янада кўпаяди.

ҚҚС ҳамма фаолият турларига бир хил ва енгил қўлланилади ва соддалашади, оқибатда мамлакат ичкарисида яралган ва ташқаридан келган янги қийматдан тўлиғича ҚҚС ундирилади. Бунда 33 млн аҳолининг бир ойлик ўртача истеъмоли 66 трлн бўлса, бир йиллик бюджетга тушадиган ҚҚС 79,2 трлн бўлади.

Ундан ташқари фойда солиғи, акциз солиғи, ер солиғи, табиий ресурслардан

фойдаланганлик учун солиқ, сув солиғи ва бошқа тушумларни хисобга оладиган

бўлсак молия вазирлигини маълумотига кўра 46 трлн тушум таъминланади. 

Шунда жами тахминан бюджетга 183 трлн тушум таъминланиши кутилади.

Улуғбек Сотиболдиев,
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либерал демократик партияси Сирдарё вилояти Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Сирдарё вилояти депутати, Олий мажлис Сенатининг аъзоси, "Бек кластер" МЧЖ ҚК раҳбари

Report Page