ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА

ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА

@Sirdaryo
Фото: Google Images

Сирдарё туманининг Бахт шаҳридаги Хазина маҳалласи аҳли тез-тез чироқ ўчишидан безор эди. Учинчи секторда фаолият кўрсатаётган ишчи гуруҳ аҳволни ўрганиб, янги трансформатор ўрнатилишига ёрдам берди.


Шунинг­дек, тумандаги Аҳиллик ва Ишонч маҳаллаларида ҳам электр таъминоти ёмонлашиб қолганди. Фуқаролар бу ҳақда сайёр қабулда мурожаат этишди. Аҳолининг мурожаати эътиборсиз қолмади: ҳар иккала маҳаллага ҳам янги трансформатор ўрнатиб берилди.

Ширин маҳалласи аҳолиси учун тоза ичимлик суви муаммо бўлиб, аҳоли бошқа ҳудуддан ташиб келтириб истеъмол қилишга мажбур эди. Маҳаллани сув билан таъминлайдиган 1,6 километрлик қувурлар янгиланиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Шу билан бирга, Интилиш маҳалласига 220 метр янги полиэтилен қувурлар ўрнатилгач, ичимлик суви муаммоси барҳам топди.

Оқолтин тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро С. Алишернинг кўзи хиралашиб, тез-тез оғриб азоб берарди. Шифокорлар жарроҳлик усулида даволаш зарур, деган хулосага келишди. Аммо Алишернинг топгани рўзғордан ортмайди. Маҳалла фаолларининг маслаҳати билан у 3-сектор ишчи гуруҳига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Сектор раҳбари ҳомий топиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилишига кўмаклашди. Яна шу маҳаллада яшовчи Н. Аслиддинга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун Халқ банкидан 8,5 миллион сўм кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Бўстон маҳалласидаги Боғи Эрам ва Ҳуррият кўчалари тўлиқ асфальт қилинди.

Бундай хайрли ишларни яна кўплаб санаб ўтиш мумкин. Ҳар бир хайрли иш 3-сектор раҳбарининг, ишчи гуруҳнинг саъй-ҳаракати билан амалга ошаётганини фуқаролар ҳис этишяпти. Бу вилоят ИИБга келаётган миннатдорлик хатларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Сектор раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудлардаги ишчи гуруҳга бош бўлиб, уйма-уй юриб, аҳоли билан доимий учрашувлар ўтказиб, мавжуд муаммоларни ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш юзасидан профилактик ишларни ҳам амалга оширмоқда.

– Фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаат этишяпти, – деди Сирдарё тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Жаҳонгир Ҳайдаров. – Уларнинг ҳар бири ўрганилиб, ижобий ҳал этилишининг чоралари кўриляпти. Одамлар умид билан келишаётган экан, уларнинг оғирини енгил қилсак, бизга, ички ишлар органларига, қолаверса, давлат идораларига бўлган ишонч ортади. Шунинг учун ҳам ҳар бир мурожаат эътиборимизда.

Йил давомида вилоят бўйича 3-секторларда фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти қаноатлантирилиб, кўплаб муаммолар ижобий ҳал этилди. Жумладан, кўплаб хонадонлар баллонли газ ва газ плиталари билан таъминланди, бир қатор маҳаллаларга тоза сув келтирилди, қишлоқлардаги йўллар асфальтланди, таъмирланди, тош тўкилди, беморларга дори-дармон олиш учун моддий ёрдам берилди, ногиронлар ногиронлик аравачаси билан таъминланди.

Бундан ташқари, тадбиркорликка қўл уриб, банкдан кредит олиш учун ҳаракат қилаётганларнинг оғири енгил қилиняпти. Томорқасида лимон, сабзавот маҳсулотлари етиштиришга бел боғлаган миришкорларга иссиқхона қуриш учун кўмак бериляпти. Мактаблар, болалар боғчалари ва бошқа ижтимоий объектлар бинолари таъмирдан чиқариляпти.

Зоҳид ФАЙЗУЛЛАЕВ,
вилоят ИИБ Ташкилий бошқарма бошлиғи ўринбосари, майор.

Report Page