ОЛҚИШ ОЛГАН ОМОНДИР (Ибратли ҳикоя)

ОЛҚИШ ОЛГАН ОМОНДИР (Ибратли ҳикоя)

@Sirdaryo
Фото: SirdaryoMuslim.uz

Фарзанд ҳамиша ота-она хизматига шай туриши лозим. Чунки улар боласининг хизматини қойиллатиб қилишган. Шунингдек, улар фарзанд камоли ва униб-ўсиши умидида, унинг ҳар хил қилиғу озорларини кўтаришган. Фарзанд эса, гарчи улар озорига сабр қилса ҳам, бу уларнинг ўлимигача давом этади, холос. Қай бирининг ҳақи-хизмати улуғ эканига ўзингиз баҳо беринг.

Халқимизнинг тўй-маъракаларидаги суҳбатларда баъзи ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги номуносиб ҳолатлардаги воқеаларни эшитиб қоламиз. Шундай пайтларда одамларга, ёшларга, ёш ота-оналарга Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хадисларини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. У зоти бобаракот ўзларининг муборак хадиси шарифларида шундай дейдилар: “Парвардигор розилиги отанингрозилигидадир. Парвардигор норозилиги отанинг норозилигидадир (Ота рози — Худо рози, ота норози – Худо норози)”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Аллоҳ таоло айтади: “Роббингиз, Унинг ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга(доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва(дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро сураси 23-24-оятлар).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга катта гуноҳнинг энг каттаси ҳақида хабар берайми? (Улар) Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш”,дедилар (Муттафақун алайҳ). Ота-онага ёмон муносабатда бўлиш, уларга яхшилик қилмасликни ширкдек энг улкан гуноҳ билан ёнма-ён зикр қилинганига ҳам эътибор беринг-а!

 Мен болалик чоғимда отам билан кўп суҳбатлашардим. Суҳбат асносида отамга: “Нега тишларингиз йўқ?”, “Нега юзларингизда, қўлларингизда тириш кўп?”, “Нега қариб кетгансиз?” каби болаларча саволлар берардим. Отам ҳам ўз навбатида менга ўз тилимда тушунтирар эдилар.

Улғайганим сари, инсонлар ҳаётидаги воқеа-ҳодисаларни кузатганим сари отамдан эшитганларим эсимга тушади. Отам билан бўлган суҳбатлардан бирини сиз азизларимга ҳам илиндим.

Отам раҳматли 95 ёшдан ортиқ яшадилар. 1990 йилда дунёдан ўтдилар (охиратлари обод бўлсин). Қуръонни ёддан билардилар. Оятлар тафсири, ҳадиси шарифлар, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари, сийратлари ҳақида сўзлаб ўтирардилар.

Отажоним: “Фарзандларингни дуо қилинглар, олқиш олган омондир. Менинг умримнинг узоқлиги онамнинг дуоси туфайли, ризқимнинг бутунлиги отамнинг дуоси туфайлидир”, дер эдилар.

1905-1906-йиллар эди. 6-7 ёшлар чамаси бола эдим,- деб ҳикоя қиларди отажоним,- далага қўй боққани борардим. Отам бетобланиб қолди. У пайтлар буғдой ун отлиққа йўқ эди, биз-ку яёв эдик…(хўрсинардилар).

Бир куни даладан қўй боқиб келсам, онам буғдой ундан пиширилган бешбармоқ (туппа)ни отамга едирмоқчи бўлиб турган экан. Очиққан эдим, салом бериб кирдиму, овқатни кўриб суюниб кетдим. Сўраб ҳам ўтирмай, апил-тапил овқатдан ея бошладим. Онам жон ҳолатда “Болажоним, отангиз учун бир сиқим буғдой унни зўрға топиб келувдим, у киши бетоб-ку, туз тотмаяпти-ку”,-деб мени койидилар. Шунда отам заифгина овозда: “Майли-майли онаси, раъйини қайтарманг, мен бироз едим, етади”,-дедилар ва менга юзланиб, ўша овозда “Илоҳо, ризқингиз ортиқ бўлсин, камлик кўрманг, тупроқ ушласангиз — олтин бўлсин”,-дедилар.

Мен эсимни таниб, ўша воқеанинг моҳиятини тушунганимда отам оламдан ўтган эдилар. Вақти келиб, уйланиб, бола-чақали бўлдим. Қаерда ишласам ҳалол топдим. Деҳқончилик қилсам ҳам, чорвачилик қилсам ҳам тупроқ ушласам олтин бўлди, деб ота дуосини эслардилар отажоним.

Оилада қайнона-келин мажороси бўлиб туради. Бу мажоро мени ҳам четлаб ўтмаган. 1947 йилда қишлоқдан 10-15 километрлар чамаси узоқда ишлардим. У пайтлар улов йўқ. Уйга 2-3 кунда келиб хабар олардим. Кекса онам тўшакка михланиб ётиб қолди. Ҳар сафар келсам, аввал онамни олдига кириб ҳол сўраб, оёқ-қўлларини уқалаб қўярдим. Онам кўзда ёш билан “Умрингиздан барака топинг, жон болам кўп яшанг, пиру бадавлат бўлинг”, деб узоқ дуо қилардилар.

Онамнинг вафотидан кейин хотиним ҳам узоқ яшамади. Кейин сизнинг онангизга уйландим. Онамнинг дуоси ижобатини кўриб турибсиз.

Мана 9 нафар фарзандларимнинг барчаси олий маълумотли мутахассис, эл корига ярайдиган, имонли, эътиқодли эканидан хурсандман. 30 дан ошиқ невара, 40 дан ортиқ чеваралар. Аллоҳга ҳамду-сано, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга дуруд-у саловатлар бўлсин, деб шукрона айтардилар отажоним.

Азиз фарзандлар! Ота-онангиз тирик бўлса, уларнинг хизматини қилиб, дуоларини олинг, кам бўлмайсиз. “Олтин олма, дуо ол”, дейди доно халқимиз.

Азиз ота-оналар! Фарзандларингизни дуо қилинг. Зеро, “Дуо билан эл кўкарар”.

Раҳима ИСКАНДАРОВА

ЎМИ Сирдарё вилояти вакилининг
Хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Report Page