Стивен Хокинг

Стивен Хокинг

Камолиддин Раббимов

Давримизнинг энг катта олимларидан бири Стивен Ҳокинг вафот этди. Унинг вафотига баъзи олимларимиз, диний фаолларимиз ва сайтларнинг муносабати мени жуда ҳайратлантирди. Сабаби, Стивен Ҳокингни атеистлиги – асосий қараш нуқтаси эди. Ҳокингни атеист сифатида кўрилиши ва салбий баҳоланишида, вазиятни нотўғри тушуниш билан боғлиқ жиддий хатолар бор.

1. Стивен Ҳокинг – еврохристиан маданиятига мансуб жамиятдан етишиб чиққан олим эди. Маълумки, еврохристиан оламида атеистлар ниҳоятда кўп. Нега деган савол пайдо бўлади. Бунинг фундаментал сабаблари мавжуд. Маълумки, Исо алайҳиссалом тахминан 33 ёшларида ердан кўтарилган эди. Унинг фаол пайғамбарлик ваколати, миссияси жуда қисқа давом этди – бор-йўғи тахминан 4-6 йил. Исо алайҳиссалом ердан кўтарилганда ундан жуда заиф ақидалар/ғоялар тизими, бир неча юз кишидан иборат жамоа қолди. Лекин, христиан дини тарафдорлари шу заиф ғоялар тизими ва жамоа билан, дунёни жуда катта халқлари ва ҳудудларига кириб борди. Христиан дини доирасида Аллоҳ томонидан кучли тизим шакллантириш назарда тутилмаган эди. Ислом дини 23 йил давомида, иккита катта мегаполисда – Макка ва Ясриб/Мадинада, иккита катта империя – Рим ва Эрон империялари қаршисида шаклланди. Пайғамбаримиз САВ вафоти даврида ислом дини жуда кучли дунёқараш тизими сифатида шаклланган эди, юз минглаб тарафдорлар бор эди, Макка ва Мадина, қолаверса, катта ҳудудлар исломни қабул қилган эди. Айтмоқчи бўлганим, Стивен Ҳокингни атеистилини танқид қилиш ўринсизки, бу бутун бошли еврохристиан маданиятига, жамиятларига жуда хос бўлган холат. Ғарб цивилизациядаги одамларни, олимларни ислом ва мусулмонлар мезони билан ўлчаш, баҳолаш – катта хато. Чунки улар ислом дини доирасидаги ғоялар, ақидалардан бехабар. Агар у мусулмон бўлиб, ислом билан яхши таниш бўлиб, кейин атеист бўлганида эди – унда танқид ўринлироқ бўларди. Аксинча, глобаллашган дунёда айнан мусулмонлар ҳикмат билан бошқалардан ўрганишлари ва айни пайтда бошқаларга ислом нурини етказишлари лозим бўлади. Глобаллашган дунёда айнан мусулмонлар инсониятга ислом нурини чиройлик тушунтириб беришлари лозим бўлади, ва айнан шу вазифа учун ҳам охиратда сўраладилар.

2. Стивен Ҳокинг ёшлигидан то ўлгунига қадар жуда кам учрайдиган касаллик билан оғриди. У касалликнинг номи – БАС (рус тилида - Боковой амиотрофический склерз) ёки «Шарко касаллиги» деб номланади. Бу ниҳоятда ноёб касаллик бўлиб, унда инсонни ҳаракатга келтирувчи нерв тизими ўлиб бошлайди. Мени отам (Аллоҳ рахмат қилсин) айнан шу касаллик орқали 2015 йил май ойида вафот этди. Бу касаллик билан тўқнашмаган одам, бу касалликнинг ва у билан оғриган одамнинг азобларини мутлақ тасаввур қила олмайди. Бошида одамни қўли ёки оёғи ҳаракатдан қолади, кейин баданнинг бошқа қисмлари ишламай бошлайди. Охири ўпка ҳам нафас олишга кучи етмай, инсон ўлади. Ҳалигача дунё медицинаси бу касалликни аниқ сабабларини билмайди, давоси мавжуд эмас. Ҳаттоки, бу касалликни секинлатиш ҳам имконсиз. Бундай касал одамга қараш учун эртаю-кеч камида 1-2 одам доимий банд бўлиши керак. Одатда шарко касаллиги билан оғриган одам 2 йилдан узоғи билан 15-20 йил умр кўради. Чунки нервларни ўлиш жараёни ҳаммада ҳар хил кечади. Лекин Стивен Ҳокингни кўп яшашига сабаб – уни органларини ишлаб туриши учун мислсиз уринишлар ва технологик янгиликлар сабаб бўлди. Ишончим комилки, Стивен Ҳокинг бу дунёда фақат азоб билан яшаб ўтди. Чунки овқат ейишдан тортиб, фикрини бошқаларга етказиш учун киприклари орқали компютердаги ҳарфларни битталаб териши – мислсиз азоб-уқубат эканлигини мутлақ аксарият тасаввур ҳам қила олмайди.

3. Ғарб дунёсида жуда катта холис олимлар кўпки, уларни аксарияти – скептиклар, атеистлар. Жумладан, Стивен Ҳокинг, ёки алоҳида ҳурматга лойиқ Ноам Хомски ва бошқалар. Бу одамлар дунёда Худога қарши кампанияни бошида туришмайди. Уларни Худога ишонтириш учун христиан динининг заряди, қуввати етмайди, уларни юксак онгини, ақлини христиан дини қаноатлантира олмайди. Улар шунинг учун атеист.

Аллоҳ ҳикматли зот, у ўзи ҳоҳлаган одамига илм беради, азоб-уқубатлар орқали имтиҳон қилади. Агар ҳоҳласа, ўзи ҳоҳлаган одамини кечиради ва охиратда ўзи ҳоҳлаган даражада марҳамат кўрсатади. Мусулмонларни вазифаси эса – ҳар бир ҳолатни холислик ва ҳикмат билан баҳолаш, инсониятга ислом нурини етказиш ва тараққиётда инсониятнинг пешқадами бўлишдир.


Report Page