Рақамлаштириш нафақат одамлар турмуш тарзи, балки тафаккурини ҳам ўзгартиради

Рақамлаштириш нафақат одамлар турмуш тарзи, балки тафаккурини ҳам ўзгартиради

@sardobatumani_uz
Иллюстратив фото

Ўзбекистон ўз олдига кучли демократик, илғор ривожланган давлатлар сафидан мустаҳкам ўрин эгаллашни мақсад қилган. Дунёнинг ривожланган 50 мамлакати қаторига кириш — бош вазифа. Бу борадаги ислоҳотлар эса халқимизга муносиб шароит яратиб бериш мақсадида амалга ошириляпти. Эътибор бераётган бўлсангиз, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг шахдам одимлари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Хусусан, нуфузли “The Economist” журнали дунёнинг икки юзга яқин давлатлари орасидан Ўзбекистонни «Йил мамлакати», деб топгани фикримиз тасдиғидир. Яъни ушбу нашр Ўзбекистонни 2019 йили дунёда энг кўп яхши тарафга ўзгарган мамлакат, деб топди. Эътиборлиси, янгилик Ўзбекистонгача Марказий Осиёнинг бирор бир давлати бундай эътирофга лойиқ кўрилмагани билан ҳам ўзига хос аҳамият касб этади. Ваҳоланки, республикамиз яқин-яқингача, аксарият таҳлилчилар томонидан жаҳоннинг «энг ёпиқ» давлатларидан бири сифатида қиёс бериб келинарди. Очиғини айтганда, мамлакатимиз ҳақидаги бундай некбин мужда халқаро миқёсда катта акс садо берди. Бу, албатта, юртимизда қисқа вақт давомида оқилона йўлга қўйилган ички ва ташқи сиёсатнинг амалий ифодасидир, десак, айни ҳақиқат.

Минтақада энг кўп аҳолига эга мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш, четдан кўпроқ сармоя жалб этиш саъй-ҳаракатлари узлуксиз олиб бориляпти. Бу каби ўзгариш ва янгиланишлар, асрларки, иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистонда камбағаллик ва ишсизликка қарши курашиш асносида рўй бераётгани билан ҳам долзарбдир. Ўн йиллар давомида тирикчилиги ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтаётган миллионлаб фуқароларини ишли қилиш — мамлакатнинг ўзида янги бандлик манбаларини яратишга қоғозда эмас, амалда эътибор қаратилмоқда.

Давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2020 йилнинг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб эълон қилиниши ҳамда шу бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилгани ҳам юқоридаги устувор йўналишлар рўёбида салмоқли роль ўйнамоқда. Чунончи, келаси беш йил ичида рақамли иқтисодиётга ўтиш вазифаси қатъий мақсад сифатида белгилаб қўйилгани нафақат халқаро экспертлар ҳамжамияти томонидан қизғин кутиб олинди, балки бугунги пандемия даврида ҳам ниҳоятда рационал қарор бўлганини кўрсатмоқда. Шундай экан, яқин йилларда бизнес юритиш муҳити бўйича дунёнинг энг олд эллик давлати сафига кирсак, ажабмас.

Камбағалликни камайтиришга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилиши, ҳали-ҳануз энг оғриқли нуқталардан бири бўлган коррупцияга қарши курашувчи махсус идора ташкил этилиши ҳам бу борада алоҳида аҳамиятга эга. Чунки айнан коррупция Ўзбекистон иқтисодиётини тараққий топтириш, мамлакатга йирик миқдордаги чет эл сармояларини жалб қилиш ва уларни ҳаракатга солиш йўлидаги энг асосий тўсиқлардан бири сифатида кўрилади. У туфайли чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида юртимиздаги бизнес юритиш муҳити издан чиқиб кетганди. Шу боис ўтган қисқа даврда мавжуд вазиятни ўзгартириш ҳаракатлари том маънода кучайтирилди. Кўпчиликка яхши маълум, тилга олинаётган иллатларга қарши курашда, унга барҳам беришда рақамлаштириш зарурияти янада ошади. Бу, ўз навбатида, жуда кўп ресурсларни талаб қилади. Шундай экан, ҳозирдан рақамли иқтисодиётга ўтиш муҳим вазифага айланди.

Рақамли иқтисодиётнинг ўзи нима?

Рақамли иқтисодиёт янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделлари яратиш ҳамда уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчиришдир. Рақамли иқтисодиёт — иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларнинг рақамли технологияларини қўллаш асосида амалга ошириш мумкин бўлган тизимдир. Дастлаб бу иборани америкалик дастурчи Николас Негропонте 1995 йилда киритган бўлсада, у бугунги кунда барча соҳада кенг қўлланилмоқда. Рақамли иқтисодиёт инсонларсиз бошқарув тизимини йўлга қўйиш орқали коррупцияни камайтиради, солиқ тушумларини «ақлли» шартномалар тузиш орқали кўпайтиради, бюджет харажатларининг очиқлигини оширади, ягона электрон платформа орқали давлат хизматларини кўрсатиш имкониятини беради. Ҳозирги кунда бу истилоҳни бутун дунёдаги сиёсатчилар, иқтисодчилар, журналистлар, тадбиркорлар — деярли барча қўлламоқда. 2016 йилда Жаҳон банки дунёдаги рақамли иқтисодиётнинг аҳволи ҳақида илк марта «Рақамли дивидендлар» номли маъруза эълон қилди.

Рақамли иқтисодиётнинг янги концепцияси инсон фаолияти доирасидаги барча информацияни рақамлаштириш технологияларини қўллаб сақлаш, ишлов бериш ва узатишнинг ягона тизимидир. Иқтисодиётни рақамлаштириш орқали ижодий ёндашиб янги иқтисодиётни барпо этиш имконияти туғилади. Иқтисодиётни рақамлаштириш келажакда реал рақобатбардошликни узоқ муддатга сақлаб қолиш имкониятидир. Айниқса, қуруқлик билан ўралган ва жаҳон портларига чиқиш йўли узоқ бўлган Ўзбекистондек давлат учун бу муҳим масала.

Рақамли иқтисодиёт электорал маданиятнинг юксалиши ҳамдир. У тараққий этса, биз ана шу ақлий қолоқликдан қутуламиз. Ақлий қолоқликдан қутулиш орқали вақтдан, оғир ёки ортиқча меҳнатдан халос бўламиз, сифат кўрсаткичига эга чиқамиз, илғор давлатлар ва халқларга яқинлашамиз, жумладан, камбағаллик ҳам камаяди.Ақлни ўстиришнинг энг асосий йўли эса таълим тизимини юксалтиришдир. Хуллас, бундай ислоҳотлар кимга ёқмайди, дейсиз? ! Барчага манзур нарсага эга бўлиш учун ҳамма интилиши керак.

Шундай экан, давлат раҳбари томонидан жорий йилга «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб ном берилиши ҳам бежиз эмас. Рақамли иқтисодиётга ўтиш келгуси беш йилдаги энг устувор мақсадимиз бўлиши ҳақидаги таъкид эса бевосита илм-маърифатни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ. Бинобарин, бугунги тезкор замонда жаҳон бўйлаб глобаллашув жараёнлари тобора чуқурлашиб бораётган шароитда рақамли иқтисодиёт илғор давлатлар иқтисодиётининг барча тармоғида кенг жорий этилмоқда. Ҳаттоки, айрим мамлакатлар ушбу соҳанинг энг юқори чўққиси ҳисобланган сунъий интеллектдан фаол фойдаланишга ўтганига гувоҳ бўляпмиз.

Нуфузли халқаро ташкилотлар олиб борган таҳлиллар натижаларига кўра, рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга ўстириш, шунинг баробарида, хуфиёна иқтисодиётга барҳам бериш ҳамда коррупцияни кескин камайтириш имконини берар экан. Кўриниб турибдики, мазкур соҳа юртимизда барча соҳа ва тармоқнинг юксак ривожига жиддий туртки бўлади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, рақамли иқтисодиёт коррупция ва «яширин иқтисодиёт»нинг асосий кушандасидир.

Чунки рақамлар ҳамма нарсани муҳрлайди, хотирада сақлайди, керак пайтда маълумотларни тез тақдим этади. Бундай шароитда бирон маълумотни яшириш, яширин битимлар тузиш, у ёки бу фаолият ҳақида тўлиқ ахборот бермасликнинг иложи йўқ, компьютер ҳаммасини намоён қилиб қўяди.

Маълумотлар кўплиги ва тизимлилиги ёлғон ҳамда қинғир ишларга йўл бермайди, чунки тизимни алдаш имконсиз. Натижада, иборали айтганда, пулларни «ювиш», маблағларни ўғирлаш, самарасиз ва мақсадсиз сарфлаш, ошириб ё яшириб кўрсатиш имкони қолмайди. Бу эса иқтисодиётга легал маблағлар оқимини оширади, солиқлар ўз вақтида ҳамда тўғри тўланади, бюджет тақсимоти очиқ бўлади, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар ўғирланмайди, мактаблар, шифохоналар, йўлларга ажратилган пуллар тўлиқ етиб боради ва ҳоказо.

Давлатнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлини танлаганлиги ахборот технологиялари соҳасида ва умуман, электрон ҳужжатлар айланмасида янги йўналишлар очиб беради.

Рақамли технологиялар томон бурилишга эса бутун жаҳон интернет тармоғи ҳамда сифатли алоқанинг ривожланиши сабабчи бўлгани айни ҳақиқат.

Соҳа қандай ривожланмоқда?

Бугунги кунда одамлар озиқ-овқат маҳсулотларига буюртма бериш учун ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, айниқса, Телеграм ботларидан фаол фойдаланмоқда. Шунингдек, турли интернет-дўконлар, электрон тўлов тизимлари ҳам фаол ривожланиб бормоқда. Демак, фуқароларимиз электрон битимларни амалга оширишга ишоняпти. Фақат ҳозирги кунда фойдаланувчилар катта харажатлар талаб қилмайдиган кичик битимларни амалга ошираётгани, ўртача харид ҳажмини оширишга эса унчалик тайёр эмаслиги ҳам рост. Демак, эндиги масала ўртача ва йирик иқтисодий битимлар ҳамда молиявий операцияларни рақамли технологиялар орқали амалга оширишни ривожлантиришдан иборат. Шунингдек, рақамли иқтисодиётнинг ўз валютаси (криптовалюта, биткоин), пул сақлайдиган картмони (блокчейн), ҳисоблаш усуллари (майнинг) каби атамалари мавжуд.

Шу ўринда рақамли иқтисодиётнинг оддий иқтисодиётдан фарқини кундалик, маиший мисоллар билан тушунтириб ўтсак. Айтайлик, харидорга кийим ёки пойабзал керак. Уни бозорга тушиб ўзи бевосита танласа ва нақд пулга сотиб олса, бу анъанавий иқтисодиёт. Ижтимоий тармоқлардаги ёки Телеграмдаги бирон савдо боти орқали ўзига маъқул товарни танлаб, товар эгасига пулни электрон тўлов тизими орқали тўлаш ва товарни етказиб бериш хизмати орқали олиш — рақамли иқтисодиёт дейилади. Бу масаланинг энг содда маиший мисол орқали тушунтирилиши.

Аслида, ҳаммамиз, аллақачон рақамли иқтисодиёт ичидамиз, унинг қулайликларидан фойдаланамиз. Масалан, ойлигимиз пластик карталарга тушади, электрон тўлов орқали коммунал хизматлар, телефон, интернет ва бошқа маҳсулот ҳамда хизматларга тўлов қиламиз, электрон тарзда солиқ декларацияси топширамиз, картадан картага пул ўтказамиз ва ҳоказо.

Рақамли иқтисодиёт, бу, нолдан бошлаб яратилиши лозим бўлган қандайдир бошқача иқтисодиёт эмас. Бу янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделлари ишлаб чиқиш ҳамда уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш деганидир. Яъни юқори даражада автоматлаштирилганлик; электрон ҳужжат алмашинуви; бухгалтерлик ва бошқарув тизимларининг электрон интеграциялашуви; маълумотлар электрон базалари; CRM (мижозлар билан ўзаро муносабат тизими) мавжудлиги; корпоратив тармоқлар.

Рақамли иқтисодиёт туфайли тўловлар учун харажатлар камаяди (масалан, банкка бориш учун йўлкира ҳамда бошқа ресурслар тежалади), товарлар ва хизматлар ҳақида кўпроқ ҳамда тезроқ маълумот олинади, рақамли дунёдаги товар ва хизматларнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятлари катта, фидбек (истеъмолчи фикри)ни тез олиш ҳисобига товар ҳамда хизматлар жадал такомиллаштирилади.

Халқаро амалиётга юзланадиган бўлсак, ҳозирги кунда рақамли иқтисодиёт электрон тижорат ва хизматлар соҳаси билан чекланиб қолмай, балки ҳаётнинг ҳар бир жабҳасига, хусусан, соғлиқни сақлаш, фан-таълим, қурилиш, энергетика, қишлоқ ҳамда сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, архив, интернет-банкинг ва бошқа соҳаларга жадал кириб бормоқда ҳамда уларнинг ҳар бирида ўзининг юқори самараларини бермоқда.

Фуқароларнинг давлат органлари билан алоқасини электрон платформа орқали алоқага ўтказиш, яъни давлат ўз фуқаролари учун электрон хизматлар кўрсатиши ва электрон маҳсулотларни таклиф этиши рақамли иқтисодиётнинг асосий қисми ҳисобланади. Мамлакатимизда ушбу соҳани кенг ривожлантириш, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, биздаги энг асосий оғриқли муаммолардан бири — коррупция иллатига барҳам беради. Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 5 февраль куни ташқи иқтисодий фаолият тизимини ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда ташқи савдо билан боғлиқ назорат тизими ва инфратузилмани яхшилаш, жумладан, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, божхона постларида назоратни амалга оширадиган божхона, санитария, карантин, ветеринария ҳамда бошқа идоралар фаолиятини ислоҳ қилиш лозимлигини таъкидлаган эди. Бу соҳада узоқ йиллардан буён самарали ишлар олиб борилмагани, коррупциянинг мавжудлиги ташқи савдо амалиётида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда. Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» рейтингида «Халқаро савдо» йўналиши бўйича мамлакатимиз 190 та давлат орасида 152-ўринда қайд этилгани ҳам шундан далолат беради.

Гап шундаки, кўплаб давлатларда юклар чегарага етиб келмасидан олдин улар ҳақида ахборот берилиб, юкнинг тез чиқиб кетиши таъминланади. Ўзбекистонда эса ўтган йили 416 мингта декларациядан 344 таси юк чегарага келгунча расмийлаштирилган. Юк тўғрисида олдиндан маълумот бериш автомобиль транспортида 98 фоизни ташкил этса, темир йўлда, умуман йўлга қўйилмаган. Шу боис назоратни чегарада эмас, балки юклар кириб келишидан олдин ёки мамлакат ичкарисида эркин муомалага чиқарилгандан кейин амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш муҳим. Бугунги кунда 1 минг 836 та турдаги товар бир вақтда учта идора томонидан текширилиши, оқибатда импорт-экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш ҳафталаб чўзилаётгани ачинарлидир. Ваҳоланки, божхона, ветеринария, карантин, санитария, стандарт, экология идоралари иш услубини ўзгартириши, уларнинг асосий вазифаси маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиши зарур эмасми?

Мана шундай тўсиқлар туфайли Президентимиз рақамли технологияларни жорий қилиб, инсон омилини максимал қисқартириш орқали коррупция ва ноқонуний товар айланмасига барҳам бериш зарурлигини таъкидламоқда. Импорт маҳсулотларининг чегарадан то якуний истеъмолчигача бўлган ҳаракати божхона ҳамда солиқ идоралари томонидан ягона электрон тизим орқали назорат қилиниши керак. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга рухсатнома ва лаборатория текширувлари ҳужжатларини тўлиқ рақамлаштириш, автоматлаштирилган «риск-анализ» тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди. Айтиш жоиз, рақамли иқтисодиётга ўтиш тадбирлари доирасида 143 та давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, 35 та идорада талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ҳамда хизмат кўрсатиш вақти икки ҳисса қисқарди. Бюджет харажатлари, давлат харидлари, ер, бино ва иншоотлар олди-сотдиси жараёнларига ошкоралик ҳамда очиқлик тамойиллари жорий этилди. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қурилиш, давлат хизматлари кўрсатиш, хуллас, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасида рақамли иқтисодиётга ўтиш сари салмоқли қадамлар ташланмоқда.

Дунёдаги аҳвол қандай?

Халқаро тажрибага назар ташласак, кўпгина давлатлар ҳозирги кунда рақамли иқтисодиёт соҳасига жиддий эътибор қаратмоқда. Масалан, 2017 йилнинг 28 июлида Россия Федерацияси ҳукумати Рақамли иқтисодиёт дастурини қабул қилди. Эстония, Беларус Республикаси ва Украина рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантирмоқда. Ўз навбатида, айрим давлатларда айнан рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун зарурий инфратузилмани яратишга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан, Австралия ҳукумати фуқароларга юқори тезликдаги рақамли алоқани тақдим этиш чораларини кўрмоқда, яъни миллий кенг полосали тармоқ (National Broadband Network) ушбу мамлакат аҳолисининг 93 фоизини 1 Гбит/с тезликдаги интернет билан таъминлаш мажбуриятини олган.

Ҳозирги даврда биз технологиялар қандай қилиб оммавий хизмат кўрсатиш соҳасини тубдан ўзгартираётганини кўряпмиз. Воситачиларни олиб ташлайдиган, мижоз ва таъминотчи ўртасидаги алоқаларнинг тўғридан-тўғри амалга оширилишига олиб келадиган Убер каби янги бизнес-моделлар пайдо бўлмоқда. Аввалроқ худди шунга ўхшаш ўзгаришлар молия сектори ҳамда телекоммуникацияларда ҳам рўй берган эди. Саноатда ҳам бир қанча принципиал ўзгаришлар кузатилмоқда, чунки рақамли корхона ва инсоннинг рақамли қиёфадоши — роботлар пайдо бўлиши бутун инсоният функционал моделини жиддий равишда ўзгартириб юбориши мумкин. Бу эса шуни кўрсатадики, ахборот технологиялари аста-секинлик билан одамларнинг ўрнини эгаллаб боради. Худди мана шу ҳолат рақамли иқтисодиёт ҳисобланади.

Рақамли платформаларнинг ривожланиш соҳасидаги ёрқин мисоллардан бири сифатида «Алибаба» электрон савдо тизимига эга бўлган Хитой компаниясини келтириб ўтиш мумкин. Ундан фойдаланиш тажрибаси шуни кўрсатадики, маълумотлар тўплаш жараёнида иқтисодиётнинг турли секторларига экспанция учун ўта рақобатли устунликлар яратилади. «Алибаба» оддийгина рақамли платформа эмас, балки платформалар экотизимидир. Тушунарлики, бундай экотизим қудрати алоҳида платформалар кучидан катта бўлади. АҚШ ҳозирги кунда бу пойгада ютқазмоқда, чунки у ерда турли платформаларни интеграция қилишга тўғри келади, Хитойда эса бу соҳада ривожланиш самарадорликни ошириш ҳисобига — бир платформадан бошқа платформага қараб ўтиш аста-секинлик билан рўй берди.

Рақамли иқтисодиётга ўтиш каби глобал ишда кўп нарса давлатнинг тутган позициясига ҳам боғлиқ, албатта. Барчаси ҳамма нарсани бирлаштирадиган ва «рақам»га ўтказадиган ягона давлат платформасига бориб тақалмаслиги муҳим, яъни давлатнинг вазифаси, бизнеснинг ўрнига бирон - бир нарса қилиш эмас, балки бизнесга халал бермасликдир. Хитойда ҳам «Алибаба» тизими давлат унинг учун қандайдир платформа яратгани туфайли пайдо бўлмаган. У бундай платформа пайдо бўлиши учун шароит яратди, холос. Гарчи давлат «Алибаба»га ёрдам берган бўлсада, буни давлат корпорацияси сифатида эмас, балки тижорат корхонаси сифатида ёрдам берди ва унинг хизматларидан у рақобатбардош эканлиги учунгина фойдаланилади. Давлатнинг вазифаси — умумий қоидалар яратиш, бизнес эса шу умумий қоидалар асосида ўзгариб, ривожланиб боради, чунки қонунлар таъсирида ишбилармонлик муҳити ва рақобат ўсади.

Кўплаб ривожланган мамлакатлар рўй бериши лозим бўлган ўзгаришлар муқаррарлигини тушуниб, иқтисодиётни рақамлаштириш томон ҳаракатни онгли равишда бошлади. Бу йўналишни биринчилардан бўлиб маълум қилган АҚШ, Япония, Жанубий Корея ҳамда Хитой бугунги кунда рақамли пойгада норасмий етакчилар саналади. Улардан кейинги ўринларда Буюк Британия, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Австралия, Беларус ва бошқалар туради. Рақамлаштириш жараёнининг баъзи етакчи мамлакатлари эса қарама-қарши ёндашувларни, хусусан, АҚШ бозор йўналишини, Хитой эса режали иқтисодиётни танлаб олган. Қолган мамлакатлар маълум бир оралиқ вариантларга риоя қилади.

Рақамли иқтисодиёт платформалари тузишда ривожланган давлатлар транспорт, телекоммуникация, энергетика, маълумотларни қайта ишлаш, соғлиқни сақлаш, дори-дармонлар логистикаси, туризм, ташқи иқтисодий фаолият, кўчмас мулк ва ишлаб чиқариш йўналишларига эътибор қаратмоқда. Айнан шу соҳаларнинг ривожланиши инфратузилма ҳамда технологик базис яратишга имкон беради, уларни бошқа соҳаларга кўчирган ҳолда Ўзбекистон етук рақамли иқтисодиётни максимал даражада тез ривожлантириши мумкин. Илғор мамлакатлар рақамли иқтисодиёти кўплаб дастурлари (АҚШ, Австрия, Австралия, Буюк Британия, Жанубий Корея ва бошқалар) асосий эътиборни «рақамли тиббиёт» ҳамда «ақлли шаҳар» ижтимоий йўналишларига қаратмоқда. «Рақамли тиббиёт» ва «ақлли шаҳар» ижтимоий лойиҳаларини амалга ошириш кўпроқ мураккаблик ҳамда хилма-хилликни талаб қилади ва бундай лойиҳалар кенг халқ оммаси томонидан эътироф этилади.

Ривожланаётган мамлакатлар аҳолисининг интернетга ҳамда у билан боғлиқ АКТга уланиш имкониятларини кенгайтириш учун шароитлар яратиш, жумладан, булутли технологияларни ривожлантириш ИҲТТ томонидан 2016 йил бу ташкилотга аъзо бўлган 32 мамлакат ва яна 6 та ҳамкор мамлакатда ўтказилган сўров маълумотларига кўра, уларда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси, режаси ёки дастури мавжуд. 2017 йилнинг сентябрь ойида Австралия ҳукумати рақамли иқтисодиёт стратегиясини ишлаб чиқиш бошлангани ҳақида эълон қилди. АҚШда 2015 йили рақамли иқтисодиёт режасини шакллантириш ҳақида маълум қилинди, 2016 йилда хусусий бизнес томонидан амалга ошириладиган интернетни ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги, инновацияларни илгари суриш ва бошқа функцияларни бажарадиган Савдо вазирлиги қошида рақамли иқтисодиёт бўйича маслаҳатчилар кенгаши ташкил қилинди.

Жаҳон банкининг «Рақамли дивидентлар» номли тадқиқоти натижалари мамлакатлар иқтисодиётини ривожлантиришда рақамли иқтисодиётнинг нақадар долзарб ва муҳимлигини кўрсатди. Хусусан, интернет тезлигининг 10 фоизга ўсиши, мамлакат ЯИМнинг ўсишига олиб келади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 1,21 фоизни, ривожланаётган давлатларда 1,38 фоизни ташкил этаётир. Демак, интернет тезлиги икки баробарга ошадиган бўлса, ЯИМ ҳажмининг қарийб 15 фоизга ошишига эришиш мумкин. Жаҳонда амалга оширилаётган глобаллашув шароитида ташқи миграция, халқаро савдо ва капиталлар ҳаракати, туризм, хорижий инвестициялар, АКТ ривожланиши мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир этади.

Демак, биз ҳам асосий эътиборни фақат маҳсулотлар экспортига қаратмасдан, балки «ноу-хау», блокчейн технологиялар фаолиятини замонга ҳамоҳанг ўрганиб, шулар қаторида, рақамли иқтисодиётдан фойдаланишни янги босқичга олиб чиқишимиз мақсадга мувофиқ. Юртимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор вазифаси — Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори суръатларда ўсишини таъминлаш билан биргаликда, аҳоли онги, илми ва қарашларини замон билан уйғунлаштиради, мамлакатимизнинг халқаро майдонда интеграциясини тезлаштиради. Ва, пировардида, Ўзбекистоннинг ҳуқуқий-демократик, иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлар қаторидан жой олиш муддати жадал қисқаради.

Мамлакат МАҲКАМОВА, 

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Саноат иқтисодиёти ва менежменти кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Report Page