ТИЛ – МИЛЛИЙ АНЪАНА ВА ҚАДРИЯТЛАРГА САДОҚАТ РАМЗИ

ТИЛ – МИЛЛИЙ АНЪАНА ВА ҚАДРИЯТЛАРГА САДОҚАТ РАМЗИ

@sirdaryotumanpress
"Йўлрефтранс" АЖ бошқарув раиси Камолиддин Хусниддинович Юлдашев

"Йўлрефтранс" акциядорлик жамиятида мавжуд идоравий хужжатлар ва бошқа иш қоғозларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатлари талабларига мувофиқлаштириш бўйича алоҳида ишчи гуруҳ иш бошлади.

Савол: Ҳурматли Камолиддин Хусниддинович! Маълумки, Сиз раҳбарлик қилаётган "Йўлрефтранс" акциядорлик жамияти нафақат Сирдарё вилояти, балки республикамиздаги нуфузли корхоналардан саналади. 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5850-сон Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон ижроси юзасидан корхонада амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берсангиз.

К. Х. Юлдашев: Ҳақиқатдан ҳам жамиятимизда саккиз юздан ортиқ ишчилар, муҳандис-техник ходимлар ва хизматчилар меҳнат қилишади. Улар турли миллат вакиллари бўлсаларда Ўзбекистонни Она Ватан деб биладилар, ўзбек тилида сўзлашадилар.

Муҳтарам Президентимиз  имзолаган мазкур Фармонда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсад этиб қўйилган. Ушбу мақсадни рўёбга чиқаришда биз ҳам фаол иштирок этмоқдамиз. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг 2020 йил, 15 майдаги “Давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиш, иш юритишни давлат тилида ташкил этиш ҳақида”ги 338-Н –сонли буйруғи ижросини таъминлаш юзасидан корхонамизда давлат тилининг мақомини янада  оширишга салмоқли қадам қўйилди. Акциядорлик жамияти бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчининг 2020 йилга мўлжалланган иш режаси ва ишлаб чиқилган чора-тадбирлари тасдиқланди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг раҳбарияти томонидан мазкур Фармон бўйича берилган барча топшириқ ва вазифалар раҳбарлик ҳамда ижро учун қабул қилиниб, улар ҳозирги кунда босқичма-босқич амалга оширилмоқда.  

Савол: Идоравий хужжатлар ва бошқа иш қоғозларини давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатлари талабларига мувофиқлаштириш ҳақида билмоқчи эдик.

К. Х. Юлдашев: Акциядорлик жамиятида мавжуд идоравий хужжатлар ва бошқа иш қоғозларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатлари талабларига мувофиқлаштириш бўйича алоҳида ишчи гуруҳ тузилди.

Ишчи гуруҳ таркибига корхонада обрў-эътиборга эга бўлган, давлат тилини мукаммал биладиган ходимлар билан бирга жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳам киритилди. Хусусан, ҳуқуқшунос А. Мусаев, ахборот-коммуникация технологиялари етакчи мутахассиси Б. Хаджимухамедов, бош ҳисобчи А.Абдуқодиров, бош технолог К. Хаккиев, касаба уюшма қўмитаси раиси Р.Салиевалар шулар жумласидандир. Шунингдек, ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Ш. Назаров, маънавият ва маърифат ишлари бўйича масъул ходим Р.Деҳқонов, шахсий таркибни бошқариш бўлими катта инспектори И. Зарпуллаевалар жамоада ишлаётган   ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этилишини таъминлаш бўйича тарғибот ишларида фаол қатнашмоқдалар.

Савол: Меҳнат жамоаси орасида давлат тилини мукаммал ўрганиш истагида бўлганларга қандай имкониятлар яратилмоқда?

К. Х. Юлдашев:  "Йўлрефтранс" акциядорлик жамияти меҳнат жамоаси орасида давлат тилини ўрганиш истагида бўлганлар учун ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда тингловчилар рўйхати шакллантириляпти. Бу ишга ишлаб чиқариш таълими катта назоратчиси Ж.Пушка, шахсий таркибни бошқариш бўлими О.  Зинкевичлар бош-қош бўлмоқда. Пандемия шароитида эса тил ўрганиш ишлари карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда якка тартибда олиб борилмоқда. Бу ишда русча ўзбекча луғатлар тавсия этилмоқда.

Савол: Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга эътибор ҳақидаги фикрларингиз?

К.Х.Юлдашев: Ёшлар маънавиятини юксалтиришда китобнинг аҳамияти катта. Корхонадаги кутубхона доимо янги адабиётлар билан бойитиб борилади. Ўқув хонасида китоблар ва вақтли матбуот нашрлари тўпламлари мунтазам юритилади.

Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда ташқи тарғибот воситаларининг аҳамиятини эътиборга олган ҳолда ишчи гуруҳ аъзолари корхона таъминот бўлими бошлиғи Р. Ибрагимов билан ҳамкорликда ҳудуддаги барча кўргазмали ахборот матнлари ва лавҳаларни танқидий назар билан кўриб чиқмоқдалар. Зарур ҳолларда уларни замон талаблари руҳига мос шиорларга алмаштириш режалаштириляпти.

"Йўлрефтранс" акциядорлик жамиятида   давлат тилини ўргатиш ва ўрганиш,   давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, унинг софлигини сақлаш ва аҳолининг нутқ маданиятини оширишга доир ишлари янада яхшиланади. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ходимларда ватанга муҳаббат, ўз бурчига садоқат туйғуларини камол топишига хизмат қилади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази  Сирдарё тумани бўлинмаси раҳбари  Акбарали Мирзааҳмедов суҳбатлашди.

Report Page