Сардоба туман сектор раҳбарларининг қатъий карантин жорий этилгани муносабати билан туман аҳолисига МУРОЖААТИ

Сардоба туман сектор раҳбарларининг қатъий карантин жорий этилгани муносабати билан туман аҳолисига МУРОЖААТИ

@sardobatumani_uz
Фото: Сардоба тумани ҳокимлиги

Азиз туманимиз аҳли, қадрли юртдошлар!

Бугун сиз азизларга мурожаат қилиб бутун дунёга хавф солаётган, нафақат инсонлар соғлиғига, балки, иқтисодиёт, сиёсат, шунингдек жамият тараққиётининг барча жабҳаларига жиддий салбий таъсир кўрсатаётган, энг ачинарлиси кун сайин кўлами ва ҳажми кенгайиб бораётган коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашишга чақирмоқчимиз.

Айни пайтда ер юзида мазкур пандемия таъсирига тушмаган, ундан азият чекмаётган, бу инфекциядан жабр кўрмаган мамлакатнинг ўзи қолмади, ҳисоб.

Ҳар куни минглаб қурбонлар берилмоқда. Сўнгги статистик маълумотларга кўра айни пайтда дунё миқёсида коронавирусдан зарарланганлар сони 12 миллион нафардан ортиқни ташкил этмоқда.

Азиз юртдошлар, мамлакатимизга кириб келган коронавирус пандемияси мисли кўрилмаган ташвишларни келтириб чиқарган бир пайтда, томорқаларимизда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан халқимиз фаровонлигини, дастурхони тўкинлигини, бозорларимизда арзончиликни таъминлаш хамда хар бир оиланинг қўшимча даромад олиши ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Барчани бу муқаддас бурчини виждонан адо этишга чақирамиз!

Серҳосил томорқа ерларимимиздан, даромад олишга имкониятимиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиб, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни муносиб ҳолатга келтириш учун ҳаракат қилайлик. Бундай амалий ибрат асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил меҳнат қилади.

Бугунги кунда Сардоба туманида коранавирус касаллигини тарқалишини олдини олиш мақсадида малакали мутахассислар ва соҳага дахлдор бўлган мутасадди идоралар вакилларидан иборат штаб фаолияти йўлга қўйилган.

Туман соғлиқни сақлаш бўлими, Санитария эпидемиологик осойишталик маркази ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан коронавирус касаллиги ҳақида аҳоли ўртасида тарғивот-ташвиқот ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.

Туман юқумли касалликлар бўлимида заҳира ўрин изоляторлари ташкил этилиб, туман тиббиёт бирлашмаси ва Санитария эпидемиологик осойишталик маркази билан биргаликда коронавирус касаллиги профилактикаси ва касаллик аниқланганда зарур бўладиган жиҳоз ва тиббий анжом ускуналар ҳамда дори дармонлар харид қилиниб, керакли миқдордаги заҳиралари яратилган.

Бундан ташқари, касаллик тарқалишини олдини олиш учун барча муассасаларда гипохлорид ишлов бериш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳудди шунингдек, туманда мавжуд барча дорихона шаҳобчаларига ҳимоя ниқоблари, антицептик воситаларини узлуксиз равишда етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Ҳозирги вазиятда барча тумандошларимиздан мавжуд хатарларга тўғри ёндошган ҳолда барчамиз ҳушёрликка эътибор қаратиб шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишимиз талаб этилади.

Шунингдек, бугунги кунда таътилда бўлган азиз фарзандларимизнинг тарбиясига, уларнинг шахсий гигиенасига, асоссиз равишда уйдан кўчага чиқмасликларига жиддий ёндашиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Шу ўринда минг афсуслар билан айтиб ўтиш жоизки, мана шундай ўта таҳликали бир шароитда ҳам давлатимиз томонидан аҳолига яратилган енгиллик, имконият ва имтиёз ҳамда қулайликларни айрим юртдошларимиз кўр-кўрона суистеъмол қилаётганликлари барчамизни ташвишга солмоқда.

Айниқса, тўй-маросимларни ташкил этиш ва ўтказиш, ўзини-ўзи яккалаш ёки оддий шахсий гигиена-санитария қоидаларига риоя қилиш талаблари қайта ва қайта тушунтирилишига қарамасдан эътиборсизлик ва тартиб бузарликнинг оқибати фуқароларимизга ҳар томонлама қимматга тушмоқда.

Зеро, юртимизда коронавирус билан касалланган ҳар бир бемор учун алоҳида эътибор, дори-дармон ёки уни ҳар томонлама моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилиб, бунинг ҳуқуқий молиявий асослари қатъий белгилаб қўйилди.

Бугунги синовли кунларда ҳам қайсидир тоифадаги ғараз ниятли кимсалар томонидан сунъий тақчиллик келтириб чиқаришга, турли асосланмаган ахборотлар тарқатиб аҳолини ортиқча саросимага солишга уринишлар кузатилмоқда.

Биз бу кунларда ҳар қачонгидан ҳам бирлашиб, баҳамжиҳатликда, мана шундай ташвишли, таъбир жоиз бўлса, оғир кунларни биргаликда енгиб ўтишимизга ишонамиз! 

Report Page