Сардоба тумани ҳокими Хидиров Абдуазим Муродқосимовичнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ

Сардоба тумани ҳокими Хидиров Абдуазим Муродқосимовичнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ

@sardoba_xabarlari
Сардоба тумани ҳокимлиги

Азиз миришкор деҳқонлар ва томорқа ер эгалари!

Айни пайтда бутун жаҳонни коронавирус пандемияси қаттиқ хавотир ва ташвишга солиб турибди. Кейинги йилларда дунё ҳамжамияти билан чуқур интеграцияга киришиб, жадал суръатларда ривожланиб бораётган Ўзбекистонимизни ҳам бу офат четлаб ўтмади.

Барчамизга маълумки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда коронавирус пандемеяси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш, бутун дунё халқлари қаторида юртимиз аҳолисини ҳам ташвишга солаётган бу офатдан ўзимизни, оиламиз ва маҳалламизни сақлаш учун қатъий чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда

 Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 3 апрел куни Ўзбекистон ахолисига йўллаган мурожаатида ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлиш билан бирга, юксак тафаккур, қатъий интизом ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозимлигини таъкидладилар.

Халқимизнинг бирламчи турмуш эҳтиёжларини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда аграр соҳанинг ғоят мухимлиги кундек равшан. Юзага келган инқироз чуқурлашиб кетмаслиги учун бободеҳқонларимиз айни кунларда ҳар бир лаҳзани ғанимат билишлари жоиз.

Сиз азиз деҳқонлар етиштирадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқимиз дастурхонига етказиб, бозорларимизда нарх-навонинг ўринсиз ошиб кетишини олдини олишни таъминлаш энг асосий вазифамиз эканини унутмаслигингиз зарур. Бу борада миришкор деҳқонларимиз томонидан бугунга қадар бажарилган ишлар таҳсинга сазовордир.

Азиз юртдошлар, мамлакатимизга кириб келган коронавирус пандемияси мисли кўрилмаган ташвишларни келтириб чиқарган  бир пайтда, томорқаларимизда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан халқимиз фаровонлигини, дастурхони тўкинлигини, бозорларимизда арзончиликни таъминлаш хамда хар бир оиланинг қўшимча даромад олиши ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Барчани бу муқаддас бурчини виждонан адо этишга чақирамиз!

Серҳосил томорқа ерларимимиздан, даромад олишга имкониятимиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиб, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни муносиб ҳолатга келтириш учун ҳаракат қилайлик. Бундай амалий ибрат асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил меҳнат қилади.

Маълумки, деҳқончиликда баҳорнинг бир куни йилга татийди. Кўпни кўрган, омилкор деҳқонларимиз мана шундай ҳал қилувчи паллада қандай юмушларни бажариш зарурлигини жуда яхши билади. Табиат инжиқликлари билан курашларда тобланган тажрибали деҳқонларимиз вужудга келган вазиятни тўғри қабул қилган ҳолда, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишларига ишонамиз.

Ҳозирги синовли кунларда томорқа ерларга экин экмаслик, қаровсиз қолдириш она юртимизга ва халқимизга нисбатан хиёнат деб баҳоланади.

Маҳалла раиси ва профилактика инспекторига томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгаларини расман огоҳлантириш, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланиши бўйича тақдимнома киритиш ваколати берилди. Ўз навбатида томорқадан самарали фойдаланган фуқароларга солиқ имтиёзлари берилади.

Ҳурматли томорқа ер эгалари, миришкор деҳқонлар!

Биринчидан, айни дамларда ўз ҳовлимиз, томорқаларимизни тартибга келтиришимиз жуда муҳим.

 иккинчидан, апрель ойининг қулай об-ҳавосида қисқа муддатларда бир қарич ҳам еримизни бўш қолдирмай, сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар уруғини қадашимиз лозим;

учинчидан, ҳозирги мураккаб шароитда томорқадан олинадиган ҳосилни икки марта кўпайтириш учун муносиб меҳнат қилайлик, тўқсонбости экинлардан бўшайдиган томорқа ерларига май-июнь ойларида такрорий савзавот, полиз, картошка ва бошқа озуқа экинларини экайлик. Ўз эҳтиёжимиздан ортган қисмини халқимиз дастурхонига ва экспортга етказиб берайлик. Бу ишимиз билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек олижаноб ишга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз;

тўртинчидан, томорқа қўшимча даромад манбаи эканини доимо ёдда сақлаган ҳолда, ундан уч марта ҳосил олишга интилайлик, бунинг учун ҳар бир хонадонда ихчам иссиқхона қуриб, намунали томорқачи ва илғор деҳқонлар тажриба мактабини ўзлаштирайлик. Жойлардаги кенгашлар ҳузуридаги жамғармадан имтиёзли кредитлар ҳам ажратиш кўзда тутилган.

Унумдор еримиз ва серқуёш юртимизда ўз томорқасига эга бўлган юртдошларимизнинг камбағал яшаши халқимизнинг меҳнатсеварлик ва ишбилармонлик фазилатига мутлақо ярашмайди.

Ҳурматли маҳалладошлар ва ҳамқишлоқлар, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилига амал қилиб, маҳаллаларимизни муайян турдаги маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирсак, қилган меҳнатимиздан юқори даромад олишга замин яратилади.

Шундай экан, маҳалла оқсоқоллари ва устоз деҳқонларнинг маслаҳатларига амал қилиб, бир ёқадан бош чиқариб, бу жараёнда фаол иштирок этайлик. Маҳаллада кам таъминланган оилаларнинг ўз томорқаларида деҳқончилик билан шуғулланиб, ўзларини тиклаб олишига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатайлик.

Мана шундай эзгу ва олийжаноб ишларда барчангизга муваффақият ва омадлар ёр бўлсин!

А.Хидиров,

Сардоба тумани ҳокими

Report Page