“Спорт орқали касалликлардан фориғ бўлдим” – Қадрия опа спорт билан мунтазам шуғулланишни тавсия қилди

“Спорт орқали касалликлардан фориғ бўлдим” – Қадрия опа спорт билан мунтазам шуғулланишни тавсия қилди

Акмалхон Эшонхонов

Бугун, 23 июнь куни Ўзбекистонда “Халқаро олимпия куни” катта байрам сифатида нишонланаётгани ҳақида хабар берган эдик.


Маълумки, ҳар йили 23 июнь куни дунё бўйлаб Халқаро Олимпия куни (International Olympic Day) кенг нишонланади. Бундан роппа-роса 70 йил олдин – 1948 йилда Санкт-Морицда бўлиб ўтган Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) нинг 42-сессиясида 23 июнь санасини Халқаро Олимпия куни сифатида нишонлаш қарори қабул қилинган. Аввалига ушбу санада асосан марафон ўтказилган. Лекин, бугунги кунда ушбу сана катта байрам сифатида нишонланади.


Шу муносабат билан, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан 1600 га яқин ҳаваскор спортчилар томонидан югуриш марафони ташкил этилди.


Баҳслар турли ёш тоифаларида, эркаклар ва аёллар ўртасида бўлиб ўтди. Бир сўз билан айтганда марафонда 7 ёшдан 70, ҳаттоки 80 ёшгача бўлган ҳаваскорлар ўз омадларини синаб кўрдилар. Беллашувларда турли ёш тоифаларида Ф.Султонбоев, В.Бахорев, Ғ.Юсупов, В.Устюгин, Т.Усмонов, Е.Киршин, А.Гарифуллина, Д.Аллаярова, Ш.Шаропов, Н.Мансуров, М.Бухорев, Ғ.Тоҳиржонов, И.Киршина, А.Вильданова, Л.Скляр, О.Иномхонова, Ч.Расулова, Ҳ.Аҳмедова, М.Баратова, З.Худойбердиева каби ҳаваскор спортчилар ғолибликни қўлга киритди. Ҳар бир йўналиш бўйича кучли учликка кирган спортчилар Миллий олимпия қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.


Фахрий аёллар ўртасидаги марафонда совриндорлар қаторидан ўрин олган Қадрия Латипова янгича йўналишда ташкил этилган ушбу мусобақадан катта таассурот олганлигини айтиб ўтди.


“Мен 1989 йилдан буён спорт билан шуғулланаман. Олимпия кунида ўтказиладиган мусобақаларда мунтазам равишда иштирок этаман ва доимо совриндорлар қаторидан ўрин олиб келаман. Менда 1994 йили мамлакатимизда нишонланган Олимпия кунидан ҳам футболка бор. Бундай тадбирлар, мусобақалар мен учун доимо ёқимлидир. Сени ёшлар қўллаб-қувватлаб тураётганини ҳис қилиш жуда ажойиб. Ёшларга спортда янада фаолликни тилайман. Шахсан ўзим спорт орқали турли касалликлардан фориғ бўлдим. Сизга ҳам ёши катта фахрий сифатида спорт билан шуғулланишни маслаҳат бераман”, деди марафон иштирокчиси бўлган Қадрия опа.


Мусобақанинг ёш иштирокчилари ушбу тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб ўтди.


“Енгил атлетика билан бир йилдан буён шуғулланаман. Бундай марафонда эса илк маротаба иштирок этишим. Ушбу спорт байрами менга жуда ёқди. Мусобақада иштирок этиб иккинчи ўринни қўлга киритдим ва эсдалик совғасини олдим. Ташкилотчиларга ушбу байрам учун раҳмат демоқчиман. Енгил атлетика билан профессионал тарзда шуғулланиб, келажакда чемпион бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим”, деди совриндорлар қаторидан ўрин олган 13 ёшли Мадина.


Спорт журналистлари ўртасида ташкил қилинган марафонда ғолибликни қўлга киритган Шахбоз Шаропов эса беллашув ғолиби:


“Одатда ОАВ вакиллари бундай тадбирларга ишлаш, мусобақани ёритиш учун келишарди. Бугун эса енгил атлетикачи сифатида ўзимизни синаб кўришга муваффақ бўлдик, барчаси ажойиб. Журналистлар ўртасида ўтказилган беллашувларда иштирок этиб, ғалаба қозонишни тасаввур ҳам қила олмагандим. Дўстларим билан футбол ўйнаб турамиз. Бироқ, футбол бошқа, енгил атлетика бошқа. Эътибор учун, мана шундай тадбир учун ташкилотчиларга раҳмат. Бундай спорт байрамлари хеч кимнинг ёдидан чиқмайди”, деди у.


“Шу тариқа Олимпия кунининг кундузги қисми якунига етди. Энди Сиз азизларни кечки пайт, 18:00да бошланадиган катта спорт байрами кутиб турибди. “Миллий” стадионда ташкил қилинадиган футбол шоу тантанасида юртимизнинг машҳур спортчилари, эстрадамиз юлдузлари ва кино ва театр актерлари иштирок этишади. Бир сўз билан айтганда йирик тадбирда санъат ва спорт уйғунлигига гувоҳ бўламиз. Байрамни биз билан бирга қарши олинг”, дея ёзади МОҚ Матбуот хизмати.

Report Page