СОЧИ

СОЧИ

Садриддин НАБИЕВ

Давоми, бошланиши шу каналда 14 ва 18 август кунлари берилган.

Эртасига тушгача “Родники” микрорайонида айланиб юрдик. Тайёргарлик кўрдик. Ҳусниддин такси чақириб қўйган экан. Тушдан кейин “Домодедово” аэропортга бордик.

Бу ерда ўзбекистонлик жуда кўп болалар таксичилик қилади. Уларнинг асосий мижозлари ҳам ўзимизникилар. Аэропортга олиб бориш, аэропортдан кутиб олиб келиш, Москва шаҳри бўйлаб қайсидир манзилга олиб бориб келиш. Хуллас, асосан буюртмага ишлашади.  Масалан, ўша пайтлар аэропортга олиб бориш, неча киши бўлишидан қатъий назар, бир машина бориши ҳисобида 1000 рубль эди. Масофа 35-40 км.

Текширувлардан ўтиб кутиш залига кирсак, Нодир биздан олдин келиб турган экан. Ҳаммани бир-бирига таништирдим. Кейин Сочига учдик. Икки ярим соат учаркан.

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон ҳаво йўллари самолётлари янги “Боинг” бўлгани учун самолётга миниб маза қиласиз. Биз минган самолёт “Аэрофлот” компаниясига қарашли ТУ-154 бўлиб, салони эски Икарус автобуси салонини эслатарди. Жиҳозлар эскирган, чехоллар йиртилган жойлари бор. Обшивкалар сарғайиб кетган. Учиш вақтида бутун самолёт шалдираб кетди. Азим бу аҳволни кўриб:

- Охирги учиши шу бўлса керак, - деди ҳазил аралаш.

- Нега ундай деяпсиз?

- Қаранг, қанотлари ҳам қимирлаб ётибди, осмонда узилиб кетса керак...

- Бас қилинг-э, - дейман саросимани кулгига буриб.

Учиш вақтида овқат беришмади, чунки бор-йўғи 2,5 соат учамиз. Лекин салқин ичимликлар таклиф этиб туришди, текинга. Қизиғи, Россия самолётларида спиртли ичимликлар сотилар экан. Спиртлик ичимликлар таклиф қилишади, буюртма берсангиз сўраган ичимлигингизга мос “закуска”лар таклиф қилишади. Ёққанини буюраверасиз. Мен камтарлик қилиб, коньяк билан шоколад буюртма бердим.

 Кечга яқин Сочига яқинлашдик. Самолёт чексиз бўлиб ётган Қора денгиз узра учиб қўниш йўлагига тўғриланди-да секин пастлай бошлади.

Сочи денгиз бўйида бўлгани учун аэропортга бепоён денгиз устида тўғриланиб олиш қулай-да. Самолёт пастлагани сари узоқдан қирғоқ, қирғоқ бўйлаб ястаниб ётган шаҳар кўринди. Денгизда кемалар кўзга ташлана бошлади. Кейин қирғоқ бўйлаб жуда кўп кичикроқ қайиқлар, яхталар кўзга ташланди. Самолёт жуда пастлаб енгил машиналарни фарқлаш мумкин бўлганда қирғоқ бошланди ва кўп ўтмай қўниш полосасига кирдик. Жуда кўплаб янги объектлар қурилаётган экан. Бутун шаҳар қурилиш майдонига ўхшарди.

Аэропортнинг катталиги худди Самарқандники каби бир полосали, биноси ҳам шунга ўхшаш. Лекин атрофда кўм-кўк дарахтзорлар кўриниб турибди. Аэропорт биносидан ортиқча текширувсиз чиқдик. Чунки бу Россия ичидаги рейс бўлгани учун текширув бўлмади. Бизни кутиб турган Санжар билан осонгина топишдик. Бир-икки марта телефонда гаплашган бўлсак-да, эски қадрдонлардек кўришдик. Оғир-босиқ, самимий, камгапроқ йигит экан.

Аэропорт Сочининг Адлер деган районида жойлашган бўлиб, асосий шаҳарга бориш учун маршруткага миндик. Беш киши бўлганимиз учун таксига сиғмасдик. Бунинг устига Санжар:

- Ўзи битта йўл. Такси ҳам, маршрутка ҳам бир вақтда, олдинма-кетин боради, - деди.

Маршрутка ҳам зўр экан, “Мерседес” русумли, жуда шинам.

Бироз юргач, тоғ ёнбағрида қурилган ажойиб йўлда кета бошладик. Ўнг томонимиз кўм-кўк ўрмонлар билан қопланган баланд тоғлар, чап томонимиз чексиз мовий денгиз... Жуда ажойиб манзара. Айниқса, денгизни томоша қилиб тўймайсиз. Ярим соатлар юргач, қоронғи туша бошлаган маҳал, охирги бекатга етдик. Бу ер каттароқ чорраҳа бўлиб, турли томонга автобуслар қатнар экан. Шу ердан бошқа автобусга миндик. Бу автобус ҳам жуда зўр, юргани билинмайди.

Беш-олти бекат юргач, “Радуга” деган бекатда тушдик. Санжар йўл бошлади, биз эргашдик. Бекатдан озгина юргач, умумий ҳовлининг дарвозасидан кирдик. Тўғридаги икки қаватли уй олдидаги зинадан пастладик. Уй аслида уч қаватли бўлиб, тик қияликда жойлашгани учун билинмас экан. Биз иккинчи қаватга кираётган эканмиз. Санжар қўнғироқни чалди. Ўрта ёшлардаги истарали аёл эшикни очиб Санжарни дарров таниди:

- Гости пришли-да?

- Здравствуйте, да они пришли. Прямо с аэропорта, - деди Санжар жилмайиб.

- Заходите, пожалуйста.

Бирин-кетин ичкарига кирдик. Аёл кичикроқ зал – прихожкадан ўтиб, тўғридаги эшикни очди-да, ҳаммамизга қарата:

- Вот ваша комната, располагайтесь. Если что-то понадобиться я здесь, - деб қўшни хонага ўтиб кетди.

Очиғи, бу саёҳатни ташкилотчиси бўлганим, танимаган-билмаган одамга, бунинг устига оддий ишчига ишониб дўстларимни олиб келганим учун ҳалигача кўнглим нотинч эди. Қанақа одам у, савияси қанақа, қандай жой топади? Уялтириб қўймасмикин? деган саволлар безовта қиларди. Хонага кирдиму... безовта хаёлларим ёввойи каптардек учди-кетди! Вау! Даҳшат!

Катта хона, шифоньер, кенг мўл учта диван, стол-стул, катта ТВ. Гиламлар, жиҳозлар янги, чиройли, қимматбаҳо. Катта дераза ёнида ойнали эшикдан балконга чиқиларкан. Балконга чиқиб, яна “ВАУ” деб юбордик. Кўм-кўк ўрмон аралаш катта шаҳар шундай кўриниб турибди. Биз анча баландликда эканмиз. Бу шароитларни кўриб, шерикларни ҳам кўзлари катта-катта бўлиб кетди. Улар бунақасини кутмаган, аллақандай бирор арзон кулбани тахмин қилиб келишган экан. Санжарни қучоқлаб, бир кўтариб олдим:

- Маладес! Дидингизга қойил!

- Гап йўқ, дўстим! Хурсанд қилдингиз, - дея Ҳусниддин ҳам қўл ташлашди.

Азим билан Нодир ҳам миннатдорчилик билдиришди:

- Бир зиёфат биздан. Саёҳатимиз зўр кайфиятда бошланаяпти. Яшаш жой зўр бўлса, қолгани ҳам зўр бўлади.

- Сизларга ёқадими-йўқми, деб иккиланиб турувдим. Шунинг учун яна иккита вариант ҳам тайёрлаб қўйганман. Бу ерда ҳамма битта хонада. Уларда икки кишилик хоналар... Ҳохласангизлар, уларни бориб кўрайлик, - Санжар ҳам хавотирланиб турганини билдирди.

- Йўқ-йўқ. Бизга мана шу ер жуда маъқул, - дедим чўрт кесиб.

Шу пайт хонадон эгаси бир диваннинг қалин матрасини кўтариб келди:

- Здесь три диваны, а вы оказиваеться четверо. Вот вам четвёртый диван на полу. Кому-то придёться на этом отдыхать.

- Бу кишининг исми Эмилия, - деб таништирди Санжар.

- Очень приятно, - деди Ҳусниддин аёлга жилмайиб қараб. – Меня зовут Хасан, он Садриддин, Азим и Нодир. Мы все из Узбекистана.

Сочидаги “уйимиз”

Қисқагина танишув маросимидан кейин янада хонадонга меҳримиз янада илиқлашди. Эмилия бизга ошхонани, ювиниш хоналарини кўрсатди. Шундоққина ёнимиздаги хоналар экан. Шундан кейин Санжар эрталаб келишини айтиб, хайрлашди. Уни кўчагача кузатиб чиқдик.

(Оқ-қизил кийимдаги Нодир, олачипор кўйлакдаги Санжар)

Енгилгина тамадди қилиб, дам олдик, ТВ кўрдик, гурунглашдик. Шундай шароит тайёрлаб қўйган Санжарни мақтадик.  

СОЧИ! Бетакрор СОЧИ! Шаҳарлар гўзали! Дунё аҳолисининг орзуси. Сайёҳлар учун ердаги жаннат! Россия давлатининг норасмий ёзги пойтахти.   Бу шаҳарнинг борлигини билмаганлар бу ерга келишни орзу қилмаслиги мумкин. Бутун собиқ СССР, ҳозирги МДҲ давлатлари аҳолисининг энг бахтли одамлари бу шаҳарга келишган. Келолмаганлари бир умр орзу қилишган. Мана бизга насиб этди! Мен СОЧИ шаҳрига дам олишга келдим!

Таъкидлаш керакки, шаҳар бутунлай туризм билан нафас олади, туризм билан яшайди. Гўёки, ҳар қадами истироҳат боғи. Бутун шаҳар баланд-баланд пальма ва бошқа бизга қизиқарли ва нотаниш дарахтларга бурканган. Тоғ ёнбағрида жойлашгани учун йўллари паст-баланд, қинғир-қийшиқ, лекин ҳайратланарли даражада текис. Йўл четлари ҳар қаричида дид билан парвариш қилинган, турли шакллар берилган гулзорлар, кўкаламзорлар. Бино-иншоотлар, аҳоли уйларига чиройли таъмирланиб, рангланган. Кўнгилни хира қилувчи манзара деярли йўқ. Автобуслари замонавий, жуда зўр, юргани билинмайди. Автобус, микроавтобуслар... барчаси тоза, шинам, кондиционерли... Шаҳар ҳавоси иссиқ эмасу денгиз бўйи бўлгани учун қандайдир намлик баланд, кўпинча терлаб юрамиз.

Пиёдалар йўлакларида юриб зерикмайсиз, турли қизиқарли персонажлар ҳайкаллари ўрнатилган. Сайёҳ кўплиги, автомашиналар ундан кўплигига нисбатан умуман асаббузарликка дуч келмайсиз. Аҳоли ўртасида муомала, жамоат жойида ўзини тутиш, атрофдагиларга ҳурмат, умуман олганда инсоний маданият жуда юқори. Одамлар жуда хотиржам, осойишта ва бахтли яшамоқда. Бу шаҳар ҳақида алоҳида китоб ёзса камлик қилади.

Сочи денгизга туташган тоғ ён бағрида жойлашган экан. Қияликда жойлашгани учун кўпчилик уйлар тўрт қават. Аҳолининг асосий даромади туризм бўлгани учун деярли ҳар бир уйда бир қават ёки бир неча хона меҳмонхона учун ажратилган, етарли шароит яратилган. Алоҳида меҳмон уйлари, меҳмонхоналар ҳар қадамда. Санаторийлар қаторасига жойлашган. Биз турган жой “Радуга” санаторийси ёнида экан. Бекат номи ҳам шунга “Радуга” экан. Россия президентининг “Бочаров Ручей” номли ёзги қароргоҳининг ёнидан ҳам ўтдик.

Сочида уч кун бўлдик. Санжар деярли ҳар куни бирга юрди. Парк Ривьера, Центральный причаль, Платановая Аллея, турли пляжлар, парклар, ресторанлар, бозор ва дўконлар... Роса маза қилдик.





Нодир ва кентавр ёки Нодир кентаврда


Сочи шаҳрининг асосий истироҳат боғларидан бўлмиш Парк Ривьера ҳақида узоқ гапириш мумкин.


 

“Бриллиантовая рука” фильми қаҳрамонлари ҳайкали


Азим ва дўсти
Ҳусниддин ҳайратда: ҳайкал тирик экан!...


Қизиқ персонажлар


Денгизга туташ ҳудудда жойлашган. Бу ердаги аттракционлар, кўнгилочар тадбирларнинг сон-саноғи йўқ. Айниқса, тушдан кейин ҳаёт бошланиб эрталабгача қайнайди. Сочида ҳам ёзнинг туни бир тутам. Бунинг устига барча дўкону кафе ресторанлар, парклар эрталаб тўққизгача ишлайди. 24 соат ишлайдиганлари ҳам кўп. Чунки, туристлар ухлагани келмайди. Кечқурундан тонггача барча кўнгилочар масканлар, истироҳат боғлари, кафе ресторанлар, концерт заллари, пляжлар қий-чув, қийқириқ, кулги, ҳаяжон билан тўлиқ. Мен учун Сочи ухламайдиган шаҳар, деган тасаввур қолдирди.

Асосий машғулотимиз денгизда чўмилиш... Биринчи марта пляжга ҳаяжон билан қадам босдим. Мана Қора денгиз! Тўлқинлар шовуллаб қирғоққа келиб турибди. Секин бориб пляжнинг қумли қирғоғига турдим. Денгизнинг кўпикли суви оҳиста оёғимга урилаяпти.

-       Божа, нима қилаяпсиз? – деди Ҳусниддин.

-       Мен келдим, бу Қора денгиз учун катта шараф! Шу Қора денгиз деганлари бир оёғимни ўпсин!..

Кулги бўлди. Кейин бирин-кетин ечиниб, бу ердаги минглаб ярим яланғоч одамлар орасига кириб кетдик. Ҳаяжон билан денгизга кириб бордим-да, келаётган навбатдаги кичикроқ тўлқинга ўзимни отдим... Денгиз суви қандайдир оғирми, кучлими... бошқача бўларкан. Балки сувнинг зичлиги юқори бўлгани учун шундай туюлар. Денгиз сувини шўр, деб ўқиганмиз. “Икки одам қайиқда очиқ денгизда қолиб кетиб сувсизликдан қийналибди” деган маънодаги гапларни ўқиганмиз, эшитганмиз. “Йўғ-е, барибир сув-ку, кам-камдан ичса бўлар...” деб ўйлардим. Денгиз сувини бир қатра ҳам ичиб бўлмас экан! Ҳовуздами, кўлдами, каналдами чўмилаётган пайтингизда бехосдан томоқдан сув ўтиб кетади-ку... унчалик билинмайди-я. Денгиз суви бир қатра ўтиб кетса кўнглингиз ағдарилиб, беҳол бўласиз. Шўр эмас, қандайдир кучли тахир. Минглаб хил минераллар аралашмаси-да. Лекин барибир чўмлиш мазза. Буни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Умуман, сувдан чиққингиз келмайди. Кун бўйи, ҳатто қоронғи тушгунча чўмилган пайтларимиз бўлди. Яна бир қизиқарли ҳолат. Ҳар бир чўмилиб бўлган одам кийинишдан олдин душ қабул қиларкан. Биз аввалига кулдик: ўзи сувдан чиқаётган бўлса! Лекин кейинроқ ўзимизнинг устимиздан кулдик. Денгиздан чиқиб чўмилмасангиз, сочларинг ҳурпайиб қотиб, баданингиз қандайдир ширали бўлиб қоларкан.

 Денгизда чўмилишнинг ҳам қоидалари бор экан, қуёш уришига қанақадир қарши дорилар суртиш керак экан, эрталаб ва кечки пайт, қуёш нури кучли бўлмаган пайтлар чўмилиш керак экан. Биз буларни қаёқдан билибмиз. Юзимиз, елкаларимизни офтоб уриб аввалига қизартирди, кейин қавариб чиқди, кейин роса қорайиб кетдик.

Илк марта пляжга борганда қирғоқда ястаниб ётган, чўмилаётган турли яланғоч одамларни кўриб шошиб қолганмиз. Айниқса, оппоқ баданини кўз-кўз қилиб юрган ёш аёллар, чиройли қизлар бизни роса гангитгани ҳам рост.  

Пляжда эрталаб одам кам...


Денгиз бўйидаги ресторанга кириб роса маишат қилдик, диджейга пул бериб Озодбек Назарбековнинг “Анжанчасига” қўшиғини қўйдириб, роса ўйнадик. Мусиқаси кавказчага ўхшаганми, кавказчадан ўғирланганми, ишқилиб ресторандаги кўпчилик ўйинга чиқди. Муҳими, диджей компьютерида ўзбекча қўшиқлар, айниқса Озодбек билан Юлдузнинг қўшиқлари кўп экан.

500 рублдан тўлаб яхтага миндик. Яхта денгиз ичкарисига 5 км. олиб кирди. Ўша ерда тўхтади, чўмилдик. Қирғоқ икки томонлама кўз илғаганча одам билан гавжум пляжлар экан.


Асосан, ўзимиз бозорлик қилиб, квартирамизда овқат пиширдик. Бу ҳам ўзича қизиқ. Кўпинча Азим димлама пиширарди. Ҳусниддин ҳам, Нодир ҳам яхшигина пазанда экан. Мен овқат пишириш бўйича мақтанолмайман. Барибир аралашиб, қўшилиб турдим. Кўпинча салат тайёрлардим. Кўчада фақат тушлик қилдик.

Жудаям ўзбек кўплиги ажаблантирди. Ҳаммаси қора ишда: қурилиш, кўча супуриш, ободонлаштиришда... Дуч келган қурилиш ёнидан ўтаётиб “Ҳорманглар” десангиз, “Бор бўлинг, бор бўлинг” деган икки-учта жавоб келади. “Ласточка” номли пляжда Жобир исмли бухоролик “земляк” билан танишдик.

Барибир Сочида зўр дам олдик. Қисқагина саёҳатимиздан “тўймай қолдик.” Чунки кўп жойларни кўришга улгурмадик. Ноилож, Москва қайтишга билетимиз бор. Ундан кейин Москвадан Самарқандга учишимиз керак. Яна келишни, бу сафар камида ўн кунга келишни ният қилдик. (Ва келгуси йили 15 кунга келдик! Бу алоҳида ҳикоя).

***

Сочидан кечга яқин учдик.

Суратни Нодир олган... шунга кўринмаяпти

Энг қизиғи, биз кун ботиш томонга учдик, шекилли, қуёш анча пайт ботмай, биз билан ёнма-ён юрди. Москвага кечаси келиб тушдик. Ҳусниддин такси чақириб қўйган экан. Эрталаб нарсаларимиз йиғиштириб, сумкаларга жойладик. Дўстлар бирин-кетин келиб хайрлашиб, совға-салом бериб кетишди. Салим “уйга конфет оласизлар” деб анчагина пул берди. Вика Леонидовна оиламга, болаларимга бир қучоқ нарса олиб келди. Ҳусниддин шунча хизмат қилгани, қанчалаб пул сарфлагани устига яна совғалар тайёрлаб қўйган экан.

Тушга яқин “Домодедово” аэропортидан ўзимизнинг қадрдон “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг яп-янги “Боинг” самолётида Самарқандга учдик. Бир нарсани айтишим керак: Москва аэропорти жуда катта бўлиб, юзлаб самолётлар учиб-қўниб ётади.

 Шулар орасида Ўзбекистон байроғи туширилган самолётларимиз чиройлилиги билан яққол ажралиб туради. Байроғимиз чиройлими ё бизга қадрдон кўринадими... Балки иккаласи ҳам тўғридир.

Самолёт Каттақўрғон Сув омбори устида Самарқанд аэропортидаги қўниш полосасига тўғриланиб оларкан. 70-80 км. масофа. Эҳҳе, ҳали Каттақўрғондамиз-ку, десангиз, гапингиз тугамасданоқ Жума шаҳри устидан ўтасиз. Буёғи жуда тезлашиб кетади... Сабаби, биз Каттақўрғондан машинада 70-80 км. тезликда бир соатда келамиз. Самолёт қўнаётганда ҳам тезлиги камида 300-400 км.с бўлади.

Телефонингизда самолётнинг расмчаси туширилган хизмат бор. Шуни ёқсангиз, телефонингизда антенна йўқолиб, кириш-чиқиш ўчади. Сабаби шуки, самолётда учсангиз, самолёт маълум бир баландликка чиққач, мобиль антенналар хизмат радиусидан юқорилаб кетиб, телефонлар ишламай қолади. Энг яхши баҳона сифатида, “самолётда эдим” деган маънода шу “самолёт” хизмати қўшилган.

Буни эслаганим сабаби, самолётимиз пастлаб телефон ишлаганда ўша пайтда вилоят Божхона хизматида ишлайдиган дўстим, қадрдон укам Диёрбекка қўнғироқ қилувдим. Юкимиз бўлмаса ҳам, божхона навбатига турмаслик учун. Чунки ўша пайтлар божхона назоратидан ўтишга соатлаб вақт ва асаб кетарди. Диёрбекнинг хизмати билан ҳаммасидан осонгина ўтганмиз.

- Қаердан телефон қилаяпсиз? – деганди Диёрбек ҳайрон бўлиб.

- Осмондан, самолётдан. Ҳозир қўнамиз, - дегандим ўшанда...



2011 йил июль.

Навбатдаги ҳикояларда: Қарши-Москва-Қарши автомобиль саёҳати ҳақида ўқийсиз... 


Report Page