Суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, коррупцияга қарши кураш жамиятда адолатни таъминлашга хизмат қилади

Суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, коррупцияга қарши кураш жамиятда адолатни таъминлашга хизмат қилади

@SayxunobodXabarlari

Маълумки, давлатнинг қудрати, аввало унда барча итоат этадиган тартиб интизом ўрнатилгани, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳар томонлама ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунларнинг мавжудлиги ва уларга изчил амал қилиш каби қатор мезонлар билан баҳоланади.

Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади. Одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.

Маълумки, жорий йилнинг 30 июнь куни "Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар" муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мазкур йиғилишда Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, бундай ўзгаришлар одамларимизда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда эканлигини, лекин, халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози дейишга ҳали асос йўқлиги сабабли суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, суд-ҳуқуқ тизимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, судьялар мустақиллигини ва одил судловни амалга оширишни таъминлаш юзасидан аниқ чора ва вазифалар белгилаб берилди. Бундан, мамлакатимизда суд тизими бўйича ҳам ислоҳотлар изчил тарзда давом этаётганлигини кўриш мумкин.

Мазкур йиғилишда одил судловни амалга ошириш борасида бир қанча ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашувни олдини олиш учун, судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш масаласи қўйилди.

Бундан ташқари, йиғилишда Президентимиз судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш масаласи кўтарилгани айни муддао бўлди. Суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш каби масалалар устувор вазифаларимиз қаторига киритилди. Зеро, мазкур ислоҳотлар адолатли жамият қуришнинг муҳим шартидир.

Шу билан бирга йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан яна бир муҳим масала - суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш масаласи қўйилди.

Рақамли технологиялар бугунги давр талаби эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Президентимиз томнидан жорий йил якунига қадар Олий судда ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш вазифаси юклатилди. Бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилади. Судлар жорий йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олиниши лозимлиги таъкидланди.

Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши кераклиги тўғрисидаги Президентнинг талабидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир судья ва суд ходими жуда катта масъулият ва фидойилик нуқтаи назаридан ўз вазифамизга ёндошишимиз, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган ушбу вазифаларни фуқароларимизни ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида сидқи дилдан бажаришга халқимиз олдида ва Президентимиз олдида масъуллигимизни унутишимиз керак эмас.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши кураш борасида ислоҳотлар муҳокама қилингани суд ислоҳотларига оид фикрларнинг узвий давоми бўлди. Бу борада Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этиш ҳақидаги фармонни қабул қилингани муҳим қадамдир. Мазкур янги ташкилот меҳнати туфайли коррупциянинг олдини олишни йўлга қўйиш кўзланмоқда. Жумладан, Агентлик коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолатини таҳлил қилиб, ҳар йили Президент ва Олий Мажлис палаталарига миллий ҳисобот киритиб боради. Жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо тоқатсизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган вазифаларимизни бажаришда, коррупцияга қарши курашишда кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор беришга кўмаклашади. Демак, коррупция муаммоларини ўрганиш бўйича алоҳида ўқув модули яратиш, раҳбар ходимлар, айниқса, ҳокимларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини шакллантириш бўйича малака ошириш курслари ташкил этилишида янги ташкил этилажак Агентлик билан ҳамкор ва ҳамфикр бўлса кўзланган мақсадга эришилади.

Зеро, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир.

 Ж.Маҳкамов,
Сайхунобод туман маъмурий судининг раиси
Каналга уланиш:
https://t.me/SayxunobodXabarlari

Report Page