Савол беринг, жавоб берамиз

Савол беринг, жавоб берамиз

@SayxunobodXabarlari

Савол: Карантинга жойлаштирилган шахслар телефонларининг олиб қўйилиши нечоғлик қонунга тўғри келади?

Жавоб: Шуни қайд этиш керакки, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддасига мувофиқ, юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида даволаш-профилактика ҳамда санитария-эпидемиология хизмати муассасалари томонидан қуйидагиларга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган тартибда ўтказилади:

юқумли ва паразитар касал деб гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш, ажратиб қўйиш ва касалхонага ётқизишга, шунингдек улар билан мулоқотда бўлган шахсларни лаборатория текширувидан ўтказишга ва уларнинг тиббий кузатувини олиб боришга;

юқумли ва паразитар касалликларнинг юқиш йўллари ва омилларини аниқлаш ҳамда уларнинг инсонга таъсир кўрсатишининг олдини олишга.

Вирусолог олимларнинг қайд этишларича, асосан пластикдан тайёрланган телефонлар ва маълумот тарқатувчи бошқа воситалар ўзида инфекцияни сақлаш ва тарқатиш хусусиятига эга бўлгани боис, уларни карантин ҳудудига олиб кириш санитар қоидаларга зид келади. Чунки инфекция қоғоз ва пластикнинг юзасида энг узоқ вақт – 5 кунгача сақланиб қолади.

Мазкур Қонуннинг юқорида кўрсатилган қоидаларини амалга ошириш ҳамда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бошқа ҳолатларни ва вирус ўчоқларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда карантинга жойлаштирилган коронавирус инфекцияси билан касалланган ёки ушбу инфекция бор деб гумон қилинаётган шахсларнинг мобиль телефонлари, аудио ва видео ёзув ускуналари, кредит карталари ва маълумот тарқатувчи бошқа воситаларини вақтинча олиб қўйишга оид меъёр кўзда тутилган. 

Жаҳон амалиётига назар ташлайдиган бўлсак, Россия, Сингапур, Исроил ва бошқа қатор давлатларда ҳам ҳудди шундай чоралар қўлланилмоқда. Хусусан, Россияда карантинга жойлаштирилган шахслар мулоқотда бўлган бошқа шахслар ва улар борган масканларни аниқлаш мақсадида телефонлардаги GPS-функцияси маълумотларидан фойдаланиш амалиёти кенг қўлланилади. 

Айни дамда, шуни эътиборга олиш керакки, айрим ҳолларда карантинга жойлаштирилган шахслар ўзлари мулоқотда бўлган шахсларни ошкор этишмайди ёки уларни унутиб қўйишади. Ўзбекистонда ушбу вирусни биринчи бўлиб юқтириб олган шахс билан боғлиқ ҳолат бунга яққол мисол бўла олади. 

Ушбу омилни ҳисобга олган ҳолда, вақтинча олиб қўйилган нарсалар фақат мазкур шахснинг касалланган даврида мулоқотда бўлган бошқа инсонларни ва ташриф буюрган жойларни аниқлаш мақсадидагина ўрганилади. 

Вақтинча олиб қўйилган нарсалар уларнинг эгаларига тиббиёт муассасасидан чиқиши билан уларнинг ўзларига ёки қариндошлари ёҳуд вакилларига қайтарилади. 

Вақтинча олиб қўйилган нарсаларни сақлаш тегишли тиббиёт муассасалари ҳамда ички ишлар, Миллий гвардия органларининг бўлинмалари билан ҳамкорликда ташкиллаштирилади. 

Бундан ташқари, ушбу чеклов жисмоний шахсларнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни ҳимоя қилиш имконини ҳам беради. Айрим ҳолларда ижтимоий тармоқларда карантин жойларига тааллуқли видео ва фотолар тарқалмоқда. Кўплаб постлар ва роликларда коронавируснинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар, хориждан келган фуқароларни сақлаш шароитлари тўғрисида ёлғон маълумотлар тақдим этилмоқда. Шу билан бирга ушбу муассасаларга жойлаштирилган бошқа шахсларнинг шахсий маълумотларини муҳофаза қилиш бўйича қонуний чекловларга риоя қилинмаяпти. 

Қонунга кўра, жисмоний шахсларнинг шахсга доир маълумотлари сир сақланадиган маълумотлар саналади. Ёлғон маълумотлар ва субъектив баҳолар аҳоли ўртасида ваҳима ёки турли асоссиз миш-мишларнинг пайдо бўлишига олиб келади, бу эса, ўз-ўзидан аҳолининг онгли равишда у ёки бу ҳаракатни содир этишига таъсир кўрсатади. 

Ана шулар ҳамда ушбу вақтинча чекловларнинг ўринли эканлиги боис, уларга тушуниш билан ёндашиш лозим. Пировардида, бундай тадбирлар фақат аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учунгина амалга оширилмоқда.

Саволга Сайхунобод туман адлия бўлими бошлиғи Н.Тагиров жавоб берди.

https://t.me/SayxunobodXabarlari




Report Page