Меҳри дарё халқинг, элпарвар Юртбошинг бор, йиғлама, она...

Меҳри дарё халқинг, элпарвар Юртбошинг бор, йиғлама, она...

@SayxunobodXabarlari

Жойлари шоҳистаи жаннатдан бўлгур раҳматли отажоним, “Барвақт туриб, Аллоҳдан ризқ-рўз сўра, ризқ-рўзингни беради. Саҳар туриб, эшик-деразангни очиб сўрасанг, Яратган эгам берадиган ризқ-рўзини фаришталари орқали қўшалоқ қилиб жўнатади” деганлари учун ҳар куни эрта-саҳар уйғониб, деразамни очиб, бешикаст, безиён шу тонгга етказганига Аллоҳга шукрона айтиб, рўзғоримга қут-барака, фарзандимга камолот, ишларимга ривож, юртимга тинчлик сўрайман.

Коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган карантин сабаб, кимдир машинада, яна кимдир пиёда ишга, ўз юмушлари билан шошаётганлар аввалгидек эмас, саноқли.

Кейинги 2-3 йил давомида бутунлай ўзгача ажиб чирой кашф этаётган Гулистон кўчалари ҳувуллаб қолган. Ҳар куни, мактабгача таълим муассасасига “боргим келмаяпти” дея инжиқлик қилиб, истамай борадиган қизалоғим “Ойижон боғчамиз қачон очилади, боғча опамни, ўртоқларимни соғиндим, уйда зерикиб кетаяпман, айтинг боғчамизни очишсин, энди ҳечам касал бўлмайман, ўртоғларим ҳам касал бўлишмайди” дея оёғимга осилади...

Ҳар доимгидек, эрта саҳар туриб, ювиниб, эшик деразаларни очдим, Худодан хонадонимга фаришталарини юборишини, ўзим, фарзандим ва жигарларимнинг ризқ-рўзини зиёда қилишини сўрагач, нонушта қилдим.

Деразаларни ёпиш мақсадида яқинлашгандим, тандирдан узилган иссиққина буғдой нонининг ҳиди димоғимни қитиқлади. Қишлоғим, болалигимдан онажонимнинг эрта саҳардан тандирдан иссиқ нонларни узиб, “Қани болаларим иссиқлигида сарёғ билан еб олингларчи, куни билан тўқ тутади. Тунов отанг Марғилондан олиб келган хон атласдан уччаловингга ҳам кўйлак-лозим қилиб тиктириб қўйдим. Отанг район марказига 1 май байрамига олиб боради” деган гаплари хаёлимдан ўтади.

Шу пайт бехосдан телефоним жиринглаб, бир чўчиб тушдим-да, шоша-пиша бориб тугмасини босдим. “Ало, ало, Моҳи, қишлоқдагиларингиз билан гаплашдингизми? Тинч эканми? “Сардоба” сув омбори уриб кетиб, бутун туманни сув босибди...”, дея ҳовлиққанча бир танишимнинг айтган гапларини эшитиб, бутун танамдан муздек тер чиқиб кетди, бўшашиб, қўлимдан телефоним тушиб ўтириб қолдим.

Билмадим, бир кун ўтдими, бир соатми ёки бир дақиқами, ўзимга келиб телефонни олдим, ҳалиги танишим, ҳали нималарнидир тўхтовсиз телефонда гапирарди, қулоғимга кирмади. Беихтиёр қизил тугмачасини босиб ўчирдимда, лекин нима қилмоқчи эканим ёдимдан чиқиб, бироз ўйланиб қолдим. “Сени қишлоғингни сув босди” дедими? Шартта, қишлоққа, акамга телефон қилдим. Телефонимдан: “Рақам ўчирилган ёки хизмат доирасидан ташқарида бўлиши мумкин!” деган жавоб эшитилди. Яна қайта-қайта тердим, худди ўша жавоб. Нима қиларимни билмай, оёғи куйган товуқдек, уйнинг у томонидан-бу томонига, бўзчининг мокисидек бориб келардим.

...Юртимизга фасллар келинчаги баҳор кириб келиши билан коронавирус

пандемияси ҳам кириб келиб, карантин жорий қилинди. Апрель охирларига келиб, Бухоро вилоятида тарихда бўлмаган, мисли кўринмаган тезликдаги ниҳоятда кучли довул туфайли, кўп жойларни вайронага айлантирди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай “Сардоба” сув омборидаги ўпирилиш натижасида юзага келган тошқин туфайли Сардоба, Мирзаобрд, Оқолтин туманларидаги 5 та қишлоқ сув тошқинидан жиддий талофат кўрди. Офат юз берган ушбу жойлар айнан мен туғилган Мирзаободда ва ўқиб улғайган Сардоба тумани. Ҳозир ҳар икки қишлоқда менинг жон-жигар, қариндош-уруғларим яшайди.

Яқинда йўқотган отамдан қолган боғ, отам асраб, авайлаб, эккан ҳар бир ниҳол, хаёлимда шундай лойқа тагида қолгандек, туюлаверди. Эҳтимол кимларгадир бу гапларим эриш, кулгили туюлар. Буни отасини йўқотганлар, изларини, ҳисларини соғинганларгина ҳис қила олади. Бу уйларда отамнинг панжа излари қолган. Боғларида эккан дарахтлари, туккан мевалари қолган. Мен ахир буларни қандай унутай?!.

Қизимни қўлидан тутдиму, ҳеч нарсани ўйламай қишлоққа йўл олдим. Шундай пайтда йўл ҳам роса чўзилиб кетар экан. Фарзандимнинг “Энди шаҳардаги бизнинг уйимиз нима бўлади, ойижон деган сўзлари”, бир кириб, бир чиқиб кетди. Бора-боргунча йўлларда кўрган даҳшат, одамзоднинг жони офат олдида ҳеч нарса эмаслигининг исботини ўз кўзим билан кўриб кетдим. Ниҳоятда машина ойнасидан қишлоғим кўзга ташланди.

“Бу қишлоқ нисбатан баландликда жойлашганлиги сабаб тошқин чиқмади-да” дея бизга тушунча беради ҳайдовчи.

Ҳақиқатдан, ҳам авваллари эътибор қилмаган эканманми, Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини нисбатан баландликда жойлашган экан. Шу сабаб бу офат қишлоғимизни четлаб ўтибди.

Ҳақиқатдан ҳам, эртага нима бўлишини олдиндан билиб бўлмас экан. Мен туғилган Мирзаобод туманидаги Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини, мен камол топган Сардоба туманидаги бизга қўшни Қўрғонтепа маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳволни кўриб, ишонсангиз, йиғлаб юбордим.

Ахир ўзингиз ўйланг, емай, ичмай, киймай, мисқоллаб йиғса-ю, уй солиб, боғ яратса, яхши ният билан мол-ҳол қилса, шунинг барчаси бир неча соатда сувга ғарқ бўлса?!. Бунга қандай изоҳ бериш мумкин? Бундан даҳшатлироғи ҳам бормикан?

Худога минг шукур халқимизнинг бахтига Шавкат Мирзиёевдек оқил, жасур, матонатли, элпарвар, халқпарвар, юртпарвар инсонни бизга йўлбошчи – Президент қилиб қўйган. Фожиа куниёқ давлатимиз раҳбари воқеа жойи – фожиа эпедцентрига тикка борди. Вайрон бўлган қишлоқларни кўздан кечирди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, вилоят фаоллари, эвакувация қилинганлар билан учрашди, суҳбатлашди.

Қанчадан-қанча давлат ишлари қараб турган бўлсада, Президентимиз 2 кун давомида, хавф бартараф этилмагунича фожиа жойидан кетмади.

...Асло саросимага учманг, тушкунликка тушманг, бузилган уйлар ўрнига замонавий янги уйлар қурамиз. Йўқолган мол-мулкингизни тиклаймиз, сув пайҳон қилган экин-тикинингизни тиклаш учун ер берамиз, ишсизларни иш билан таъминлаймиз. Озроқ сабр қилиб, меҳнат қилсангиз бас, ҳаммаси яна ўз изига тушади, дея таъкидлади Президентимиз.

Бу гапларини эшитиб, қишлоқдаги онам турган уй бўлишига, Гулистондаги ўзим яшаётган кўп қаватли квартирам бўлсада, гўё ўзимни яп-янги уйда, ҳозиргина соғилган сигир сутига ийланган хамирдан боғ тўридаги тандирда патир ёпгандек ҳис қилдим.

Сардобадан уйимга Гулистон шаҳрига қайтар эканман, йўлда Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларидаги тошқин жиддий зарар етказган 5 та қишлоқ сари мамлакатимизнинг Ғарб, Шарқ, Шимол ва Жанубидан келаётган “Саховат кўмаги” – озиқ-овқат, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, турли маиший, маданий, қурилиш моллари ортилган юк машиналари келаётган автокарвоннинг адоғини кўрмадим. Ахир бу ўзбекнинг, бутун ўзбекистонликларнинг эҳсонларику, сенга сардобалик элим!

Э-эй, жонажон халқим, сенчалик меҳри дарё, бағри кенг, қалби осмонлардек беғубор яна бошқа бир халқ – ер юзида бормикан-а? Халқини, юртини ҳар недан устун, халқи, юрти учун ҳар нега қодир яна бошқа Президент бошқарадиган давлат бормикан ер шарида-а?

“Сардоба” сувлари ён қўшнимиз, Қозоғистон давлатининг Туркистон вилояти Махтаарал туманидаги Сирдарё вилояти билан чегарадош 2-3 посёлкага ҳам ўтиб кетди. Ўзбекистонни турли техникалари, қурилиш, тиклаш бригадалари Қозоғистон посёлкаларини тиклашга киришди.

Нима бўлганда ҳам, қозоқлар ҳам туркий эл, динимиз бир. Майли, уларнинг посёлкаларини ҳам тиклаб берамиз. Биз бағри кенг андишали халқмиз. Бизнинг айбимиз билан юзага келган муаммони ҳатто, бошқа давлат ҳудудида бўлса-да ўзимиз бартараф этишга ўрганган халқмиз.

Йўлда келаётганимда, шаҳарга кирган жойдан сал ўтиб, йўл четида ўрта ёшлардаги бир аёл йиғлаб ўтирганига кўзим тушди. Ҳайдовчидан тўхтатишини сўрадим. “Бу ерда узоқ вақт туриб бўлмайдида, опча” деди ҳайдовчи норози оҳангда. Мен, бу ёғига ўзим пиёда кетишимни айтиб, тушиб қолдим. Аёлнинг ёнига бориб, нима сабабдан йиғлаётганини суриштирдим. Қизини ўтган йили Сардоба туманидаги Дўстлик маҳалласига турмушга узатган экан. Қудасининг бир уйида 3-4 оила яшаётгани учун қиз тараф пул йиғиб, янги лойиҳалар асосида қурилган уйнинг бошланғич бадалини тўлаб, янги намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйлардан бирини олиб берган экан. Уй тўйи қилганига ҳали 6 ой ҳам бўлмаган экан. Ана шу уйдан асар ҳам қолмабди, шунга, энди бошпанани қаердан топадию, унга пулни қаердан олади, деб йиғлаётган экан, она шўрлик.

Э-эй, она, сирдарёлик онажонлар йиғламанг!

Ахир шундай қалби дарё халқимиз, халқ суяр Юртбошимиз сизларни талафотлар, муаммолар билан ёлғиз ўзингизни юзма-юз қолдирармиди? дея бутун шаҳарга, йўқ-йўқ вилоятга, республикага, бутун жаҳонга бақиргим келди.

Моҳира ЮЛДАШЕВА,

Сирдарё вилояти

ЎЗА

https://t.me/SayxunobodXabarlari

Report Page