ҚЎНҒИРОҚ БОНГ УРДИ

ҚЎНҒИРОҚ БОНГ УРДИ

@SayxunobodXabarlari

Салим АШУР

Қўнғироқ бонг урди.

Соч-соқоли чанг,

Жиловни қўйвормай мудрайди сарбон.

Ҳар ён пучмоқларда бораётир жанг,

Жанглар орасида абадий карвон.

Зарралар шивирлар майда шевада,

Адашган тевада замину замон.

Омонат чайқалиб турган кемада

Шу мумтоз ҳаётга қарши ғалаён.

Боболар айтган гап: ҳаё йўқолди,

Нодонга паст кетди донолар бари.

Қуёшга ёйгандек кўриниб қолди,

Даврону давворнинг авра-астари.

Инсон-ку инсондан азият чекар.

Найзалар яраси битмаган ҳануз.

Ер юзига ажал уруғин экар,

Ғумбагидан чиққан коронавирус.

Гўё қитъаларга ёйилар олов.

Гўё Ер шарида улғаяр хатар.

Қайси гуноҳ учун асли бу тўлов,

Бошлаган қайси бир худобехабар?

Шарқ билан Ғарб яна бўлди юзма-юз,

Шимол билан Жануб елкама-елка.

Ҳар ерда бир хилда порламас юлдуз,

Дард ҳар ерда бир хил ботади элга.

Бани башар билан баҳсда маккор ёв

Ўрмалар эътиқод меҳвари сари.

Кўзга кўринмасдан қилаётир ов,

Ёнар кимларнингдир умр дафтари.

Маконлар, ошёнлар, маъволар – ғариб,

Умид чорлайверар ёруғ манзилда.

Уммонлар югурар қирғоқ ахтариб,

Бахт йўли битилган сув билан гилда.

Юртга зарра-зарра ёйилган иллат

Метин иродага етказолмас дарз.

Аср синовидан ўтмоқда миллат.

Азиз умр билан тўланмоқда қарз.

Табиблар, ҳабиблар, ёш-қари – ҳамма...

Дилларни боғлади зўр сафарбарлик.

Кундузлар тунларга қилмайди таъна.

Нажот бўлгай буюк ватанпарварлик.

Фидолик дунёни оқ йўлга солар,

Қўлни қўлга берар заминдошларим.

Керак бўлса, чўғни қўлига олар,

Турли қитъаларда қариндошларим.

Агар синовларга ташласа ҳаёт,

Халқим, толеинг деб туну кун юрдим.

Сенинг сўзинг билан чиқарди савод,

Курраи Заминга дармон бўл, юртим!

2020 йил 30 март

https://t.me/SayxunobodXabarlari

Report Page