Брифингда Сирдарё вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Дустов Даврон Зулхайдарович соҳага оид саволларга жавоб берди.

Брифингда Сирдарё вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Дустов Даврон Зулхайдарович соҳага оид саволларга жавоб берди.

@SayxunobodXabarlari

1-савол: Мактабгача таълим бошқармаси томонидан короновируснинг олдини олишга доир қандай чоралар кўрилмоқда?

Жавоб: Бугунги кунда вилоятдаги 367 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти тўхтатилди. Барча турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида дезинфекция тадбирлари амалга оширилди.

16 мартдан бошлаб, яъни карантин даврида МТТларга болаларни қабул қилиш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш тўхтатилди.

Тиббий ҳамширалар ва тарбиячилар томонидан ҳар куни барча тарбияланувчилар орасида телефон орқали патронаж ўтказилиб, унинг натижаси ҳақидаги кундалик маълумотлар мактабгача таълимни бошқарув органларида ташкил этилган ШТАБларга юборилмоқда.

2-савол: Мактабгача таълим тизими ходимларининг карантин даврида иш жараёни қандай тартибда ташкил этилган ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўланиши қандай амалга оширилмоқда?

Жавоб: Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси, туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг айримлари йиллик меҳнат таътилига чиқарилган, асосий фаолиятда зарур бўлган ходимлар ташкилотда туриб меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда, аксарияти масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилган.

Карантин даврида мактабгача таълим ташкилоти мудираси ва қоровул ўз иш фаолиятини давом эттирмоқда.

Ходимнинг меҳнат фаолиятига кўра иш ҳақи меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда тўланмоқда. Меҳнат таътили тугагандан кейин, ходим ўз ҳисобидан пул тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқишга рози бўлмаса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 159-моддасига асосан ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда тўлов амалга оширилади.

3-савол: Мактабгача таълим тизими ходимларининг меҳнат таътиллари узайтириладими?

Жавоб: Меҳнат таътили тугагач, иш берувчи билан келишган ҳолда ё масофадан ишлашингиз, ё тўлиқ бўлмаган иш режимига ўтишингиз ёки бўлмаса, ўз ҳисобингиздан таътил олишга ҳақлисиз. Ҳар қандай ҳолат сизнинг розилигингиз асосида амалга оширилади.

4-савол: Мактабгача таълим ташкилоти мудираси ҳар куни тарбиячилардан карантин чоғида уйда бўлаётган тарбияланувчиларнинг соғлиги ва ҳолати юзасидан маълумот сўраб олиши тўғрисидаги ҳолати тўғрими?

Жавоб: Ҳа, тўғри. Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 29 февралдаги қўшма Қарори асосида ҳар бир мактабгача таълим ташкилотида болалар ва педагоглар, ходимларни коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича огоҳлантириш ва чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Штаб ташкил қилинган бўлиб, мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ва тиббиёт ҳамшираси томонидан ходимлар ҳамда болалар саломатлиги бўйича телефон орқали маълумот олиб турилади ва тегишли тавсиялар бериб борилади.

5-савол: Онлайн машғулотларни қайси сайт ёки платформадан такроран кўриш мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Миллий телерадиокомпанияси ёрдамида ота-оналарга мактабгача ёшдаги болаларга тизимли, фойдали ва ривожлантирувчи таълим беришда услубий ёрдам сифатида «Онлайн болалар боғчаси» дастурини ишлаб чиқди, жорий йилнинг 1 апрель кунидан бошлаб, машғулотлар “Болажон” телеканалида соат 8.00-16.00 гача намойиш қилинмоқда.

Бундан ташқари, Онлайн-машғулотлар вазирликнинг расмий сайти, Youtube канали, instagram ва facebookдаги саҳифаларига жойлаштирилган.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тайёрланаётган видеомашғулотлардан бемалол фойдаланиш учун интернет провайдерлар ва мобиль алоқа операторлари томонидан жорий йилнинг 1 май кунига қадар бепул фойдаланиш мумкин.

6-савол: Машғулотлар давомида кўрсатилаётган амалий қўл ишларини ишлаш жараёни тез бўлаётгани, шу боис қайта кўрсатилиши ёки эфир вақтини сал узайтириш имкони борми?

Жавоб: Психологларнинг фикрига кўра, одатда кичик ёшдаги болалар учун 20-25 дақиқадан ортиқ машғулотлар зерикарли бўлганлиги учун, онлайн машғулотлар хронометражи 20-25 дақиқага мўлжалланган. Фарзандларимизни теле эфир орқали қўл меҳнати машғулотларига улгурмай қолишлари мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, машғулотлар Youtube ва телеграм каналларида онлайн боғча ва "Ақлвой" рукни орқали жойлаштирилмоқда.

7-савол: Ментал арифметикани уйда ўрганиш учун болаларга қандай асосий ўқув қуроллари зарур, улардан уй шароитида фойдаланиш шартми?

Жавоб: Ментал арифметикани ўргатишнинг бошланғич босқичи ўтказилмоқда. Бошланғич босқичда болаларга абакус харид қилиш шарт эмас. Бу машғулотлар асосан болани асосий математик тушунчалар билан таништиришга, уларда кичик моторикани ҳамда хотирасини ривожлантиришга қаратилган.

8-савол: Таътилдаман. Таътил муддати тугагач, боғчалар очилмаса, фарзандимга ким қарайди?

Жавоб: Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилиши давом этиши муносабати билан ходимнинг меҳнат таътили тугаш куни ишга чиқиш имконияти мавжуд бўлмаса, иш берувчи номига муддати ва бошланиш санаси кўрсатилган иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил олиш ёки масофавий иш усулига вақтинча ўтказиш бўйича ариза ёзилади. Ҳар қандай ҳолат сизнинг розилигингиз асосида амалга оширилади.

9-савол: Карантин сабабли 2020 йил 16 мартдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат МТТларига ва оилавий МТТларига бюджетдан субсиядиялар бериш тўхтатилган. Бу эса айрим нодавлат МТТлари раҳбарлари томонидан нодавлат МТТларга субсидия берилмаётганини важ қилиб, ишчи-ходимларга март ойи учун иш ҳақини тўлиқ бермасликка сабаб бўлмоқда. Шу тўғрими?

Жавоб: Субсидиялар ҳар ойда таълим муассасаларида таълим олаётган ҳар бир бола учун давлат мактабгача таълим муассасасининг бир нафар тарбияланувчисига сарфланадиган харажатлар суммаси миқдорида ажратилиши белгиланган. Республикадаги барча мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти 16 мартдан вақтинчалик тўхтатилгани туфайли Молия вазирлиги томонидан субсидия ажратиш тўхтатилган. Бироқ, бу ходимларнинг ойлик маошини тўламасликка асос бўлмайди!

Ҳар бир корхона ва ташкилотнинг иш хусусияти турлича бўлгани ҳамда меҳнат шартномаси ташкилот билан тузилгани учун меҳнат таътили, ўз ҳисобидан таътил ёки масофавий ишлар иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишув асосида бўлиши лозим.

Асос — Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги № 378 сонли Қарори билан тасдиқланган Низом.

10-савол: Мактабгача таълим ташкилотларига олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотлари карантин даврида қандай тартибда сақланмоқда?

Жавоб: Мактабгача таълим ташкилотлари омборхоналарида қолдиқда қолган озиқ-овқат маҳсулотлари тегишли ҳисоб-китоблар асосида етказиб берувчи корхоналар билан келишилган ҳолда ўрнатилган тартибда карантин даври тугагунга қадар корхоналарга қайтариб берилди.

11-савол: Бугунги кунда кўпчилик мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари хонадонларга келиб, болаларнинг оилада таълим-тарбия олаётгани ва ривожланаётганлиги ҳолатини видеога туширишмоқда, бугунги карантин даврида шу ҳолат тўғрими?

Жавоб: Бугунги карантин даврида мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг бу хатти-ҳаракати нотўғри ҳисобланади. Бу ҳолатда, болаларни оилада ривожланиши, онлайн машғулотларни телеканаллар орқали томоша қилаётганлиги ва зарур билимларни эгаллаётганлиги бўйича жараён ота-оналар томонидан видеога туширилиб, мактабгача таълим ташкилоти раҳбарияти ёки тарбиячиларига юборилиши мақсадга мувофиқ.

https://t.me/SayxunobodXabarlari

Report Page