Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш келажак иқтисодиёти равнақидир.

Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш келажак иқтисодиёти равнақидир.

@SayxunobodXabarlari

Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш келажак иқтисодиёти равнақидир.

Халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, қодир Оллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган.

Шавкат Миромонович Мирзиёев.

Бутун дунёда коронавирус пандемиясининг салбий оқибатлари нафақат инсонларнинг соғлиғи, балки тадбиркорлик фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Кўрилаётган кескин чораларга қарамасдан пандемия дунё иқтисодиётига катта зарар етказиши ва инқироздан чиқиб кетиш осон бўлмаслиги, кўплаб мутахассислар томонидан башорат қилинмоқда. Бунинг тасдиғи сифатида айтиш мумкинки, аксарият мамлакатларда макроиқтисодий нобарқарорлик белгилари пайдо бўлаётганлиги, глобал қиймат занжирида кузатилаётган узилишлар, транспорт ва хизматлар соҳаларида жиддий инқироз ҳолатларининг юзага келаётганлиги натижасида жаҳон иқтисодиётида глобал хавф-хатарлар ва рецессия ҳолатини келтириб чиқаришга замин тайёрлай бошланди. Юзага келган ҳолат ҳар бир мамлакат иқтисодиётида мавжуд моддий ва молиявий ресурсдан, шунингдек заҳиралардан самарали ва оқилона фойдаланишни талаб этади. Мана шундай бир вазиятда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 19 март куни “ Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбир тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Шунингдек мазкур Фармоннинг минтақавий давоми сифатида “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг имзоланиши Ўзбекистонда коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича қўйилган жуда муҳим қадам бўлди.

Мазкур Фармон билан, иқтисодиётимизни барқарор ишлашини таъминлаш, ушбу қийин вазиятда тадбиркорлар, ҳунарманд, фермерлар ва корхоналарни фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли аниқ чоралар белгиланмоқда. Жумладан, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида, уларга солиқдан қатор имтиёзлар, ижара тўловлари ва банк кредитларини тўлашда катта енгилликлар берилмоқда. Шубҳасиз, ушбу чоралар иқтисодиётимизни барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади. Аҳамиятли томони, Фармонда аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланган. Жумладан, шу йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмаслиги белгиланган. Ушбу ҳолат шубҳасиз, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол товарларининг нархларини ошиб кетмаслигига хизмат қилади.

 Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани топшириш талаб этилмайдиган бўлди.

Ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар қуйидаги солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди.

Жорий йилнинг 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилди.

 Битта қарз олувчига давлат жамғармаси томонидан бир вақтда ҳам кафиллик, ҳам компенсация беришга қўйилган чеклов бекор қилинди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатда мораторий жорий этилди.

Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилди.

Йил якунига қадар қарз берувчига фоиз шаклида даромад тўлаш мажбуриятисиз қарз (қайтариб бериладиган молиявий кўмак) тақдим этилганда солиқ солиш мақсадида қайта молиялаш ставкаси (асосий ставка) асосида аниқланадиган даромад айланмадан олинадиган солиқ ҳамда фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди ва ўз навбатида солиққа тортилмаслиги кўрсатилиб ўтилган.

Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилди.

Фойда солиғини аввалги чорак якунлари асосида ҳисоблаш бўйича ўрнатилган талабларни бекор қилган ҳолда, ушбу солиқни тўловчилар 2020 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб, кутилаётган ҳажмлардан келиб чиқиб фойда солиғи бўйича аванс тўловлар суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди. Солиқ тўловчилар томонидан мазкур ҳуқуқни суъистемол қилиш ҳолатлари аниқланганда давлат солиқ хизмати органларига фойда солиғи бўйича аванс тўловлар тўғрисида тақдим этилаётган маълумотномаларга ўзгартиришлар киритиш ваколати берилди.

 Буларнинг барчасидан шу нарса кўриниб турибдики, ҳар қандай шароитларда ҳам давлатимиз Ватан равнақи учун меҳнат қилиб келаётган тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, берилган имтиёзлардан аҳолимиз, тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерларимиз ҳамда корхона раҳбарлари томонидан оқилона фойдаланишимиз керак. Бу борада барчамиз бир тану жон бўлиб мамлакат келажаги, халқимиз фаровонлиги ва омонлиги йўлида бу мураккаб синов даврини енгиб ўтишга ўз ҳиссамизни қўшиб, фуқаролик бурчимизни адо этайлик!

Ҳурматли юртдошлар, ўзингиз ва оила аъзоларингизни асранг!

Улуғбек Сотиболдиев,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси. “ Bek klaster ” МЧЖ таъсисчиси.

https://t.me/SayxunobodXabarlari

Report Page