Хотиржамлик лозим аммо огоҳликни ҳам унутманг!

Хотиржамлик лозим аммо огоҳликни ҳам унутманг!

@SayxunobodXabarlari

Барчага маълумки, Хукуматимиз томонидан коронавирус деб аталган офатнинг олдини олиш бўйича барча зарурий чора-тадбирлар белгиланган. Бундай балодан қутулишнинг асосий омилларидан бири ҳушёрликни қўлдан бермасдан, ҳамжиҳатлик билан биргаликда курашишимиз лозим.

Кўзланган мақсадга эришмоғимиз учун ҳар бир фуқаро нафақат ўзининг, балки ён-атрофдагиларнинг, энг аввало оила аъзоларининг саломатлигига дахлдорлигини унутмаслиги керак.

Хотиржамлик ҳам керак, лекин огоҳликни ҳам қўлдан бермаслик лозим. Оқилона иш тутган ҳолда биринчи навбатда мутахассис шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, фарзандларимиз билан ўз хонадонимизда, иш жойимизда ва жамоат жойларида қатъий амал қилишимиз зарур.

Мутахассис сўзига гар солсанг қулоқ,

Бахтсиз воқеадан бўласан йироқ, деб бекорга айтишмайди.

Дунёни ташвишга солиб қўйган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, ақл билан иш юритиб, ҳаракат қилмоғимиз зарур. Аҳоли ўртасида, барча ташкилотларда депутатларимиз, нуронийларимиз, маҳалла ва хотин-қизлар, ёшлар бирлашмалари фаоллари оммавий ахборот воситалари орқали холис ва ҳаққоний, кенг тушунтириш ишлари олиб борилаётгани нур устига аъло нур бўлмоқда.

Бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ўзига хос синовдан ўтказаётган коронавирус пандемиясини ортиқча хавотир ва саросималарсиз енгиб ўтишга ақлимиз ҳам, қурбимиз ҳам етади.

Ушбу синовли дамларда халқимиз сабр ва ўзининг бардошли эканлиигини намоён қила олади. Ушбу пандемиядан аҳолимизни эҳтиёт қилиш чораларини кўриш мақсадида вилоятдаги барча секторлар, ташкилотлар раҳбарлари, бутун жамоатчилик, тиббиёт ходимлари бор имкониятларни ва куч воситаларини сафарбар этмоқда.

Ҳозирги ҳолатнинг нечоғлик жиддий ва ташвишли эканлигини чин дилдан ҳис қилган кўплаб юртдошларимиз имкониятларидан келиб чиқиб, халқимизга руҳан мадад бериш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ҳимоя ва гигиеник воситаларини, озиқ-овқат маҳсулотларини беминнат тарқатаётгани, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар холидан хабар олаётгани таҳсинга лойиқдир. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар ҳам халқимизнинг азалдан бағрикенглигининг яққол намунасидир.

Ишончим комилки, ушбу синовли дамларда огоҳликни сусайтирмаган ҳолда ўзимизга, оиламизга, маҳалладошларимизга, эътиборли бўлиб, хавфли касалликка чалинмаслик учун кўрсатмаларга амал қилиб, ҳар биримиз масъулиятни оширишимиз ва гигиена қоидаларига амал қилишга қодирмиз.

Бундай синовли кунларда доимий ҳушёрликни сақлаган ҳолда уйда қолинг.

Анвар Тўйчиев

Олий Мажлис Сенати аъзоси

https://t.me/SayxunobodXabarlari

Report Page