Меҳр ва мурувват миллий фазилатимиз!

Меҳр ва мурувват миллий фазилатимиз!

@SayxunobodXabarlari

Жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳар бир фуқароси, дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ушбу жаннатмакон Ватан фарзанди эканлигидан ғуруланиши, буни қадрига етиши ва энг аввало кўз қорачиғидек асраб авайлаши керак. Меҳр, мурувват, оқибат, яхшилик эзгу амаллар каби туйғулар инсонда қай ҳолатда ривож топади, қачон намоён бўлади? Катталарнинг ёшларга панд-насиҳати, кексаларнинг “бир-бирларинга меҳр оқибатли бўлинглар” - деган ўгитлари орқали биз меҳр оқибатли бўлиб қоламизми? Йўқ албатта! Бунга кўплаб ҳаётий мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Оллоҳ таоло ер юзида биринчи бўлиб инсонни яратганида, унинг жуфти бўлмиш аёл зотини унинг қовурғасидан яратди. Яъниким, инсон танасининг бир бўлаги унинг жуфти ҳалоли, опаси, синглиси ва қизи бўлиши мумкин, мажозий маънода албатта. Фарзанд, бир жуфтликнинг бир-бирига кўнгил қўйишидан ҳосил бўлган меҳр – у, муҳаббатининг меваси, икки қалб соҳибларининг соф туйғулари бирлашувидан ҳосил бўлган неъматлар афзалидир. Ҳар бир оилада туғилиб, энди тетапоя қилиб юришга ҳаракат қилаётган, кўз ўнгида содир бўлаётган ҳар бир воқеа ҳодисаларга қизиқиш ила қараётган, болажонлар атрофида содир бўлаётган ҳодисаларга муносабатни Сиз-у, биз катталар қай ҳолатда тасвир этсак шу ҳолатда қабул қилади. Оиладаги муҳит ота-онанинг бир-бирига, атрофдагиларга қайсидир предметга бўлган муносабати, ҳатти-ҳаракати худди шундай болада ҳам шаклланади. Бир ўйлаб кўринг, илоннинг чақишини, илон чаққан одам хасталаниши ёки нобуд бўлишини билмай туриб унда ўша ҳайвонга бўлган салбий муносабати, қўрқиш ҳисси, бошқа оила аъзоларига қараганда кўпроқ ота-онасини яхши кўриши, уларнинг олдида эркинроқ ҳаракат қилиш ҳолатлари ҳам ҳаёт қийинчилик ва дарду-ташвишларини, атрофда содир бўлаётган яхшилик ва ёмонлик тушунчаларини билмаган, кўрмаган бўлсада, ушбу туйғуларнинг ўша муҳит таъсирида пайдо бўлиши билан боғлиқдир. Шундай экан аввало инсон қалбида меҳр-мурувват, одамларнинг бир-бирига бўлган оқибати, яхшилик ва ёмонлик каби туйғуларини ёшлигидан шакллантириш, маънавий бойлигини доимо унинг гувоҳлигида бойитиб бориш, соф инсоний туйғулар билан салбий иллатларнинг фарқини ёшлигиданоқ тўғри англатиш, китоб билан дўстлаштириш, табиатни, ватанни севиш ва бир сўз билан айтганда комилликка етаклаш ҳар бир ота-онанинг ҳаётдаги энг муҳим вазифасидир.

Ҳар бир инсон аввало она қорнидалиги пайтидан шу юртнинг ҳалол-у пок неъматларидан баҳраманд бўлиши, туғулиши билан ўз онасини, у орқали Ватанини таниши, биринчи қадамларини шу юрт тупроғига босиши, беғубор ёшлик дамлари, биринчи устози, қалбида пайдо бўлган тушунарсиз аммо, ёқимли туйғулар сабабчиси-илк муҳаббатини, бир умрлик ёстиқдоши, жуфт ҳалоли билан боғланган бахт кечаси, висол онлари, туғруқхона остонасида туриб “Оталик” бахтидан сармаст кунлари, фарзандларининг илк қадамлари, биринчи синфга қадам қўйиши, берган тарбиялари самараси бўлмиш “Отанга раҳмат” сўзларини эшитиши, қадрдон инсонларининг энг бахтли кунларида елкадош бўлиш бахтига сазоворлиги Оллоҳ таоланинг ер юзидаги ҳеч бир жонзотга берилмаган тенгсиз неъматидир. Ушбу неъматлари ила инсонларга ато этилган тенгсиз мурувват, меҳр-муҳаббатнинг асл рамзидир. Шундай экан, эй ватандош шу бир неча йиллик ушбу синовли умр карвонида бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлайлик. Яқинларимиз қадрига етиб, фарзандларимиз тарбиясига эътиборли бўлайлик. Токи биздан кейинги авлодларга яхши фазилатларимиз, меҳр-оқибатимиз мерос бўлиб қолсин.

Республика маънавият ва маърифат маркази, Сайхунобод туман бўлинмаси.

https://t.me/SayxunobodXabarlari



Report Page