СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР ЎГИТЛАРИ

СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР ЎГИТЛАРИ

@yangihayot_gazetasi

Мана бобомиз Амир Темур таваллудига ҳам озгина фурсат қолмоқда,тарихда шундай шахслар бўлганки, уларнинг шахсига ҳурмат ва юрт равнақи учун қилган хизматлари асрлар оша ўз аҳамиятини сақлаб қолади. Шундай буюк сиймолардан бири Соҳибқирон Амир Темурдир.Соҳибқирон бобомиз ҳозирги Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Ҳўжа Илғор қишлоғида Барлос қабиласининг нуфузли амири Тарағай Барлос оиласида 1336 йил 9 апрел куни таваллуд топган.

Амир Темур ўз ҳаётини юрт тинчлиги, халқ фаравонлиги ва шон-шухратини оламга ёйиш учун хизмат қилишга бағишлади. Унинг сай ҳаракатлари билан сиёсий тарқоқликдан изтироб чекаётган халқ урушнинг офату-балолари, вайронагарчилик ва ташқи тажовузлардан ҳимоя қилинди. Мамлакат чингизийлар дучор қилган ўзаро урушлар ва қаҳатчиликдан ҳалос бўлди. Марказлашган давлат қайта тикланди. Бу давлат барча ижтимоий табақарларнинг мақсад ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маслаҳат ва кенгаш, шунигдек, қонун ёрдамида бошқарилган.

Давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи тармоқларга бўлинган. Қонун чиқарувчи орган қурултой уруш ва сулҳ, олий ҳукмдорни сайлаш каби масалаларни муҳокама қилган ва қонунийлаштирган.

Давлатнинг ижроия тизими девонлар ва бошқа олий давлат идораларидан иборат бўлган. Ижроия тизим қурултой қабул қилган қарорларни, подшох фармонларини ва давлатнинг кундалик юмушларини ҳаётга тадбиқ этган. Темур тузукларида ёзилганидек, маҳаллий ҳокимлардан раиятдан мол-ҳирож йиғишда уларни оғир аҳволга солиб қўймаслик ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиши талаб қилинган.

Соҳибқирон бобомиз бизга мерос қилиб қолдирган «Тузуклар»ни ўқиганда инсон қандайдир катта руҳий куч-қувват топгандек бўлади. Ҳар бир сатри бир умр эл-юрт, салтанат ташвиши билан яшаган фидойи инсон, улкан давлат арбобининг кенг миқёсдаги ўй-фикрлари, ҳаёт ва кураш тажрибаси, мушоҳадаси, баъзан эса дардли ва изтиробли кечинмалари билан суғорилган бу асарда қандай теран маъно мужассам эканини маърифатли, зукко китобхон яхши англайди, албатта. Китобдаги ҳеч қачон эскирмайдиган ҳаёт ҳикматларининг қанчалик тўғри эканига кўп бор ишонч ҳосил қилиш мумкин. Масалан, “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхширокдир”, деган фикрлар бугунги кунда ҳам нақадар долзарб экани барчамизга аён. Ёки у зотнинг: “Салтанат ишларининг тўққиз улушини машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтириш зарур”, деган кўрсатмаларида ҳозирги нотинч замон учун, XXI аср сиёсатдонлари учун ҳам ҳар жиҳатдан ибратли фикрлар борлигини таъкидлаш жоиз.

Давлатда қонун устуворлиги таъминланган. Қозилар ўз фаолиятида фақат ислом ва шариат кўрсатмалари, йосоқ ва тузукларга таяниб қолмай, балки улуғ фақиҳлар ёзган қўлланмалар (фатволар)га ҳам таяниб иш юритганлар.

Қозихонада гумондорнинг айби фақат тўрт нафар гувоҳ олдида исбот қилингандан кейин, содир этган жиноятига кўра ҳукм чиқарилган.

Ҳарбий тарих Амир Темурни ўрта асрнинг энг йирик саркардаларидан бири деб ҳисоблайди. Унинг ҳарбий маҳорати икки йўналишда - аскарий қисмларни қайта ташкил этиш ва лашкарбошиликда намоён бўлди. Аскарий қисмлар етти бўлакдан тузилган. Жанг даврида қўшининг ялпи ҳужуми ва сиқув билан душманни маҳф этиш тажрибасидан воз кечилган. Унинг истедоди Олтин Ўрда хони Тўхтамиш, Деҳли султони Султон Маҳмуд ва Усмонли Турклар ҳукмдори Боязид Елдиримлар устидан қозонган ғалабалар мисолида яққол кўзга ташланди. Амир Темур бўйсундирилган ерларни қайта тиклаш ва ободонлаштириш йўлида тиним билмай ҳаракат қилди. Иқтисодиётни изга солиб, раият турмушини яхшилашга интилди. Унинг бунёдкорлик фаолияти Мовароуннаҳрда кўлами жиҳатидан беқиёс эди. Кешда қурилган мухташам Оқсарой биноси деворлари зангори ва олтин рангдаги арабий нақшли, гулдор ўймакор қилиб безатилган. Самарқанд гўзаллиги, катталиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан устун туриши режалаштирилди. Шаҳарнинг атрофидаги қишлоқларга Шарқнинг йирик марказлари бўлган Дамашқ, Миср (Қоҳира), Бағдод, Султония, Шероз номлари берилди. Моҳир меъмор, тажрибали қурувчилар меҳнати билан шаҳарнинг атрофида боғлар барпо этилди. Самарқанд ўзиниг қадимги ўрнидан жануброқда қайта қурилди. Шаҳарда қурилган Бибихоним масжиди, Гўр амир ва Шоҳизинда мақбаралари каби қатор бинолари бугунги кунда жаҳон меъморчилиги дурдоналари қаторида ўрин олган.

https://t.me/yangihayot_gazetasi

Report Page