Карантин даврида 14 ёшгача бўлган фарзандига қараб турган шахсларга моддий ёрдам кўрсатилади

Карантин даврида 14 ёшгача бўлган фарзандига қараб турган шахсларга моддий ёрдам кўрсатилади

@SayxunobodXabarlari

Президентимиз бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда, давлатимиз раҳбари фуқароларимизга яна бир бор мурожаат қилиб, барчамизни огоҳликка чақирди.

Юртбошимиз раҳбарлигида ва ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда коронавирус инфекциясини олдини олиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилиб, бир қатор чекловлар жорий этилаётир ва ўз навбатида карантин даврида қатор имтиёзларни ўз ичига олган фармон, қарор ва муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан республика Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши 10 триллион сўм ҳажмдаги жамғарма тузилди.

Тадбиркорлар, хўжалик юритувчи субъектларига ҳар хил турдаги солиқ имтиёзлари, карантинга олинган ота-оналар ва уларнинг 14 ёшга тўлмаган фарзандларини парвариш қилаётган шахсларга моддий ёрдам, балки, тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларга ҳам ойлик лавозим маошига қўшимча тўловлар жорий қилиниши каби бир қатор имтиёзлар берилиши белгиланди. Шунингдек, аҳолига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тизими ташкил этилди.

Ўзбекистон ҳукумати Осиё тараққиёт банки (ОТБ)дан коронавирус пандемияси туфайли бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард долларгача маблағ ажратилишини сўраб мурожаат қилди. Ўз навбатида, ОТБ Ўзбекистоннинг вирус тарқалиши билан боғлиқ тиббий эҳтиёжлари учун 200 минг АҚШ долларига тенг миқдорида грант ажратилишини ҳам маъқуллади. Бундан ташқари, банк томонидан, республика соғлиқни сақлаш тизимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қўшимча маблағларни жалб қилиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Яқин кунларда банк раҳбарияти томонидан ва пандемия шароитида Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишини рағбатлантириш ва барқарорлигини таъминлаш учун қўшимча молиявий ресурсларни ажратиш масаласи кўриб чиқилади.

Лекин халқимиз томонидан бунга жавобан оддийгина уйда ўтириш кераклиги ҳақидаги талабни бажармаслик, юқорида келтирилган рақамларнинг тобора ўсишига сабаб бўлаётир.

Коронавирус – хорижий давлатларда кўплаб фуқароларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари маълумотларни мунтазам равишда бериб бораётир. Хусусан Россия Федерациясида коронавирус юқтирганлар сони бир кеча-кундузда 601 нафарга ошди.

Бугунги кун ҳисобига ушбу давлатда коронавирусга чалинганлар сони 4 минг 149 нафарни ташкил этмоқда. Ана шу касалликни юқтириб олганларнинг 80 фоизи Москва ва Москва атрофига тўғри келаётир.

Испанияда аҳвол бундан-да оғир. Кунига 300 нафар испаниялик яқинларидан жудо бўлмоқда. Мамлакатда касалликдан вафот этган одамларни кўмиш учун навбатлар ҳосил бўлмоқда. Суғурта компаниялари марҳумларни кўмиб улгурмаяпти. Испанияда аҳволнинг бу даражада оғирлашувига мамлакат раҳбариятининг жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб Евроиттифоқ ҳамда ЖСТнинг огоҳлантиришларига қарамай, халқ тақдирига бепарво бўлгани сабабдир. У ерда карантин 16 мартда эълон қилиниб, орадан бир ярим ҳафта ўтибгина кучайтирилди. Ҳозир Испанияда карантин тартибини бузган шахсларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилиб, 600 минг евро жаримадан тортиб, қамоқ чорасигача бўлган жазо белгиланди. Аммо, шунга қарамай, мамлакатдаги аҳвол ўнгланиши жуда қийин кечаяпти.

Ўзбекистонда ҳам бугунги кунга келиб, карантин тартибини бузган фуқароларга нисбатан қатъий жазо чоралари белгиланди. Аммо, шунга қарамасдан, мамлакатимизда карантин қоидаларини бузаётган фуқароларимиз ҳам оз эмас.

Миллий гвардиянинг телеграмдаги расмий каналида хабар берилишича, жорий йилнинг 2 апрели, бутун кун давомида республикамиз бўйлаб Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан 2 минг 444 та карантин қоидаларини бузиш ҳолати аниқланди.

Шундан 2 минг 443 нафар тартиббузар маъмурий жавобгарликка, 1 нафари эса жиноий жавобгарликка тортилди.

Қадрли юртдошлар, агар биз ҳам карантин қоидаларига қатъий амал қилсак ва зарур бўлмаган ҳолларда кўчага чиқмасдан уйимизда сабр билан ўтирсак, вирусни тарқаб кетишига имкон қолдирмаган бўлар эдик ва тез орада бутун дунёни ларзага солаётган коронавирус аталмуш балодан халос бўлардик.

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

ЎзА

https://t.me/SayxunobodXabarlari




Report Page