Сайхунобод туман ҳокими Б.Мирзақуловнинг туман аҳолисига М У Р О Ж А А Т И

Сайхунобод туман ҳокими Б.Мирзақуловнинг туман аҳолисига М У Р О Ж А А Т И

@SayxunobodXabarlari
Фото: Сайхунобод туман ҳокимлиги

Тинчлик ва соғлик — энг бебаҳо неъмат, уни ҳимоя қилиш ҳар бир юртдошимизнинг инсоний бурчидир. Муҳтарам Сайхунободликлар! Коронавирус деб аталган офатнинг олдини олиш учун бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Бу балодан қутулишнинг асосий омилларидан бири ҳушёрликни қўлдан бермасдан, ҳамжиҳатлик билан бир тан, бир жон бўлиб курашишимиз лозим. Кўзланган мақсадга эришмоғимиз учун ҳар бир фуқаро нафақат ўзининг, балки ён-атрофидагиларнинг, аввало оила аъзоларининг саломатлигига дахлдорлигини унутмаслиги керак. Қадимдан кўп оғир синовларни ва яхши-ёмон кунларни бошидан кечирган халқимиз ҳозирги ҳолатда ҳаммасини тўғри тушуниб, онгли равишда ҳеч қандай ваҳимага берилмаслигига ишонамиз. Кексаларимиз ёшларга қимматли ўгитлар бериб, ҳаммага тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Мамлакатимизда бевосита ҳукуматимиз томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда коронавирусга қарши кураш чоралари кўрилган. Вилоятимиздаги барча тиббиёт муассасаларида дезинфекция, индувидуал ҳимоя воситалари ва дори- дармонлар заҳираси яратилган. Ҳозирда касалликни олдини олиш учун зарур профилактик ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, бозорларимизда, савдо шаҳобчаларимизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик эҳтиёж маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Бу борада мутасадди ташкилотлар вакиллари назоратни бир дақиқага ҳам сусайтирганлари йўқ. Дунёни ташвишга солиб қўйган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, ақл билан иш юритиб, ҳаракат қилмоғимиз зарур. Аҳоли ўртасида, барча ташкилотларда депутатлар, муҳтарам нуронийларимиз, маҳалла ва хотин-қизлар, ёшлар ташкилоти фаоллари томонидан оммавий ахборот воситалари орқали холис ва ҳаққоний, кенг тушунтириш ишлари олиб борилаётгани нур устига аъло нур бўлмоқда.

Ўқув муассасаларидан вақтинчалик таътилга чиққан ўғил-қизларимиз уйдан кўчага беҳудага чиқмасдан, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун дарсликларини такрор ўқиш билан бирга бадиий китоблар мутолааси билан шуғулланиб, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган, интеллектуал салоҳиятини оширадиган, бой маданиятимизга оид телекўрсатув ва радиоэшиттиришлардан баҳраманд бўлишлари тавсия этилади. Тиббий хизматнинг асосий фаолияти санитар барқарорлик, жамоат саломатлигини таъминлаш, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини ташкил этишга қаратилишини давр тақозо этмоқда. Аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришда, мўътадил кайфиятни таъминлашда, одамларни огоҳликка даъват этишда масъуллигимизни ҳис этиб, дахлдор масъул ходимлар иштирокида туманимизнинг қўшни туманларидан кунлик назорат билан боғлиқ вазиятдан ҳам хабардор бўлиб турибмиз. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам халқимиз ҳеч қандай хавотир ва ваҳимага берилмасдан, аксинча, бир тану бир жон бўлиб, хотиржамлик билан иш тутиши, белгиланган гигиеник талабларни ўз вақтида бажариб туришлари айни пайтдаги энг тўғри йўл эканлигини алоҳида таъкидладилар. Бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ўзига хос синовдан ўтказаётган коронавирус пандемиясини ортиқча хавотир ва саросималарсиз енгиб ўтишга ақлимиз ҳам, қурбимиз ҳам етади. Ишончимиз комилки, ушбу синовли дамларда халқимиз ўзининг азалдан бардошлилигини намоён қила олади. Ушбу пандемиядан аҳолимизни эҳтиёт қилиш чораларини кўриш мақсадида тумандаги мавжуд секторлар ва барча ташкилотлар раҳбарлари, бутун жамоатчилик, тиббиёт ходимлари бор имкониятимиз ва куч-ғайратимизни сафарбар этамиз. Ҳозирги ҳолатнинг нечоғлик ташвишли эканлигини чин дилдан ҳис қилган кўплаб саховатли маҳалладошларимиз имкониятларидан келиб чиқиб, халқимизга руҳан мадад бериш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ҳимоя ва гигиеник воситаларини беминнат тарқатишаётгани таҳсинга лойиқдир. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар ҳам халқимизнинг азалдан бағрикенглигининг яққол намунасидир.

Тумандаги барча йўловчи ташувчи корхоналарга дезинфекция ишлари билан шуғулланувчи корхоналар бириктирилиб, жамоат транспортлари ва ташкилотларнинг бинолари ўз вақтида дезинфекция қилинаётир. Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, пандемия баҳонасида аҳолини қўрқув ва ваҳимага солиш, бу орқали тинч, барқарор муҳитни издан чиқаришни мақсад қилган ҳолда тарқатилаётган хабарларга нисбатан тезкор муносабатлар билдирилиб, аҳоли ўртасида етарли даражада тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бугун ҳукуматимиз ва тегишли ташкилотлар томонидан Сизу бизнинг хавфсизлигимиз борасида тизимли ишлар олиб борилаётганини асло унутмайлик. Зеро, Ўзбекистонимиз сиёсий ва иқтисодий барқарор давлат сифатида ҳар қандай шароитда ҳам ўз фуқаролари хавфсизлигини таъминлашга қодир. Фақат бунда барчамиздан вазминлик, мавжуд ҳолатни реал баҳолай олиш ва мутахассислар тавсиясига қатъий риоя қилиш талаб этилмоқда. Ишончимиз комилки, ушбу синовли дамларда бутун ўзбек халқи қаторида бизнинг туманимиз аҳли ҳам ҳеч қачон тушкунликка тушмайди ва огоҳликни сусайтирмаган ҳолда хавфли касалликка чалинмаслик учун барча чора-тадбирларни белгилашда ҳар бир фуқаро ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Зеро, коронавирус тарқалишини олдини олишнинг энг муҳим шарти карантин қоидаларига қатъий ва истисноларсиз риоя этишдир. Тартиб ва интизомга риоя қилишда халқ манфаати мужассам эканлигини унутмайлик.

Сайхунобод туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

https://t.me/SayxunobodXabarlari

Report Page