“АХИР БИЗ ОНГЛИ ИНСОНЛАРМИЗ...”

“АХИР БИЗ ОНГЛИ ИНСОНЛАРМИЗ...”

@sirdaryoinfo

Баъзан ўйлаб қоламан. Чет давлатлардан қанчадан қанча қора моллар, зотдор ҳайвонлар олиб келиниб, юртимизда кўпайтирилади. Ишнинг кўзини билган тадбиркорлар бу ишларни боплаб бажаряпти. Аммо, қайсидир четдан келган сигир билан бизнинг сигирларимиз “жанжал” қилганини, келишмаганини кузатганмизми? “Ие, ҳайвон бўлса, олдида емаги тайёр турса, еб кетаверади-да, уларда бир-бирларини ажратиш учун онг бўлмаса”, деб ўйлаётгандирсиз. Барака топинг... Жуда тўғри, ҳайвонларда инсоний онг йўқ. Лекин нега биз онгли кишилар бўла туриб, миллат ажратамиз? Нега ҳайвонлар онгсиз бўла туриб, бу ишни қилишмайди? Наҳотки, бу ерда онг унчалик аҳамиятга эга бўлмаса... Ахир табиатдаги энг онгли мавжудотлар биз эмасмизми? Демак, миллат, ирқ, ижтимоий келиб чиқишга қараб одамларни ажратиш – онгсизликнинг бир кўриниши экан-да. Агар шундай бўлса, бир аччиқ ҳақиқатни тан олайликки, башариятда онгсизлар жуда кўпчиликни ташкил этади.

Болаликдан бувимдан “Болам, одам ажратиш – энг катта гуноҳ. Аслида ҳаммамиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган қариндошлармиз. Дунёдаги ҳар бир инсонни яхшилаб суриштирсак, узо-о-оқ қариндошимиз бўлиб чиқади. Эртага Худонинг олдига ҳаммамиз бир хил бўлиб борамиз. У ерда инсоннинг бой-камбағал, узун-пакана, чиройли-хунуклигига қаралмайди. Фақат бажарган яхши-ёмон амалларига қаралади”, деган маслаҳатларни эшитиб катта бўлганман. Бувимнинг айтганларини кейинчалик китобларда ҳам ўқидим. Тўғрисини айтсам, китобларда жуда яхши нарсалар ёзилар экан-у, фақат биз одамлар ана шуларга амал қилмаймиз экан-да... Бироз ҳақиқатларни айтиб, виждон(имиз)ингиз яраларига туз сепай...

Бозорда, кўча кўйда биронта қора танли кишини кўрсак, “Ана негр келяпти”, деб айтадиган “оппоқлар” биз эмасми?

“Тожикдан дўстинг бўлса...” (охиригача ёзишни хоҳламайман) каби тушунарсиз мақолни айтиб, унинг моҳиятига ҳам етмайдиган “чин дўстлар” биз эмасми?

Орамизда юзи сариқроқ киши бўлса, унга “Ўрис”, деб лақаб қўйиб оладиган “маданиятлилар” биз эмасми?

Кўзи кичикроқ, қисиқроқ киши танишимиз бўлса, уни “Қозоқ”, деб хотирамизда сақлаб қўйган “маънавиятлилар” биз эмасми?

Хўш, ким экан миллатчи? Аслида мана шу майда туюладиган, эътибор бермайдиган масалалардан бўлғуси миллатчилик келиб чиқмасмикан? Кечирасиз-у, кичик хатоларга ўз вақтида эътибор бермасак, улар катта хатоларга айланади. Катта хатоларга эътибор бермасак, улар тузатиб бўлмас хатоларга айланади. Тузатиб бўлмас хатоларга эътибор бермасак, бизга бани башар, яъни одам фарзанди деб берилган таъриф ҳам куни келиб хатога айланиши мумкин...

Қадрли ўқувчим, бир ўйлаб кўринг. Немисда ҳам, тожикда ҳам, русда ҳам, инглизда ҳам иккита қўл, битта бош, иккита кўз мавжуд эмасми... Ахир Яратган Эгам ҳаммани тенг қилиб яратган-ку. Қуръонда ҳам, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам инсониятнинг бир-бирига яхшилик қилиши, оқибатли бўлиши – бош ғоя сифатида илгари сурилган-ку. Нега биз буларни тушуниб етмаймиз ёки тушунишни хоҳламаймиз? Наҳотки, хоҳишларимиз ҳам манфаатдан бошқасини тушунмай қолган бўлса. Эсланг, бир вақтлар Ўш воқеасида қанчадан қанча оилаларнинг ёстиғи қуриган эди. Узоққа бормайлик, мана яқинда Сўхда бўлган ходисаларни хотирланг... Ахир келишиб, бир-биримизни тушуниб яшасак бўлмайдими... Бўлади, албатта!

Мамлакатимизда миллатлараро ҳамдўстликни юксак даражага олиб чиқиш борасида яхши ташаббуслар илгари сурилмоқда. Ҳар йили ўтказиладиган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестиваллари ҳам, турли миллат вакилларидан иборат миллий маданий марказларнинг фаолият олиб бориши ҳам, 2017-2021 йилларга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши миллатлараро тотувликка қаратилгани ҳам бу борада қилинаётган ишларнинг амалий исботидир. Шундай хайрли ишлар бўлаётган бир вақтда миллат ажратиш қилинаётган ислоҳотларга исён қилиш билан баробардир.

Келинг, руҳимизни, қалбимизни пок сақлаб, одамларни яхши кўриб, севиб, севилиб яшайлик. Жанжалдан нима фойда? Ундан зарар бўлса борки, фойда йўқ. Буларни мендан яхши тушунасиз. Қадрдон, шу тушунганларимизга амал қилиб яшайлик. Ахир биз онгли инсонлармиз...

Ёрқинжон ҲАЙИТБОЕВ.

Report Page