БАҒРИКЕНГЛИК , ДЎСТЛИК ВА АҲИЛЛИК ХАЛҚИМИЗГА ХОС ФАЗИЛАТ

БАҒРИКЕНГЛИК , ДЎСТЛИК ВА АҲИЛЛИК ХАЛҚИМИЗГА ХОС ФАЗИЛАТ

@sirdaryoinfo

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашдан иборат.

Бу муҳим ҳужжат туфайли миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич, янги жараёнлар бошланди ва бу  ҳаёт тарзимизда, фаолиятимизда ўз самараларини кўрсатмоқда. Халқимизга  хос бағрикенглик ўзининг қадимий  илдизларига эга. Мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли муносабатларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.

Бағрикенглик ҳақида гап кетганда халқимизнинг чинакам инсоний ва исломий фазилатларга эга эканлиги ва унинг беҳад қадрланиши тилга олинади. Азал-азалдан халқимиз ён-атрофимиздаги давлатлар, уларнинг халқи, шунингдек, мамлакатимизда истиқомат қилувчи турли миллат ва элатлар билан ўзаро аҳил-иноқликда ҳаёт кечириб келган. Халқимизнинг минг йиллардан бери сақланиб келаётган миллий қадриятлари, тарихий анаъаналари, маънавияти, маданияти ҳақида гап кетганда, аввало, мана шу жиҳатлар назарда тутилади. Айтиш мумкинки, бу оддийгина анъана ёки одат бўлибгина қолмай, миллатимизга хос бўлган маънавий бурч ва масъулият ҳам саналади. Халқимизга  хос бағрикенглик ҳам ўзининг қадимий  илдизларига эга.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади.

Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик фуқаролар орасида тотувликни таъминлайди, жамиятда табиий равишда учрайдиган ижтимоий фарқларнинг кескинлашувига, ижтимоий низоларнинг юзага келишига йўл қўймайди, сабр-бардошли бўлишга даъват этади.

 Мусулмон киши бошқа дин вакилларига ёмонлик қилмайди, улар билан яхши муомалада бўлади, яхши қўшничилик урф-одатларини сақлайди. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Мумтаҳана сураси 8-оятида шундайь дейилган: "Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар". Ушбу оят Ислом дини нақадар инсонпарвар ва бағрикенг эканининг ёрқин далили, бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни қайтармайди. Мусулмон киши бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳурмат қилади, уларнинг диний ақийдавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ жабр қилмайди, ораларини яқинлаштиради.

Ислом таълимотига кўра, бутун башарият жинси, ирқи, ранги, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барчаси баробардир. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Инсонлар тароқ тишлари каби тенгдирлар. Арабнинг бошқа халқлардан, оқнинг қорадан, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ. Фақат, тақвода холос», деб марҳамат қилганлар.

Сирдарё вилояти ҳам кўп миллатлидир. Вилоятимизда 70 дан ортиқ миллат вакиллари тотувликда, ўзаро ҳурматда ҳаёт кечиришмоқда. Воҳамизнинг энг катта бойлиги шу ерда яшаётган фидоий инсонлардир. Бу воҳа инжиқ табиатига қарамасдан, иродали ва энг муҳими, меҳр–оқибатли инсонлар ватанига айланди. Юртимизнинг барча ҳудуларида бўлгани Сирдарёда ҳам инсонларнинг миллати, диний эътиқодидан қатъий назар ҳақиқий инсоний дўстлик муҳим аҳамиятга эга.

Бир вақтлар Мирзачўл деб аталган Гулистон шаҳрини бугун  турли миллат вакиллари дўстлигининг тимсоли деб айтишга тўла ҳақлимиз. Шаҳримизнинг кўркамлиги, кундан кунга чирой очиб бораётганлиги турли миллат вакилларининг ҳамжиҳатликда яшаб, елкама-елка туриб қилаётган меҳнати, интилишлари самарасидир.

Ҳозирги кунда вилоятимизда бешта: рус, қозоқ, қирғиз, корейс ва озарбайжон миллий маданий марказлари фаолият кўрсатмоқда. Маданий марказлар қошида “Росток”, “Жан-жанай”, “Мурандон” ва бошқа бадиий жамоалар ташкил этилган бўлиб, улар нафақат вилоят, балки республика ва халқаро санъат байрамлари ва фестивалларда фаол иштирок этиб келишмоқда. Вилоятимизда ҳар гал ўтказиладиган “Ўзбекистон–умумий уйимиз”тадбири ҳамиша чинакам дўстлик байрамига айланиб кетади. Унда барча маданий марказлар ўз миллий санъати, маданияти, таомлари ва либосларини кўргазмалари билан иштирок этишади.

Вилоятимиздаги турли миллат вакиллари орасида самарали меҳнатлари, кўп йиллик хизматлари учун Ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганлар кўплаб топилади. Жумладан, қирғиз миллий-маданий марказига кўп йиллар раҳбарлик қилган Абдусалом Жонибеков ва айни пайтда рус миллий-маданий марказига етакчилик қилаётган Фаина Голубцовалар бундан бир неча йил олдин самарали меҳнатлари, марказлар ишини яхши ташкил этишдаги хизматлари, юртимиздаги миллатларо муносабатларни тарғиб Қирғиз миллати вакиласи Нодира Жонибекова (у кўп йиллар қирғиз миллий-маданий марказига отаси Абдусалом Жонибековдан сўнг раҳбарлик қилди) бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият олиб бормоқда. Қирғиз қизи, инглиз тили бўйича мутахассис Азиза Зулфиқорова Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори. У ҳозирги кунда ўз йўналиши бўйича магистратурада таҳсил олмоқда. Бу каби мисолларни кўплаб келтишиш мумкин.

Бугунги кунда вилоятимизда қозоқ, тожик, рус тилларида дарс ўтиладиган бир нечта умумий ўрта таълим мактабдлари мавжуд. Шунингдек, Гулистон давлат университетида рус, қозоқ тили филологияси бўйича мутахассислар тайёрланади.

Ўтган асрда Мирзачўлни ўзлаштиришда: чўл бағрида экинзору боғлар, чаманзорлар яратиш, шаҳару қишлоқлар барпо этишда турли миллат ва элат вакиллари қўлни қўлга бериб меҳнат қилиб, дўстлик ва биродарликнинг кучини намоён этган эдилар. Бу йилги “COVID-19” пандлемияси туфайли эълон қилинган карантин шароитида, айниқса, Сардоба сув омборида содир бўлган сув тошқини оқибатларини тугатиш жараёнида ана шу дўстлик, биродарлик ришталари яна бир карра кўзга ташланди. Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги бир нечта маҳаллалардаги бузилган, яроқсиз ҳолга келиб қолган уй-жойларни тиклаш, таъмирлаш ва янги турар-жойларни бунёд этишда ҳам мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган турли миллат вакилларидан ташкил топган қурилиш-монтаж ташкилотлари жамоалари чинакам жасорат намуналарини кўрсатдилар. Ўтган қисқа фурсат ичида юзлаб уйлар таъмирланиб, тикланиб, ҳовли-жойлари обод этилиб, ўз эгаларига топширилди. Айни пайтда ҳам ушбу ҳудудларда замонавий, кўркам уй-жойлар, ижтимоий, маданий-маиший объектлар барпо этилмоқда. Буни чинакам дўслик ва ҳамжиҳатликнинг намунаси деса бўлади.

        Ўзини англаган ва бошқаларни ҳурмат қилган, жамиядаги ўз ўрнини билган ҳар бир миллат ва элат вакили ҳамжиҳатликда яшаб, меҳнат қилиб, ижод этиб, ҳамиша эзгуликка, яхшиликка хизмат қилишни ўзи яшаб турган замин, Ватан, халқ олдидаги инсоний бурчи, масъулияти деб билади.

 Холида ПАРДАБОЕВА.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.


Report Page