Ўзбекистон - кўп миллатли мамлакат

Ўзбекистон - кўп миллатли мамлакат

@sirdaryoinfo

Ўзбекистон - кўп миллатли мамлакат. Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар тинч-тотув, фаровон турмуш кечириб келмоқда. Ҳар бир миллат ўзининг азалий қадриятлари, тарихи, урф-одатлари билан бошқа миллатлардан фарқ қилади. Ўзбеклар меҳмондўст, меҳнатсевар ва болажон халқ сифатида танилган.

Уруш даврида Ўзбекистонга эвакуация қилинган турли миллатга мансуб минглаб инсонларга ўзбек халқи уйидан жой берди. Ўта оғир шароит бўлишига қарамай кўплаб ўзбек оилалари рус, украин, белорус ва бошқа миллатга муносиб ўнлаб ота-онасиз қолган болаларни ўз бағрига олди. Халқимиз бир бурда нонини улар билан бирга баҳам кўрди. Бу ўзбекона бағрикенгликнинг бир кўриниши эди.

Юртимизда яшовчи миллатларнинг ривожланиши, маданияти, тили, дини ва урф-одатлари тараққий этиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 150 га яқин миллий маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Турли миллат вакиллари қўлни-қўлга бериб меҳнат қилса, тинч-тотув яшаса, юрт яна-да обод, турмуш эса фаровон бўлади.

Мирзаобод туманида ҳам кўплаб миллат вакиллари истиқомад қилади, жумладан, тумандаги жами 73701 нафар аҳолининг 2172 нафари тожик, 13 нафари туркман, 406 нафари қозоқ, 511 нафари қирғиз, 195 нафари татар, 425 нафари рус, 96 нафари уйғур миллатига мансуб бўлсада, улар тинч-тотув, куда-анда бўлиб фаровон турмуш кечириб келмоқдалар. Туманимизда яшовчи миллатларнинг барчаси турли соҳаларда сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқдалар. Шулардан, Оқолтин ҚВП бош шифокори Дилором Қурбонова юксак меҳнатлари учун 2019 йил “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Айниқса, Оқолтин маҳалласида истиқомат қилувчи Аҳмад бобо Матниязов уйғур миллатига мансуб, турмуш ўртоғи қозоқ миллатига,  тўртта келинлари, уйғур, қозоқ, ўзбек миллатига мансуб. Бу оила туманда обрў-эътибор қозониб, аҳил-иноқ, тинч-тотув ҳаёт кечирмоқдалар, фарзандлари турли соҳаларда фаолият юритишади.

Энг асосийси муқаддас Ватанимиз бир жон-у бир тан, ягона оила бўлиб, фаровон ҳаёт кечираётганимизга шукроналар айтамиз. Қадриятларимизга содиқ қолиб, аҳил, ҳамжиҳат, бағрикенг бўлиб, умумий уйимиз – жонажон Ўзбекимтонимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилиб, бирдамликда умргузаронлик қилаверамиз. Шундай экан, қайси миллатга мансуб бўлмасин, инсонни ҳамиша ҳурмат қилишимиз, зарур пайтда ундан ёрдамимизни аямаслигимиз даркор..

Республика Маънавият ва маърифат маркази Мирзаобод туман бўлинмаси раҳбари

 Ш.Жумабоева.


Report Page