Шизофрения

Шизофрения

Гавҳар Тешабоева

Шизофрения


Шизофрения [юн. schizo – бўлиниш ва phren – ақл, онг, фикр] – руҳий касаллик; этиологияси номаълум. Кўпроқ 18-35 ёшгача бўлган даврда кузатилади.

Касаллик алоҳида нозологик шаклга эга бўлгунига қадар кўпгина психиатр олимлар томонидан ўрганилган. Немис психиатри Е. Крпелин 1898 й. биринчи марта ушбу касалликни «de-mentia praecos», яъни «Илк эси пастлик» деб номлаган. 1911 й. Швейцария психиатри Е. Блейлер бу руҳий касалликнинг клиник кечишини янада чуқурроқ ўрганиб, унинг асосида ассоциатив жараёнларнинг бузилишлари ётишини, бунинг оқибатида эса руҳиятнинг парчаланишини асослаб, касаллик номини шизофрения деб атаган. Ҳақиқатан ҳам, шизофрениянинг асосида фикрлаш, мулоҳаза юритиш жараёнининг бузилиши ётади. Касаллик, кўпинча, зимдан, аста-секин бошланади.

Шизофрения, кўпинча, одамови, камгап, ҳиссиётлари суст феъл-атворли кишиларда ривожлангани учун ҳам улар атрофидаги кишиларда анча вақтгача ҳеч қандай шубҳа уғотмайди. Бемор, одатда, тез толиқиш, қувват, ғайрат ва ҳавас пасайганидан шикоят қилади, уни фаоллаштиришга жавобан, серзарда ва инжиқлик қилади. Бу шизофрениянинг ўзига хос астения ҳолатидир. Бу ҳолат бошланишида ўзига хос ҳиссий бузилишлар, кайфиятнинг бесабаб ўзгариши, лоқайдлик, ваҳимага тушиш кузатилади. Одамовилик (аутизм) кучаяди, бемор жамиятдан бутунлай четлашиб қолади; инжиқлик, ўчакишиш, сабабсиз ваҳимага тушиш кучаяди. Қўрқув ва миядан кетмайдими «шилқим фикрлар» оқибатида ирим сифатлари пайдо бўлади. Масалан, ишхонага соғ-омон етиб олиши учун остонадан чиққан, чап елка томонга қайрилиб уч марта туфлаб олиш ва ҳ. к. Беморнинг фикрлари борган сари ўз-ўзидан қуюлиб келавердиган бемаъни ва бефойда мулоҳазалар қуюнидан (ментизм) иборат бўлади. Масалан, бемор туну кун нега Одамда иккита оёғи, ҳайвонларда тўртта деб, ўйлаб юраверади. Бу даврда, кўпинча, кучли бош оғриғи, уйқу бузилиши кузатилади.


Аста-секин касалликнинг илк даври унинг ривожланган босқичига ўтади, бунда беморнинг фикр-мулоҳазалари, тафаккури айнийди. У ўзининг атрофидаги кўриб турган нарсаларни бемаъни ички ҳиссиётлари билан боғлайди; рамзий (символик) мулоҳазалар пайдо бўлади, бунда бемор атроф-муҳитдаги нарсаларга, мавжуд воқеага бошқача маъно бера бошлайди. Масалан, стол устида ётган пичоқ гўё уни кимдир ўндирмоқчи бўлаётгани ҳақида огоҳлантиридек туюлади. Фикрлар узуклиги (шперрунг), бир-бирига маъносиз (паралогик, алогик) мулоҳазалар юритиш, гап ўртасида ҳеч қайси тилда ишлатилмайдиган янги сўзларни ишлатиш (неологизм), бир хил сўзларни қайтаравериш (персеверация), бир вақтнинг ўзида бир-бирига қарама-қарши маънодаги фикрларни айтиш (фикрлар амбивалентлиги] – булар ҳаммаси шизофренияга хос тафаккур бузилишларидир.



Шизофренияда ҳиссиётлар амбивалентлиги ҳам кўп учрайди; бемор ўзининг яқин кишилари (ота-онаси ва ҳ. к.) га қарама-қарши муносабатда (меҳрга нисбатан нафрат ва бемеҳрлик) бўлади. Баъзан ҳиссий тубанлашув аломатлари (апатия) юзага келади, ирода сусаяди (абулия), бемор бутунлай уйдан чиқмай қўяди, ҳатто ўзига ҳам бефарқ бўлиб қолади (апатоабулик ҳолат). Хулқ-атвор бутунлай айнийди, майл бузилишлари (овқат, жинсий ҳирс бузилишлари) вужудга келади. Негативизм ва катотоник белгилар кузатилади.

Шу билан бир қаторда шизофренияга идрок этишнинг турли хил алданишлари (иллюзия ва галлюцинациялар) пайдо бўлиши хос. Бунга сенестопатиялар (баданнинг турли қисмида нохуш сезгилар пайдо бўлиши) ҳамда «товуш эшитиш», «ҳид келиши», «таъмнинг пайдо бўлиши», «тана ичидаги сезгилар» галлюцинациялари киради. Бемор аслида йўқ сўкиш, дўқ, пўписа ва буйруқ овозларини эшитади, чириш ва бошқа нохуш ҳидларни сезади ва ҳ. к. Васваса ғоялари юзага чиқади, бу, кўпинча, «таъқиб қилиш», «муносабат» ва «таъсир этиш» тарзида намоён бўлади. Бу психик автоматизм ҳодисаси бўлиб, бунда бемор ўзида кечаётган руҳий жараённи «бегонадек», унинг фикр ва мулоҳазалари, ҳаракатларини қандайдир ёт кучлар «зўрлаб» бошқараётгандек туюлади. Бу эса, кўпинча, деперсонализация («мен» – «мен эмас») тарзида кечиб бемор ўзининг ташқи кўриниши, товуши ёки бутун танасини бегонаникидек ҳис этади ва ҳ. к.

Шизофрениянинг мавжуд клиник белгилари ичида муайян аломатларнинг биринчи ўринда устун бўлиб кўринишини ҳисобга олиб унинг қуйидаги турлари фарқ қилинади. 1) оддий тури – бунда, асосан, ҳиссиёт, ирода, фикрлаш ва хулқ-атворнинг бузилишлари устун бўлиб, васваса ва галлюцинациялар камдан-кам учрайди; 2) гебефреник тури – бу ўспиринларда кузатилиб, унда шилқимлик, масхарабозлик қилиш, узук-юлуқ галлюцинациялар, васваса ғоялари устун туради; 3) кататоник тури – бунда, асосан, кататоник қўзғалиш ёки кататоник тормозланиш аломатлари устун туради; 4) параноид тури – васваса ғоялари (таъқиб этиш, заҳарланиш, рашк, сеҳр-жоду, ихтирочилик ва ҳ. к.) ва чин ҳамда сохта галлюцинациялар (ҳар хил ҳид ва товушлар келиши) мавжудлиги билан ифодаланади.


Шизофрения кечишига қараб узлуксиз кечувчи, рекурент (хуружли), хуружсимон ривожланувчи (шубсимон) турга бўлинади, буларнинг ҳар бири хавфли, секин ва ўртача кечади.


Шизофрениянинг келиб чиқиш сабаблари ҳануз ноаниқ бўлишига қарамай қатор назариялар мавжуд. Масалан, моддалар, жумладан, карбонсувлар, ферментлар, нейромедиатор, микроэлеменлар, витаминлар ва ҳ. к. алмашинувининг бузилиши. Бундан ташқари, эндотоксикоз (аутоитоксикация) назарияси ҳам бор, бунда шизофрения билан оғриган беморнинг қони, орқа мия суюқлиги, сийдиги, ўти, ҳайвон ва ўсимлик ҳужайраларининг ўсиши ва ривожланишидан тўхтатиши маълум бўлса-да, токсик модданинг табиати аниқланмаган. Шизофрениянинг келиб чиқишида ирсий омилларга ҳам катта эътибор берилади. Касалликни психиатр шифокор даволайди. Даво беморнинг умумий ҳолати, касалликнинг тури ва аломатларига қараб олиб борилади. Даволаш қанча эрта ва тўлиқ бўлса, касаллик оқибати яхши бўлади.           

  Манба

Report Page