"ШАРМАНДА"

"ШАРМАНДА"

Anvar

Одамнинг жонидан ва қушнинг сутидан бошқа ҳамма нарса бисёр дастурхон. Егуликнинг ва ичимликнинг кўплигидан столнинг бели синаман дейди...Меҳмонлар ҳам ҳаммаси башанг, эркак-аёл аралаш...қўйилган ноз-неъматларни, норин, хасип, холодес, неча хил салатлар, сомсалар, қазию қарталар, гўштли ва пишлоқли ассортиларнинг турли хилини, турли пишириғу анвойи десертларни, дастурхонга тез-тез тортилаётган турфа таомларнинг ҳаммасини аралаштириб, аввал ошқозонларига, сиғмаганини эса йўғон ичакларига жойлаш билан овора "қорин бандалари"нинг "шайтон базми" авжида... Уй четида арча ясатилган...Ёш болалар ховлида мушак ва хлопушкалар отиш билан, "бенгальский свечи"ларни ёндириб, жиззиллатиб югуриш билан овора...

Бу хонадон келини бўлган ва яқингинада ҳижобга кирган, эрининг қистови билан ноилож, мажбуран бу даврага келиб ўтирган жувон, ўзини бу ерда ноқулай ҳис қилиб дам-бадам, ўтиролмай безовталаниб ўрнидан турар, керак бўлса - бўлмаса бирор юмуш билан ташқарига чиқиб келар, ховлининг бир четига бориб, осмонларга қараб: "Ё Аллоҳ, Ўзинг кечир!" деб ёлворар, кейин кўзларидан чиққан ёшни артиб яна ноилож меҳмонлар ўтирган, овқат ва ичкилик ҳиди анқиб кетган хонага қайтиб кирар, қайт қилиб юбормаслик учун ўзини зўрға ушлаб турарди...Чунки унинг қорни оч эди жудаям, Янги йилга атаб пиширилган ноз-неъматлардан емасликка қасд қилиб, ўзини худди еб-ичаётгандек қилиб кўрсатишга мажбур бўларди..."Тезроқ соат 12 бўлсайди. уйга кетардик"дерди фақат ичида... Дастурхон атрофидагиларни кузатар экан, бир пайтлар, атиги 2-3 ой аввал ҳам шу инсонларнинг бир қисми бўлганини, уларни ҳаммаларини яхши кўриб, ҳурмат қилиб, ҳар қачон уйига боришса бошига кўтариб кутиб олишлари, мана бундай ботил байрамларда дастурхоннинг энг зўри уникида бўлиши, кечалари ухламай неча ҳил нарсани пишириб дастурхонни тўлдириши, улар ҳар еганларида мақтаб, алқашса янаям руҳланиб, кейинги сафар ундан ҳам ошириб тайёргарлик кўришлари эсига тушиб, Аллоҳдан уялиб, ўзидан нафратланиб кетди..."Эссиз шунча умр, шунча вақтларим...эссиз...ботил байрамларга сарфлаган куч-қувватимни динимни ўрганшга сарфлаганимда эди...Аллоҳ Ўзинг кечир..."дея пушаймонлик кўз ёшларини зўрға ичига ютиб ўтирарди.

Соат миллари 12 га яқинлашиб, хонадон сохиби, катта ёшли қайнота, қадаҳларга ичимликлар қуйиб, ўз қўллари билан меҳмонларга узата бошлади. "Аёлларга "дамский шампанский" олганмиз атайлаб, уларга шундан қуямиз!" деб шампан шишасини қўлига олди ва қопқоғини очишга ҳаракат қилди. Бирдан қопқоқ отилиб ҳамма ёққа шампан фонтан бўлиб отилди, қийиқириқ, кулгу кўтарилди...Жувоннинг хуши бошидан учди, "Ишқилиб аввалги йилларда бўлгани каби, қўлимга қадаҳ тутқазиб қўйиб, "Мени ҳурмат қилсанглар ичасизлар!" деб мажбурлаш ва ичмаганим учун аразлаш такрорланмасинда..." 

Ҳар тугул қайнота бу сафар, бу ўзбошимчалик қилиб бошига рўмол ўраб олиб ҳаммани олдида бу хонадонни "шарманда" қилган "бебош" келинига "илтифот" кўрсатмади... Чунки унинг назарида келин энди унинг ҳурматга лойиқ инсон эмасди, ахир қайнотаси "современний" одам эдида! Аёлларнинг очилиб-сочилиб юриши тарафдори бўлган одамга, бошига рўмол ўраб соддагина бўлиб қолган келин, бир рўдапога ўхшаб кўринган бўлса не ажаб...

"Алҳамдулиллаҳ" дерди жувон ичида кўзларидан ёш қуйилиб, "Бандаларинг назарида қолоқ ва ҳаром амални қилмаганим учун ҳурматсиз ва "шарманда" бўлсамда, маъсият устига маъсият қилдирмаганинг учун шукр...Бу ерда ўтиришнинг ўзи маъсият, кечир Роббим! Оилам тинчлиги учун мажбурман...Кечир!..." 

Соат 12 га келиб бонг урди, ҳамма бир-бирини табриклай кетди, эркак-аёл, маҳрам-номаҳрам аралашиб бир-бирини қучоқлаб ўпиша кетишди: "Янги йилингиз билан!"...

Жувон бу тўполонда иштирок этмаслик учун секин бўш идишларни йиғиштириб ошхона томон йўналди...Унинг даврада йўқ бўлиб қолганини эридан бошқа ҳеч ким сезмади.

Тун оққанда уйларига қайтишяпти, эрнинг қовоғи солиқ...

-Байрамниям расво қилди...ўзича "образоваться қилиб олган "фаришта"!...Одамни шарманда қилдия, бошига латта ўраган жинни!- дея пўнғиллаб кетарди хотинига атай эшиттириб...

Машина орқасидаги "шарманда" эса у "жинлар базмидан" қутулиб чиқиб, уйи томон кетаётганидан хурсанд ҳолда бошидаги "латтани", яъни рўмолини фахрланиб тўғрилаб қўйди...

"Ё Аллоҳ, бандаларинг олдидаги шармандалик ҳеч нарса эмас, Ўзингни олдингда, Қиёмат куни шарманда бўлмасам бўлди... Ё Роббим, бу кун бундай "шайтон базм"га қатнашганимнинг сўнггиси бўлсин..." дея дуолар қилди ва у ниятига етди, умрида қайтиб бундай "базмларга" қатнашмади...алҳамдулиллаҳ...

Жувон ҳали уйга етиб боришгач, ширакайф ва аламзада эридан "қариндошлари олдида "шарманда" қилгани учун" қанча ҳақорат эшитиб, калтак ейишини ҳам биларди, лекин энди у ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмас, Аллоҳга суянар, эрига эса фақат Аллоҳ буюргани учун итоат қиларди холос... Ва бир куни ҳаммаси яхшилик бўлишига умиди ҳам бор эди...

Report Page