Ўзбекистондаги етакчи сайтларга нега тўсиқ қўйилмоқда?

Ўзбекистондаги етакчи сайтларга нега тўсиқ қўйилмоқда?

Kun.uz
Фото: sticky.digita

​Ўзбекистондаги энг етакчи ахборот-таҳлилий сайтлари - Kun.uz, Xabar.uz, Qalampir.uz, Sof.uz, Azon.uz'га кириш қийинлашган. Бу ҳолат 3 кундан буён Ўзбекистон ҳудудида ҳам, жаҳон миқёсида ҳам кузатилмоқда. Бунга нима сабаб бўлди?

2017 йилда «Энг яхши янгиликлар сайти», «Фуқаролар мурожаатлари натижаларини энг фаол ёритиб борган ОАВ» сифатида эътироф этилган Kun.uz сайти нега тўсиб қўйилди? Сайт журналистларига таҳдидлар бўлдими? Энди сайт ўз фаолиятини тўхтатадими? Шу каби саволлар охирги 3 кун ичида муштарийлар томонидан тинмай йўлланмоқда. 

Очиғи, биз ҳам масаланинг моҳиятига етиб борганимиз йўқ. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Ахборот коммуникациялари ва технологиялари вазирлиги тушунмаган вазиятга биз қандай баҳо беришимиз мумкин? 

72 соатдан буён носозликларни бартараф этиш устида иш олиб бораётган сайт техник ходимларининг таъкидлашича, масала бевосита вазирлик аралашуви билан ҳал бўлиши мумкин. Тўғри-да, Ўзбекистонда ахборот хавфсизлиги юзасидан келиб чиққан муаммо билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуғулланмайди. Шунга қарамасдан, вазирлик масалага панжа ортидан қарашда давом этяпти. 

Қайд этиш керакки, ушбу ҳолат .uz доменидаги бошқа етакчи сайтлар билан ҳам юз бермоқда. Шубҳали томони ҳам шунда: техник носозлик ва муаммоларга дуч келган сайтларнинг барчаси интернет фойдаланувчилар орасида кўп обуначиларга эга янгиликлар сайтлари ҳисобланади. 19 июнь куни илк ҳолат Kun.uz ва Qalampir.uz сайтларида, сал кейинроқ Sof.uz сайтида ҳам кузатилди. Хусусан, номлари тилга олинган сайтларга хорижда истиқомат қилувчи муштарийлар кира олмаётгани ҳақида шикоятлар пайдо бўлгач, бундай мурожаатлар ўзбекистонлик ўқувчилар томонидан ҳам билдирилди. 22 июнь куни Xabar.uz сайти ҳам шундай муаммога йўлиқди, айни вақтда сайт манзили вақтинча ўзгартирилган.

Ҳозирда Ўзбекистон ичида сайтларга кириш муаммоси юмшамаган, Kun.uz сайти эса ҳамон ўқувчилар учун ёпиқ қолмоқда. Шунингдек, Xabar.uz Qalampir.uz сайти вакиллари ҳам юзага келган ҳолатдан хавотирдалигини билдиришди. Техник носозлик дея эътироф этилаётган, аслида эркин журналистикани қўллаб-қувватлаб, танқидий мақолалар эълон қилишга журъат этган таҳририят сайтларига кириш йўллари тўсиб қўйилди. 

Kun.uz ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида энг катта обуначиларга эга янгиликлар сайти бўлиб, Google Analytics маълумотига кўра, бир кунда сайтга ўртача 400 мингга яқин муштарийлар ташриф буюради.

Асосан жамиятдаги ижтимоий мавзуларни ёритиб келаётган, айни пайтда умуман тўсиқларга учраган сайт журналистлари тезкор, аниқ ва холис ахборотни етказиб бериш масъулиятини зиммасига олган. Ўтган вақт мобайнида мажбурий меҳнат, коррупция, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, давлат органлари фаолияти, банк-молия, қонунчилик, диний-маърифий, маданияти соҳасида эришилаётган ютуқ ва камчиликлар ўқувчига етказилди. 

Ўтган йиллар давомида сайтлар фаолиятига турли шаклда тўсқинликлар кузатилди. Лекин сайт вакиллари белгиланган этика қоидалардан чекинмай, ўз касбига садоқат билан ишлашда давом этди.

Сайт вакиллари вазиятни ўрганиш ва ижобий ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ахборот коммуникациялар ва технологияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхўжаев билан боғланишга ҳаракат қилишлари бесамар якунланмоқда.

Сайт мутасаддилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби Комил Алламжонов билан суҳбатлашгач, давлат раҳбарининг Матбуот хизмати эркин журналистикани қўллаб-қувватлашини сўрамоқда.