Бухорода миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди

Бухорода миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди

Buxoro.uz

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ҳамда Вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти ташаббуси билан жорий йилнинг 27-28 июль кунлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида ўтган 6 ой давомида амалга оширилган ишлар, аниқланган камчилик ва фуқаролар томонидан билдирилган мазкур хизматга алоқадор таклифларни ўрганиш мақсадида йиғилиш ҳамда семинар ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур йиғилишда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ва унинг барча ҳудудий бошқармаларидаги раҳбар ходимлари, вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти раҳбарияти ва вилоятлар ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, Давлат Персоналлаштириш маркази мутахассислари иштирок этишди.

Унда энг аввало аҳоли томонидан билдирилган паспорт тизими билан боғлиқ таклиф ва эътирозларни таҳлил қилган ҳолда фуқароларга қисқа муддатда тез ва сифатли хизмат кўрсатилишини йўлга қўйиш, бу борада жойлардаги тизимли муаммоларни муҳокама қилиб, ўзаро тажриба алмашиш орқали республика бўйича ягона амалиётни жорий қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга вилоятда хотин-қизлар жиноятчилигини олдини олиш борасида “Бухоро тажрибаси” асосида йўлга қўйилган фаолият тартиби атрофлича тушунтирилди.

ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси томонидан берилган маълумотларга кўра, семинар иштирокчилари тасдиқланган дастурга мувофиқ аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида яратилган шарт-шароитлар ва ходимларнинг иш услублари билан яқиндан танишиш учун вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилган маъмурий биносини ҳам бориб кўрдилар. Бу ерда аҳолига янада қулайлик яратиш, уларни турли бюрократик тўсиқлардан халос этиш, ходим ва фуқаро ўртасидаги коррупцион ҳолатларга чек қўйиш мақсадида вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан махсус жиҳозланган умумий залда хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, семинар иштирокчилари “Хавфсиз шаҳар” концепцияси асосида хизмат ташкил этилган Бухоро шаҳар ИИО ФМБ 3-сон ички ишлар бўлими, Бухоро шаҳридаги Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят 3-сектор штаби фаолияти билан танишдилар. ИИВ Бухоро академик лицейида ташкил этилган Малака ошириш институти филиалининг фаолияти ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, меҳмонлар Ғиждувон тумани ИИО ФМБ 1-сон ИИБнинг очилиш маросими ҳамда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими янги биносининг фойдаланишга топшириш маросимида қатнашдилар. Маросимда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосарига янги “Ласетти” ҳамда МваФРБ бошлиғига янги “Нексия-3” хизмат автомашиналарининг калитлари топширилди.


Report Page