Putin

Putin


Путиннинг катта интервьюси: АҚШ ва Хитой билан муносабатлар, Суриядаги операция ва Скрипалнинг заҳарланиши ҳақида

10:20 / 28.06.2019

34819

Жаҳон

KREMLIN

Россия президенти Владимир Путин G20 саммити доирасида Британиянинг Financial Times газетасига интервью берди. Путин интервьюсида хусусан, АҚШ ва Хитой билан муносабатлар, Суриядаги операция, Сергей Скрипалнинг заҳарланиши хусусида сўз юритди.

Дональд Трамп ҳақида

«Жаноб Трамп карьерали сиёсатчи эмас, унинг дунёга ва АҚШ миллий манфаатларига нисбатан ўз қараши бор. Масалан мен унинг муаммоларни ҳал қилишдаги аксарият усулларига қўшилмайман. Аммо мен қандай фикрдаман, биласизми? У истеъдодли инсон. У сайловчи ундан нима кутаётганини жуда яхши тушунади».

Хитой билан муносабатлар ҳақида

«Бизнинг ҳеч кимга қўшилишимизнинг ва бировларга қарши ўз сиёсатимизни қуришимизнинг кераги йўқ. Биз Хитой билан ҳеч кимга қарши сиёсат юритмаяпмиз. Биз шунчаки ҳамкорликни ривожлантириш бўйича режаларимизни босқичма-босқич амалга оширяпмиз, буни 2001 йилдан буён қилмоқдамиз ва бу режаларни амалга ошириш йўлидан бормоқдамиз».

Шимолий Корея ҳақида

«Шимолий Кореянинг ўз хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қонуний хавотирига ҳурмат билан ёндашиш лозим. Уни ҳурмат қилиш ва Шимолий Корея амин бўладиган хавфсизликни таъминлаш йўлини топиш керак. Агарда бу амалга ошса, ишонинг, вазият ҳеч ким кутмаётган даражада ўзгара бошлайди».

Суриядаги операция ҳақида

«Биз мен кутгандан кўра кўпроқ натижага эришдик. Биринчидан, Россияга – ёки Россияга ёки биз билан виза режими йўқ давлатларга қайтишни режалаштирган кўпсонли жангарилар йўқ қилинди – гап бир неча минг киши ҳақида бормоқда. Униси ҳам, буниси ҳам биз учун бирдек хавфли. Бу биринчидан.

Иккинчидан: географик жиҳатдан бизга яқин бўлган минтақадаги вазиятнинг барқарорлашишига эришдик. Бу ҳам жуда муҳим. Шу орқали Россиянинг ичидаги хавфсизликни таъминлашга бевосита таъсир кўрсатдик – бу учинчидан.

Тўртинчидан: биз минтақадаги барча давлатлар билан етарлича яхши муносабат ўрнатдик ва бизнинг Яқин Шарқ минтақасидаги позициямиз барқарорлашди. Нафақат Эрон ва Туркия, балки минтақадаги бошқа давлатлар билан ҳам дўстона, ҳамкорлик, айрим жиҳатларда иттифоқчилик муносабатлари шаклланди».

Венесуэла ҳақида

«Мен бу ҳақда кўп марта ва америкалик ҳамкорларимизга ҳам айтганман: у ерда бизнинг қўшинларимиз йўқ. Тушуняпсизми? Мутахассислар бор, йўриқчилар бор, улар ишлашяпти. Шу билан бирга, яқинда, чамаси бир ҳафта олдин маслаҳатчи ва мутахассисларимиз гуруҳи у ердан чиқиб кетди, улар у ердан кетишди. Қанчадир вақтдан сўнг яна қайтишлари мумкин.

У ерда маълум бир келишувларимиз бор, баъзан самолётларимиз у ерга парвоз қилади, машғулотларда қатнашади, вассалом. Нима, биз у ерда айрим ҳамкорларимиз каби исёнчиларнинг ҳаракатларини бошқаряпмизми ёки президент Мадурони бошқаряпмизми? У президент, унинг ҳаракатларини нега бошқариш керак? У ҳаммасини ўзи бошқаряпти. Яхшими-ёмонми – бу бошқа масала, бунга баҳо бермаймиз».

Британия билан муносабатлар ҳақида

«Менга Россия ҳам Буюк Британия ҳам муносабатларимиз тўлиқ шаклда тикланишидан манфаатдордек туюлади. Нима бўлмасин, ҳеч бўлмаса қандайдир биринчи қадам қўйилишига умид қиламан. Мэй хонимга бу осон бўлади деб ўйлайман, у кетишини эълон қилган, шунинг учун ўзи тўғри, муҳим ва зарур деб ҳисоблаган ишини ички сиёсий оқибатлар ҳақида ўйламасдан қила олиш мумкин».

Скрипалларнинг заҳарланиши ҳақида

«Умуман, хиёнат ер юзидаги энг катта жиноятдир ва хоинлар жазоланиши шарт. Солсберидаги воқеадек жазолаш керак демаяпман, йўқ асло. Аммо хоинлар жазоланиши шарт.

Жаноб Скрипаль жазосини олди. У ҳибсга олинганди, муддат олди, ўтириб чиқди. У аслида ҳеч қандай қизиқишга арзимасди. У қандай қизиқиш уйғотарди? У жазоланди: қўлга олинди, судланди ва беш йил қамоқхонада ўтирди. Сўнгра уни қўйиб юборишди, бўлди.

Хиёнатга келсак, у жазоланиши керак. Бу тасаввур қилиш мумкин бўлган энг разил жиноят».

Россиядаги олигархлар ҳақида

«Бизда олигархлар энди йўқ. Олигархлар катта даромад олиш учун ҳокимиятга яқинлигидан фойдаланадиганлардир. Бизда йирик компаниялар бор, хусусий, давлат иштирокидагилари бор. Аммо ҳукуматга яқинлиги туфайли қандайдир имтиёзларга эга йирик компанияларни билмайман, бизда ундайлар йўқ».

Вориси ҳақида

«Ҳеч муболағасиз айтишим мумкин, бу ҳақда доим, 2000 йилдан бери ўйлайман. Вазият ўзгармоқда, одамларга бўлган маълум талаблар ўзгармоқда. Алал-оқибат эса, буни ҳеч бир муболағасиз ва безакларсиз айтаман – якуний қарорни Россия халқи қабул қилиши керак».

Либерал ғоялар ҳақида

«Мен дарров ҳамманинг овозини ўчириш, ёпиш, боғлаш, қамаш, қувиш тарафдори эмасман. Албатта, бундай эмас. Либерал ғояни йўқ қилиб бўлмайди, у мавжуд бўлишга ҳақли ва ҳаттоки қайсидир ўринларда уни қўллаб-қувватлаш ҳам керак. Аммо у мутлақ устунлик ҳуқуқига эга бўлиши керак деб ҳисобламаслик лозим, гап мана шунда


Report Page