Пушкин...

Пушкин...



Пушкиннинг шеърида Расулуллоҳ алайҳиссалом васфлари

Улуғ рус шоири Александр Пушкиннинг “Пророк” (“Пайғамбар”) деган шеъри 1826 йилда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ёзилган. Буни мустамлака билан мустақиллик орасидаги “ошкоралик даври” деган даврда илк марта ўзбек олими – раҳматли Иззат Султон эътироф этган эди. 

Шеърда “Шаққи садр”, яъни фаришталар ул зотнинг муборак кўксларини ёриб, ҳикмат тўла олтин жом жойлаб қўйишлари воқеаси ҳамда илк ваҳй келиши ҳодисаси қаламга олинган. Ваҳй келган вақтдаги оламнинг ўзгариши ҳолати ҳам таъсирли ифода этилган.

Албатта, Пушкин шеърни ўз тушунчаси доирасида ёзган. Унда воқеликка мос келмайдиган баъзи ножоиз сўзлар ҳам учрайди. Лекин, энг муҳими, шеърда коинотнинг саййиди, охирзамон пайғамбарини эътироф этиш ҳоли кузатилади ва ул зотнинг васфлари мадҳ этилади. Шунинг учун таржимага Илоҳий ҳақиқатга мувофиқ тарзда бир оз эркин ёндошилди. 

Таржимон.

* * ***

А.С.Пушкин

(Рус шоири)

(1799 - 1837)


ПАЙҒАМБАР


Ҳориб руҳий чанқоқ-оташда,

Кездим зулмат саҳросин чунон.

Олти қанот қудсий фаришта

Ногоҳ бўлди менга намоён.

Унда – ҳурккан бургутдек ҳолат,

Чақнаб келди нури башорат.

Қулоғимга ваҳй этиб адо,

Тўлди унда жаранг ва садо.


Сездим: само титради ул вақт,

Фаришталар учдилар, жўшқин,

Денгизда бор махлуқот – шошқин,

Водийларда – гиёҳлар карахт.


Гўё қўлин оғзимга чўзди,

Бас, гуноҳкор тилимни узди,

Чун башарий эди забоним;

Очиб жонсиз оғзимни, шайлаб,

Ҳикмат тўла жом қўйди жойлаб,

Қўлларини бўямиш қоним.


Сўнг тиғ билан кўксим ёрди у,

Ундан титроқ қалбимни олди,

Чўғдек порлоқ олтин жом солди –

Ва сийнамга жойлаб қолди у.


Даштда бежон ётардим, фақат,

Етди ногоҳ Илоҳий даъват:

“Олиб амру фармону ваҳий,

Қум фа анзир, аййуҳан-Набий:

Эй Пайғамбар, тургил, огоҳ эт,

Менинг амру иродам-ла кет,

Кезиб барру баҳрни тамом,

Етказ халққа оташин Калом!”


Рус тилидан

Мирзо КЕНЖАБЕК

таржимаси.

Report Page