Public

Public

Source

Ўзбекистонда жамиятнинг аста-секинлик билан бўлсада, ўйғонаётганини кузатиш мароқли. Ўзбекистон, чорак аср давомида – ҳудди планетамизда йўқолиб қолган жамиятга ўхшарди. Бу жамиятдаги одамлар нималар ҳақида ўйлаши, нималарга интилиши, уларни муаммолари-ю, ютуқлари нималар эканлиги ҳеч кимга маълум эмасди. Лекин, ҳали 35 миллионлик Ўзбекистон ўз салоҳиятига яраша мақомга, салобатга ва фаолликка эришгунча, жуда кўп вақт борга ўхшайди. Жамият тафаккурида авторитар фикрлаш жуда кучли. * Жамият давлатга ишонмайди ва қурқади, давлат ҳам жамиятга ишонмайди ва уни фаоллашувига хавотир билан қарайди. Ҳокимият алмашгач, мана шу қўрқув ва ишончсизлик занжири узилмади. Давлат вегетариан бўлишни дунёга эълон қилди. Бу қанчалик қийин бўлмасин, “вегетарианлик йўлидан қайтмаймиз” деб доим таъкидлаб келмоқда. Лекин, вилка ва пичоқларини ташлаб юбормади, дастурхон остига олиб қўйди. Ўша сиртларида кизил ранг қотиб, ювилса ҳам тоза бўлмаган пичоқ ва вилканинг учлари дастурхон остидан чиқиб турибди. *

Ҳукумат “ўзгараман” дейиши замирида, жамият билан янги консенсус – янги ижтимоий-сиёсий келишув тузиши назарда тутиларди. Лекин, ташқаридан қараганда, ҳукумат иккиланаётгандек. Агар ҳукумат Конституциянинг ҳокимият мандатлари борасидаги асосий талабни инкор қилиш ниятида бўлмаса, ижтимоий-сиёсий фаолликни секинлатишга зарурат йўқ эди. Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий тафаккур ўта кучли инқирозда, сиёсий тафаккур маргинал бир аҳволда. Уни ривожланиши учун жуда кучли рефлекция, анча эркин жараёнлар керак бўлади. Жараёнлар муаммоларни англашга, янги қарор ва воситаларни излашга тақозо қилади.

*

Тарихан, бизда фақат кичик нарсаларни деб катта тақдирлар қурбон қилиниб келинди. Примитив талқиндаги ҳокимият комфорти деб, катта ислоҳотлар ва катта мақсадлар бой берилди. Аслида, катта мақсадларга иккиланмасдан ҳаракат қилинса, балки, айнан ўша ҳокимиятни ўзи жамиятнинг ишончида ва эътирофида бўлиши мумкин эди. Лекин, негадир тарих такрорланаверади: примитив талқиндаги комфорт ва назорат, тарихий хотира ва чексиз ишончдан, реал ўзгаришлар ва миллатни катта кучга айланишидан тўсиб қолаверади.

Report Page