ПСИХОЛОГ

ПСИХОЛОГ

Manzura Abdullayeva

(ҳикоя)


Мактабга яқиндагина ишга кирган ходим бўлганим сабаб имкон қадар янги ҳамкасбларимнинг кўнглига қараб муомала қилиб, ҳаммада яхши таассурот уйғотишга уринаётган кунларимнинг бирида психолог-Ойбек  хонамга кириб келди.

-Барча ўқитувчиларни темпераменларини аниқлаш бўйича махсус тестдан ўтказиб чиқяпман, навбат сизга! – деганча у қўлидаги кўк жилди орасидан китоб, қоғозу жадвалларни олиб тўридаги стол устига ёйишга тушди.

 Очиғи, ёшлар етакчиси бўлганим учун вақтим жуда тиғиз эди. Кутиб турган ишлар қалашиб ётганди. Ноилож, ҳурмат юзасидан жойимга чўкдим. Саволларига бирин-кетин жавоб бера бошладим. Аммо икки қўлим компьютерда ҳарна хужжатларни ёзиб-чизиб туришим керак. Кўпроқ “ҳа”, камроқ “йўқ” билан ниҳоят ярим соатдан мўлроқ вақтим кетди. Сўровнома тугади. Балларни ҳисоблаётган чоғи қўнғироқ чалиниб қолгани боис ташқарини бир айланиб қайтдим. Келиб қарайманки, психолог ранжигандек  бошини чангаллаганча қоғозга тикилиб ўтирибди. Мени кўриши биланоқ шикоятга ўтди.

-Сиз саволларимга жиддий ёндошмадингиз, тузукроқ эътибор бермадингиз, менсимадингиз. Мана натижа! Ноаён ҳолат. Тўртта темпераментнинг ҳар биридан 15 тадан ижобий.

- Мен ҳаммасига ҳам мос тушавераман.

- Йўқ-йўқ, фанда ундай бўлиши асло мумкин эмас. Сиз қайсидир темпераментдасизу аниқлашим учун тўғри жавобларни яширгансиз.

- Нега яширарканман.

- Ўзингиз биласиз, ўзингиз.

Психологнинг кутилмаган “пичинг”и ғазабимни қўзғаса-да,   босишга уриндим. Сўздан сукутни афзал билдим.

-        Менимча, сизда стресс бор, - деди у ачинган каби.

-        Стресс? Нима ўзи у?

-        Жиддийлик, кескинлик, зўриқиш.

-        Қаердан топдингиз бу гапни?

-Бир-икки ҳафталик кузатувларим шуни кўрсатяпти. Стрессга тушган беморлар  ё ўта ҳаракатчан, ёки ҳеч бир ҳаракатсиз бўлиб қолишади. Аммо, ҳар икки ҳолат ҳам онг тизгинидан ташқари қолгани учун кўпинча самарасиз натижа билан тугайди. Афсуски, сизнинг айни дамдаги елиб-югуришларингиз ҳам оқилона фаолият белгиси эмас, руҳий зўриқиш оқибатлари бўлиши мумкин.

Тарвузим қўлтиғимдан тушгани каби икки қўлим шалвираб жойимга ўтириб қолдим.

- Мабодо, керак бўлсам, хонам иккинчи қаватдалигини яхши биласиз. Хижолат қилмай чиқаверинг, керакли тавсияларни  олаверасиз.

“Хўп” дегандек секингина бош эгиб қўйдим. Кайфиятим тушиб кетди. Бир неча сония маюс тортиб ўтирсам, кейин, кимдир хонам олдига чопиб келди-да, эшикни астагина очди.

-Устоз, бизнинг гуруҳ “Афсоналар водийси”га борадими? - деди  8 -“Г” даги Гулёра

Мен аввалига гапларини яхши эшитмадим. Қизга тушунмагандек қараш  қилдим.

У ёнимга келиб, бугунга режалаган саёҳатимизни эслатди.

Синчков экан кайфиятим пастлигини  дарров илғади.

-Бирор нарсадан ҳафамисиз, устоз? Кўзларингиз ғамгин тортиб қолибди.

- Ҳойна-ҳой бу стрессдан...

* * * *

Эрталаб барвақт уйғондим. Тонгни бадантарбия билан ўтказиш учун кўчамиз бўйидаги спорт майдончасига югурдим. Фойдали жисмоний машқлар бажариб қайтдим. Оиламиз даврасида тўйиниб нонушта қилгач, сочларимни дид билан турмакладиму, иш формамни кийиб мактабга шошилдим.

Йўлда бир текис елиб бораётган автомобилар оқимини кузатиш менга жуда ёқарди. Ғилдиракларнинг тинмай олдинга шитоб билан интилаётган манзараси кўнглимда ҳар доим негадир юксак ҳисларни уйғотади. Орзу-мақсадлар манзилларига ҳамиша барига етишиш имкони бор, фақат унинг учун тўхтамай қадам босишимиз керак деб уқтираётгандек бўлишади улар.

Ана шундай хушнуд туйғулар оғушида хонам эшиги олдига етиб келдим. Одатда, бу жой болаларнинг севимли қўнимгоҳлари. Эрталабки сафланишлардан олдин фаол сардорларнинг тадбир-чиқишларини уюштириб олишлари учун репитиция майдончаси бўлгани сабаб қулфламай юраман. Эшикни очиб ичкарига кирарканман столим устида турган каттакон гулдастага кўзим тушди. Бирор ким адашиб ташлаб кетмадимикин деган хаёлда залга чиқиб, у ёқ-буёққа қараб қўйдим. Сўнг ҳайратимни яширолмай гулдастага тикилиб қолдим. Айни дамларда суюнишни ҳам, ҳафа бўлишни ҳам билмасдим.

Кириш қўнғироғи чалингач, ўқувчиларнинг кунлик давоматини аниқлаб юрсам, психолог рўпарамдан чиқиб қолди.

-        Гуллар сизга ёқдими? – деди у тантанавор оҳангда.

-        Қайси гул...лар? Ие, бу сизнинг ишингизмиди ҳали?

-        Нима? Ёқмадими?

Қандай жавоб берсам “ботмас” экин деган ўйга бордим.

-        Ёқди. – ҳайронлигимни яширишга уриндим.

-Рости гап. Нотўғри тушунманг-гу сизни стрессдан чиқазиб юбориш учун миямга эрталаб сюрпириз қилиш фикри келиб қолди. 

- Раҳмат! Касбингизга беҳад эътиборли экансиз, - дея олдидан тезда кетишга чоғландим. Боиси у мени ноқулай  вазиятда  туширганди.

Тушлик пайти ошхонанинг ўқитувчилар бўлмасида уч-тўрт ҳамкасб қиз-аёллар йиғилиб ўтирган пайтимиз ичимдаги қизиқишни яширолмадим.

-Психолог-Ойбек ака оилаликми? – Саволим ўзимга-да ғалати туюлиб кетди. Балки кўнглимдан мени ёқтириб қолмаганмикин? -деган ўй ўгандир.

- Йўқ. Хотини билан ажрашган, - деди кимёчи Дилноза опа.

- Ўзи яқиндагина тўйи бўлганди. Келинчак билан икки ой ҳам яшамади-я, - ачингандай бўлди тарбиячи Асал.

- Унақаларда қўним йўқ. Ҳозир бир рўзғорни эплолармиди... – дея “ахборотлар”ни якунлади ўзини жуда билағон ҳисоблаб юрувчи Шодия.

****

-Яхшимисиз оя? - Эртасига хонамга шаҳдам қадамлар билан кириб келди психолог.  – Сезган бўлсангиз, ўқувчилар дарслардан анча зерикиб боряпти. Кеча икки нафари юқори синф ўқувчилари билан гаплашдим. Бизнинг мактабдан бутунлай бош олиб кетмоқчи улар.

- Чинданми? Йўғ-е, ўзи шунақа деб айтдими сизга?! – гапимнинг оҳангида шубҳа бор эди. Чунки, мактабдагилар психологнинг хонасида “дарди”ни айтишига ишонмасдим.

- Мен сизни алдармидим.

- Кечиринг, гап сизда эмас, - дедим сўзимни тўғирлашга уриниб. – Гап ўқувчиларни шундай бекаму кўст шароитга эга бизнинг махсус мактабимиздан кетмоқчи бўлганида. Ишониш қийин, тўғрими?

- Шунинг учун ҳам биз болаларни фақат китобга михланиб, миялари зўриқишига йўл қўймай, турли тадбирларга, чиройли жойларга саёҳатга олиб чиқиб туришимиз керакка ўхшайди.

- Ташвишланманг, ўтган ҳафта раҳбарият битирувчи синфларни навбатма-навбат олийгоҳларни ўрганишга  олиб боришга топшириғини берган. Мана режаси. Яна оз кунлар ўтиб дарсдан кейин саёҳатга чиқамиз, - дедим қўлимдаги қатъий график асосида тузилиб, директор муҳри ва имзоси туширилган қоғозни узатарканман.

- Дуруст. Мен ҳам сизга ёрдамлашаман. Танҳо ўзингиз битта синфни назорат қилишга қийналасиз.

- Ёлғиз эмасман. Тарбиячиси ҳам ёнимда бўлади. Истасангиз сизни ҳам қўшиб оламиз.

 Эртасига тушдан кейин хонамга 11- “А”нинг қизлари “илтимоснома” билан киришди.

-        Устоз, Ойбек домлаям бирга  борадиларми университетга?

-        Ҳа, ким айтди?

-Ўзлари.  – Жийинишди қизлар. – Улар бирга бормасалар ҳам майлийди.

- Нега?

- Мазза қилиб эмин-эркин айланишимизга йўл қўймайдилар. Бир зумда ортимизга қайтариб келадилар.

- Йўғей, жуда унчаликмасдир.

- Рост, сиз қандайликларини билмайсиз-да. Ғирт немис. Одамни сира тушунишни истамайдилар.

Тилимни тишлаб қолдим...

* * * *

Шанба куни уйга кетишга тайёрланиб  турсам, хонамни яна психолог банд қилди. Ўтган гал  олийгоҳга саёҳатимизда ҳаммани мактабга қайтишга шоширавергани учун бироз ранжиган эдим.

-Нима гаплар? – “тезроқ дардингизни сўйланг” дегандек саволчан тикилдим.

- Олдингизга бир оғир шахсий масалада маслаҳат олиш учун  кириб турибман.

- Мен сиздек инсонга қандай маслаҳат беришим мумкин?

Психолог сўзларимдаги кинояни англамади. Назаримда, у бунга қодир ҳам эмасди.

- Бирор киши қайғу чекканда қалбига яқин инсоннинг сўзларини тинглаб малҳам олади. Шу боис ҳузурингизга келишни истагандим. Сўнгги вақтларда ичимдаги тушкунликни сира енголмаяпман. Атрофимдаги ҳодисаларга чидашга сабрим етмаётгандек гўё. Ҳар кун ишга келиб, ўзимни ўқитувчилару ўқувчилар томонидан тинмай камситилаётгандек сезаман.

Аслида мен тақдирдан нолиб юрадиганларни жиним суймайди. Шу боис психологни бир-икки аччиқ гап билан “чақиб” олгим келардию, аммо ўзимни тиярдим. 

-Адашасиз. Бу даргоҳда ҳамма сизни ҳурмат қилади. Лекин ўзингизга бўлган ишончнинг йўқлиги туфайли бошқаларни ҳам сўзларингизга, ғоя ва мақсадларингизга ишонтиролмаётгансиз назаримда, - дедим дангал.

- Тўғри, мустақил қарор чиқаришгаям жуда қийналаман.

- Даставвал, ўзингиз ҳақдаги ўй-фикрларни ўзгартирмасангиз бўлмайди. Биласизми, биз сўзларимиз билан хоҳласак ҳаётимизни гўзаллаштирамиз, хоҳласак...

- Тушунмадим? – деди у дарров елка қисиб.

- Негатив фикрлайдиган ва ҳамма нарсадан ёмонлик изловчи инсонларни бахт ва қувончга тўлганини ҳеч кўрганмисиз. Сизни билмадиму, аммо мен ҳамма нарсада яхшилик ва ҳикматни кўрувчи кишиларнинг ҳаёти бир маромда, бахтли, сокин ва хотиржам ўтаётганини кузатганман. Ишонмасангиз, ўзингизда буни синаб кўринг. Бир ҳафта давомида тинмай бахтлилигингиз ва омадлилигингиз ҳақида гапиринг. Натижани кўрасиз.

- Бахтли бўлиш қўлимдан келмайди.

-Нега келмас экан, келади-ю, бироқ ичингиз қўрқувга тўла,  камчиликларингиз ҳақида ўйлайверасиз, масъулиятдан қочасиз ва ҳар доим: кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам ўтмиш хатолари билан яшайсиз.

- Шунинг учун ҳам менга бирор китоб тавсия қилинг. Токи у ҳозиргача ўқиганларимга сира ўхшамаган бўлсин, уни ўқиб бутунлай ўзгарай.

- Бу соҳада мендан кўп китоб мутолаа қилган бўлсангиз керак. Менимча, асосий гап ўқишдамас уқишдаям.

У сўзларимни тинглагач, ҳомуш тортди, ўйланиб қолди.

-Билмадим, билмадим. Негадир чарчадим, танамда  сираям куч йўқдай.

-Сиз ўзи бу ерда нима билан шуғулланасиз?

Унинг касби одамларни руҳини даволаш бўлгани учун атай шу саволни бердим.

У  жавоб беришни ўрнига мўлтиради. Унинг ночор аҳволидан юрагим зирқираб кетди. Кўнглига таскин тополмай, шаҳд билан хонани тарк этдим.

Йўл бўйи уни ўйларканман, нима учундир тинмай жаҳлим чиқарди. Бугунги кунда одамлар психологларга салкам халоскорлардек қарашади. Руҳий муаммоларини ечишга кўмаклашиб, ўз-ўзларини назорат ва таҳлил қилишга ўргатишади, тўғри йўл-йўриқ кўрсатишади деб ўйлашади. Аммоки, баъзида табибнинг ўзи ҳам давога муҳтож эканини англаб етишармикин.

Негадир яхши ухлолмай туни билан босинқираб чиқдим. Эрталаб эса алланечук юрагим ғашланиб уйғондим. Мактабга етиб келиб, кеча кечқурун психологнинг бир сиқим хапдори ичиб, ўз жонига қасд қилгани,  шифохонада оғир аҳволда ётгани хабарини эшитдим...


Манзура АБДУЛЛАЕВА

Report Page