Ўзбек ва япон олимлари ҳамкорлиги: Бухорода доривор шумғия плантациялари барпо этилмоқда

Ўзбек ва япон олимлари ҳамкорлиги: Бухорода доривор шумғия плантациялари барпо этилмоқда

Buxoro.uz

Ўлкамиз доривор ўсимликларга бой. Шулардан бири шумғиядир. Чўл ва ярим чўл ҳудудларда учрайдиган ажойиб хусусиятларга эга бу ўсимлик хавфли ўсимталарга, сийдик-жинсий йўлларидаги яллиғланишлар билан боғлиқ касалликлар (цистит, нефрит, пиелононефрит)га, эркаклар жинсий қувватсизлигига қарши кураш, хотирани мустаҳкамлаш, бўғимлар ва бошқа хасталикларни даволашда юқори самара беради. Шунингдек, ўсимлик ўзининг антиоксидант хусусияти туфайли мия тўқималарига ижобий таъсир кўрсатган ҳолда уларнинг зарарланиши олдини ҳам олади.

Шумғия, аниқроғи, унинг илдизи шифобахшлик жиҳатидан женьшенга нисбатан 5-10 баравар кучлилиги исботланган.

Бу ўсимлик Осиёнинг қатор мамлакатларида, хусусан, Япония ва Хитой анъанавий тиббиётида жуда кўп асрлардан буён қўлланилиб келинмоқда. Афсуски, бизнинг расмий табобатда у чуқур ўрганилмаган.

Таъкидлаш керакки, Бухоро вилояти давлат ўрмон хўжалиги бошқармаси тизимидаги ўрмон хўжаликларида кейинги даврларда ҳар йили ўртача икки -уч гектар майдонда шумғия экиб келинган. Лекин бу мазкур ўсимликни истиқболда етиштиришни кўпайтириш имконини бермасди. Эндиликда масалага ҳукумат миқёсида эътибор қаратилаётир. Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 майдаги Бухоро вилоятининг чўл ҳудудларида “Яшил қалқон” ҳимоя ўрмонзорлари, доривор шумғия (цистанхе) ва исириқ ўсимликлари плантацияларини барпо этиш ҳамда хомашёни дастлабки қайта ишлашни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармойиши бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Жумладан, доривор шумғия ва исириқ плантацияларини барпо этиш режалари ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2018-2020 йилларда Бухоро вилояти ўрмон хўжаликларида 3 минг гектар майдонда доривор шумғия ва 3 минг гектарда исириқ плантацияларини ташкил қилиш ҳамда хом ашёни дастлабки қайта ишлашни амалга ошириш кўзда тутилди. Хўш, фармойиш ижроси қандай бормоқда?

– Ўтган даврда турли республика вазирлик ва идоралари ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги саъй- ҳаракати билан муайян ишлар амалга оширилди, – дейди Бухоро вилояти давлат ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ўктам Раззоқов. – Ҳозирги кунга қадар Бухоро, Жондор, Олот, Қоракўл, Қизилқум, Шофиркон, Ғиждувон, Қоровулбозор, “Нефтчи” ва Қоракўл ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжаликларида жами 2390 гектар майдонда шумғия доривор ўсимлиги уруғи экилди. 2020 йил охирига бориб, яна 610 гектар майдонда бу лойиҳа амалга оширилади.

Одатда, шумғия табиий ҳолатда, тарқоқ ҳолда ўсади. Унинг бошқа барча чўл гиёҳларидан фарқли жиҳати шуки, у паразит ўсимлик ҳисобланади. У саҳро буталари илдизларида униб, ундан озиқланади. Лекин шумғия айниқса, саксовул томирларида кўп ҳосил беради. Пишиб етилган уруғи ҳам тупроққа тушиб, “анъана”ни давом эттиради. Шуниси борки, бу уруғ тезда нишламайди. Бунинг учун бир ярим- икки йил вақт талаб этилади.

Шумғия табиий ҳолда тарқоқ ўсиши унинг ўсимлигидан самарали фойдаланишни чеклайди. Шунинг учун дунё тажрибасидан келиб чиқиб, масалага илмий ёндашиш яъни, ўсимликни саксовулзорлар, черкез ва қандим бутазорларида плантациялар ҳолида етиштириш мақсадга мувофиқ.

– Биз шумғия етиштириш борасида яхши натижага эришиб келаётган Япония билан ҳамкорлик қилиш йўлини танладик, – дейди республика Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти тизимидаги Бухоро илмий-тажриба хўжалиги раҳбари Низом Қаҳҳоров. –Институтимиз Бухоро вилояти давлат ўрмон хўжалиги бошқармаси ва Кунчиқар мамлакатнинг OYO компанияси ўртасида меморандум имзоланди. Унга мувофиқ, япон олими Азам Миссан йилида икки -уч бор вилоятга келиб, шумғияни маданий ҳолда кўпайтириш ва мўл ҳосил етиштириш борасида тажриба майдонларида иш олиб бормоқда.

Япониялик олим келгуси йил баҳорида янги усулларда экиш майдонларини бир неча ўнлаб гектарга кенгайтиради. Азам Миссан қўллаётган инновацион усулда саксовул кўчати илдизлари яқинида шумғия уруғлари турли чуқурликларда экилиб, униб чиқиш муддатлари синовдан ўтказилади.

Мутахассислар фикрига кўра, Бухоро ўрмонзорларида женьшендан ҳар жиҳатдан устун бўлган доривор ўсимликни маданий ҳолда етиштириш анча истиқболли. Шунинг учун яқин йилларга мўлжалланаётган режага мувофиқ, шумғия илдизини қайта ишлаш йўлга қўйилади ва маҳсулотнинг бир қисми экспорт қилинади. Бу борада ҳам японияликлар билан ҳамкорлик яхши самара бериши, шубҳасиз.

Эркин Ёдгоров

Report Page