Кесилган дарахтлар ўрни янги ниҳоллар билан тўлдирилади

Кесилган дарахтлар ўрни янги ниҳоллар билан тўлдирилади

Buxoro.uz

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрининг Отабой Эшонов кўчасида жойлашган 2-сонли умумтаълим мактаби олдидаги дарахтларнинг сабабсиз кесиб ташланаётганлиги ва бу ҳолат атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётганлиги ҳақидаги видеолавҳа тарқатилди. Аввало, мана шу ҳолатга бефарқ бўлмаган юртдошимизга миннатдорлигимизни билдириб қўйишимиз керак. Негаки, мураккаб иқлим шароити, тупроғи ва суви шўрланган, теварак-атрофни кўкаламзорлаштириш долзарб аҳамиятга эга Бухоро воҳаси шароитида бир дарахт кўкартириш нақадар оғир ишлигини барчамиз яхши тушунамиз.  

Бевосита ўша манзара, мактаб олдидаги дарахтлардан 5 донаси кесилгани ҳолатига келсак, бунинг ўз сабаби бор, албатта. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат бўйича Бухоро шаҳар инспекцияси бошлиғи М.Шаҳриев номига вилоят марказидаги Отабой Эшонов кўчасида жойлашган 2-сонли умумтаълим мактаби директори З.Ахмедова номидан мурожаат аризаси тушди.

Унга кўра мактаб ҳудудида 1 дона тут ва 3 дона арча дарахти қуриб қолгани боис уларни кесишга рухсат сўралганди.

Шундан сўнг мурожаат жойида бориб ўрганилган ва дарҳақиқат, ҳудуддаги дарахтлар қуриганлиги сабабли 5 дона (3 дона манзарали)сини кесишга рухсат берилган.

Ўрганиш натижасида тахминан 5 ой олдин яна 8 та дарахт қуриганлиги туфайли рухсатнома асосида кесиб ташлангани ҳам маълум бўлди.

Албатта, бу ўринда қуриган дарахтларнинг кесилиши янги ўқув йили олдидан ўқувчи ўғил-қизлар ва мактаб жамоаси хавфсизлигини ўйлаб қилинганини тўғри тушуниш мумкин.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарорининг 37-бандида “Юридик ёки жисмоний шахсларнинг мулки бўлган ва улар томонидан ёғоч-тахта ва ҳосил олиш учун экилган дарахтлар ва буталарни, шу жумладан, ипак қуртини боқиш мақсадида тут дарахти шохларини кесишга давлат Экология Қўмитаси органларининг хулосаси талаб этилмаслиги” белгилаб қўйилган.

Халқимизда “Бирни кессанг ўнни эк” деган пурмаъно гап бор. Умид қиламизки, таълим муассасаси мутасаддилари ана шу ҳикматдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда кесилган дарахтлар ўрнини янги ниҳоллар билан тўлдирадилар. 


Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси   

Report Page