“Алихан транс сервис“: замонавий автобуслар тақдимоти суннат тўйига уланди

“Алихан транс сервис“: замонавий автобуслар тақдимоти суннат тўйига уланди

buxoro.uz

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 28 йиллик тантаналари Бухоро шаҳрида аҳолига йўловчи ташиш хизматларини таклиф этаётган “Алихан транс сервис“ МЧЖ меҳнат жамоаси учун ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди. Сабаби айни шу кунларда бу корхона Хитой Халқ Республикасидан энг сўнгги русумдаги “Azia star” русумли автобусларидан 65 тасини қабул қилиб олди. Замонавий автоуловлар ҳадемай, юртдошларимиз ва шаҳримиз меҳмонларига хизмат кўрсатишни бошлайди.

-Лойиҳани амалга оширишга бундан уч ой олдин киришилган,-дейди “Алихан транс сервис“ МЧЖ раҳбари Адизбек Бақоев.-Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига қилган расмий сафари давомида  “Azia star” компанияси билан худди шу русумдаги замонавий автобусдан 150 тасини харид қилиш юзасидан меморандум имзоланганди. Шартномани қўллаб-қувватлаган “Агробанк” вилоят филиали лойиҳа учун хорижий кредит линиясидан бизга 5 йил муддатга, йилига 9 фоиз имтиёзли тўлов асосида 3 миллион 976 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратди. Автобусларимиз шаҳар кўчаларида ҳаракатни бошлаши билан кредит маблағини уч йилда қоплаш имконига эгамиз. Қолаверса, бир йил ичида ишчи ўрнини юзтага етказамиз.

Эътиборлиси, корхона истиқболидан умид катта. Собиқ Бухоро тўқимачилик комбинати автосаройи  ўрнидаги, ташландиқ ҳолга келган иншоотнинг тадбиркорлик субъектига 10 миллиард сўм қийматда инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматда берилгани катта имтиёз бўлди. Қарийб 1 гектарни эгаллаган корхона майдонида автобусларга сервис хизмати кўрсатиш мажмуаси, автогараж билан бирга ҳайдовчилар учун алоҳида 25 ўринли ётоқхона, ҳаммом, қўйингки, барча шарт-шароит ҳозирланган. Қутлуғ сана арафасида “Алихан транс сервис“ МЧЖда замонавий автоуларнинг тақдимот маросими қўшалоқ шодиёнага айланди. Шу куни ҳудудда истиқомат қилаётган кам таъминланган оила фарзандларидан 10 нафарининг суннат тўйи ҳам ташкиллаштирилди. Маросимга Хитой Халқ Республикасининг “Azia star” компанияси бош менеджери Шин де Хуа раҳбарлигидаги меҳмонлар ҳам келишди. Уларни ва маросимга йиғилганларни вилоят ҳокимининг ўринбосари Нарзулло Ҳамдамов қизғин табриклаб, ривожланган хориж давлатлари, жумладан, дунё бозорида етакчи ўринлардан бирига чиққан Хитой Халқ Республикаси билан яқин ҳамкорлик давом этишига катта умид билдирди.

-Бу русумдаги автобуслар шу кеча-кундузда Хитойда ҳам анча оммалашган,-деди маросимда сўз олган Шин де Хуа.-Бошқалардан устунлиги унинг Бухоро маҳаллий иқлимига мослаштирилгани, яъни 32 ўринли улов евродизайн типидаги салони кондиционер ва иситиш тизимига, кунлик маълумотларни хотирага ёзиб борувчи электрон қурилмага, кам ёқилғи сарфлайдиган “ВПН-7” моделли двигателига эга. Муҳими, Бухородай афсонавий шаҳарга, бу юртга ташриф буюрадиган сайёҳларга жуда мос.

Шу куни карнай-сурнай садолари, куй-қўшиққа уланган тантанада тўйболаларга сарполар кийдирилди, эсдалик совғалари улашилди.

-Ҳар қайси она учун фарзандининг тўйини кўришдан ортиқ бахт борми,-дейди Дилшода Ҳусанова.-Ўғлим Нозимжон  Ҳусанов ҳадемай мактабга, 1-синфга чиқади. Кейинги пайтда моддий жиҳатдан бироз қийналиб қолгандик. Лекин “Алихан транс сервис“ корхонаси ва шаҳар ҳокимлиги орзу-ҳавасимизни ўзлари бош бўлиб амалга оширишди. Миннатдормиз, шундай юртда яшаётганимиздан фахрланамиз!

Энг улуғ, энг азиз байрамга ҳамоҳанг ўтган тўй барча вилоятдошларимизнинг ҳамжиҳатлик билан нишонланадиган улуғ тўйи бўлажак! Зеро, тинчлик, ҳамжиҳатлик, қадр ва ғурур қарор топган юртга байрамлар, тўйлар ярашади!

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати             

Report Page