Ўктам Барноев Олот ва Қоракўл туманларидаги пахта далаларини кўздан кечирди

Ўктам Барноев Олот ва Қоракўл туманларидаги пахта далаларини кўздан кечирди

Buxoro.uz

Мамлакатимиз иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга пахтачиликда энг муҳим ва долзарб палла-август ҳосилга ҳосил қўшиш ойидир. Яхши ният билан ерга уруғ қадаб, баракали ҳосил етиштириш ташвишида вақт билан ҳисоблашмай даласида тер тўкиб меҳнат қилаётган миришкор-деҳқон борки, шу кеча-кундузда зарур агротехник тадбирларни омилкорлик билан бажариб, ғўза чеканкасини сифатли якунлаб, минерал ва маҳаллий ўғитга бойитилган далани учинчи сув-“оби ҳаёт”га қондириб, катта “оқ олтин” хирмонига мустаҳкам “пойдевор” қўймоқда. Вилоят ҳокими Ўктам Барноев бошчилигидаги ишчи гуруҳи воҳадаги фермер хўжаликлари пахта далаларидаги аҳвол билан яқиндан танишиш мақсадида Олот ва Қоракўл туманларида бўлди.

Buxoro.uz

Туманлар ҳокимлари, ҳудуд секторлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги етакчи мутахассислари, тажрибали фермерлардан иборат ишчи гуруҳи дастлабки ўрганишни Олот туманининг “Жумабозор” ҳамда “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Авлиёқул Собиров”, “Жўра Кўмак”, “Жумагелди”, “Жўра Бозор замини”, “Очил Бозоров” каби фермер хўжаликлари далаларидан бошлади. Ғўза парваришида қўшимча минерал ўғит ўз вақтида ва сифатли берилиши, бу жараёнда суғориш олдидан культивация тадбирини сифатли олиб бориш ҳосилнинг баракали бўлишини таъминлаши эътироф этилди. Чунончи, “Очил Бозоров” фермер хўжалиги бу йил 60,5 гектар майдонга барака уруғини қадаб, деҳқончилик йилида 148,2 тонна “оқ олтин” хирмони барпо этиш мақсадида давлат шартнома режасини тузган. Хўжалик миришкорлари пахта ҳосилдорлигини гектарлар бошига 26 центнерга етказиш тараддудидалар.

Buxoro.uz

“Чандир” МФЙда фаолият юритаётган “Бозор Жаббиев” фермер хўжалиги меҳнат жамоаси эса бу мавсумда мавжуд 64,4 гектар ерда деҳқончилик қилиб, оз эмас, 206 тоннадан ошиқроқ хирмон яратишни дилга тугишган. Бунда гектарлар ҳосилдорлигини 33 центнерга етказиш талаби қўйилган. Шунга қарамай, катта тажрибасига таянган фермер бу галги синовдан ҳам муваффақият ва яхшигина фойда билан чиқиш учун астойдил меҳнат қилмоқда. Хўжалик пахта далаларида бўлган ишчи гуруҳи аъзолари зараркунанда ҳашаротларга қарши курашишда кимёвий воситалардан самарали фойдаланиш, айниқса, қандала ҳашаротидан ғўза ниҳолини муҳофазалаш, умуман, далага биологик ишлов бериш усуллари хусусида зарур тавсия ва кўрсатмаларни бердилар. Ғўза ниҳоллари орасини юмшатиб суғориш агротехникаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Нафақат туман, балки вилоятда йирик хўжаликлардан бири “Денов” МФЙдаги “Озоджон Рўзиев замини” фермер хўжалиги жорий деҳқончилик йилида 90,4 гектар ердан 290 тоннадан ошириб “оқ олтин” хирмони барпо этишни ният қилган. Албатта, миришкорлар ҳаракати ҳам шунга яраша. Гуруҳ аъзолари томонидан бу каби хўжаликлардаги иш юритиш тартиби, деҳқончилик маданияти алоҳида эътироф қилингани ҳолда ҳудуд биолабораторияси фаолиятига ҳам яқиндан баҳо берилди.

Buxoro.uz

Шу куни вилоят ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи томонидан Қоракўл туманининг “Дарғали”, “Қуввача”, “Жиғачи”, “Қораҳожи”, “Қораун”, “Човли”, “Маллаишайх”, “Сайёд” каби маҳалла фуқаролар йиғинларидаги йигирмага яқин фермер хўжалиги фаолияти атрофлича ўрганилиб, зарур хулосалар қилинди. Парваришдан ортда қолаётган ёки оғир участкалардаги хўжаликлар аҳволини ўнглаш билан боғлиқ тавсиялар берилди. “Жиғачи омад тузкон” фермер хўжалиги айни кунда 85 гектар майдонда “Бухоро-8” навли қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштираётган бўлса, жамоа ҳадемай пахта хирмони салмоғини 228 тоннага етказишни кўзлаган. Давлат шартнома режасини пешқадамлар қаторида бажаришни мақсад билган жамоа аъзолари йил якуни билан биргина пахтачиликдан қўлга киритилиши кутилаётган соф фойда
100 миллион сўмдан кам эмас.

Buxoro.uz

Вилоят ҳокими бошлиқ ишчи гуруҳи шунингдек, “Қурбонбой Чориев пахтакор”, “Каромат замини”, “Шермуҳаммад Қосим файз”, “”Қораун Камолбек”, “Қоракўл Исломжон Раҳмон”, “Самад Бешим”, “Сайёт Ғанижон ғаллакор” каби фермер хўжаликлари далаларини кўздан кечириб, ер эгалари-фермерларга пахтачиликда инновацион технологиялардан кенг фойдаланишнинг афзаллиги, айниқса, сув тақчиллиги сезилаётган маҳаллий шароитда томчилатиб суғоришни жорий этишнинг аҳамияти хусусида батафсил тушунча берди. Бу технология туфайли минерал ўғит, ишчи ҳамда техника кучи иқтисод қилиниши, ҳосилдорлик бир неча маротабага юқори бўлиши алоҳида таъкидланди. Вилоят ҳокими томонидан маҳаллий секторлар раҳбарлари ўз ҳудудида парваришланаётган ғўза ниҳолларини далама-дала юриб ўрганиши, фермер хўжаликлари ишига баҳо бериши, улар дуч келаётган муаммоларга жойида ечим топиш, айниқса, давлат шартнома режаларини ора йўлда қолдираётган қолоқ хўжаликлар билан изчил ишларни олиб бориш зарурлигига эътибор қаратилди. Аксинча, пахта парваришини намунали тарзда ташкил этиб, якунда юқори натижаларни қўлга киритаётган фермер хўжаликларини рағбатлантириб бориш тажрибасини қўллаш лозимлиги алоҳида уқтирилди. 

Buxoro.uz

Эртанги мўл-кўл ҳосил, катта хирмон салмоғи бугунги елиб-югуриш, ер билан “тиллашиш”га, астойдил меҳнат қилишга боғлиқ экан, бу борада вилоят ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳининг туманларда, чекка қишлоқларда бўлиб, фермер хўжаликлари ишини жойида ўрганиши муваффақиятга эришишнинг муҳим кафолатидир.

Вилоят ҳокимлиги аппарати ахборот хизмати                        

Report Page