Гўшт 40 мингдан 45 минг сўмгача. Қайси бозорда? 

Гўшт 40 мингдан 45 минг сўмгача. Қайси бозорда? 

Buxoro.uz

Бухорода ҳақиқатдан шу нархларда гўшт сотиляптими? Қайси бозорда? Гўшт сифатлими ўзи?

Аҳоли дастурхони учун арзон ва сифатли гўшт маҳсулоти етказиб бериш, пандемия даврида оғир шароитга тушиб қолган оилаларни моддий-қўллаб-қувватлаш, қолаверса, мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллигини муносиб кутиб олинишини таъминлаш мақсадида ҳар йилги анъанага мувофиқ, вилоятимиз марказида фаолият юритаётган деҳқон бозорларида шу йилнинг 4 августидан 4 сентябрига қадар сифатли ва арзонлаштирилган нархдаги қорамол гўшти сотуви ташкил қилинди.

Бир ой давом этадиган гўшт ярмаркалари вилоятимизнинг барча туманларидаги чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ҳомийлигида Бухоро шаҳрининг “Марказий деҳқон бозори”да, “Тўқимачи”, “Шарқ”, “Ёшлик” деҳқон бозорларида, шунингдек, “Шимолий бозор” МЧЖда бўлиб ўтмоқда. Вилоят “Чорванасл” маркази раҳбари Н. Раҳматовнинг билдиришича, юқорида қайд қилинган бозорларда ҳар куни бир туман фермер хўжалиги ҳомийлигида ўртача 200 килограмдан, ойлик давомида эса 32 минг килограмм гўшт маҳсулоти ярмарка савдоларига чиқарилиши кўзда тутилган.

Биргина бугуннинг ўзида, яъни 13 август санаси билан олсак, Бухоро туманидан “Рустам Раҳим Дамирхон”, Когон туманидан “Эркин”, Ромитан туманидан “Озод”, Шофиркон туманидан “Саъдулло Ҳамидзода”, Пешкў туманидан “Озод сайқал далалари” каби фермер хўжаликлари ўз маҳсулотларини шаҳарликлар дастурхонига тортиқ этдилар.

Ярмаркада бажонидил иштирок этиш истагини билдирган “Озод” фермер хўжалигини олсак, бу хўжалик нафақат Ромитан туманида, балки вилоятда кўп тармоқли ва фаолиятини ривожлантириб бораётган субъектлардан бири. Айни кунда унда парваришланаётган қорамол сони 450 бошга етказилган бўлиб, сара зотли 200 бош қорамолини ўтган йили Чехия давлатидан олиб келган. Бунда фермер хўжалиги тижорат банкининг узоқ муддатли, кам фоизли, имтиёзли кредит маблағи билан қўллаб-қувватланган. Бугунга келиб эса бу хўжаликда йилига 500 тонна  сут, бўрдоқига боқилаётган новвослари ҳисобидан ўртача 40 тонна атрофида гўшт етиштирилмоқда. Бундан ташқари, алоҳида яйловига эга хўжаликда парваришланаётган қўй-қўзи сони ҳам 500 бошга етказилган. Энг муҳими, унда меҳнат қилаётган 21 нафар ишчининг моддий манфаатдорлиги ҳам қўлга киритилаётган муваффақиятларига яраша ўсиб бормоқда.

Эътиборлиси, аксарият юртдошларимиз қизиқишларига сабаб бўлаётган қорамол гўштининг нархи арзон, яъни ҳар килограми 40-45 минг сўмдан сотилмоқда. Жойлардаги масъуллар томонидан эса сотувга чиқарилаётган маҳсулотнинг сифатига алоҳида эътибор қаратилгани ҳолда тўлови ҳам истеъмолчилар хоҳишича, нақд пул ёки банк терминали воситасида амалга оширилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, гўшт сифатининг бузилишини олдини олиш мақсадида ярмаркалар асосан куннинг биринчи ярмида ташкил этилмоқда.

Азиз бухороликлар ва шаҳримиз меҳмонлари! Арзонлаштирилган гўшт ярмаркаларига марҳамат!

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати


Report Page