Аҳолига дори-дармон воситалари бепул тарқатилмоқда

Аҳолига дори-дармон воситалари бепул тарқатилмоқда

Buxoro.uz

Мамлакатимиз Президенти раислигида ўтказилаётган ҳар бир видеоселектор йиғилиши аввалида юртимизда CОVID-19 касаллигига қарши курашиш самарадорлиги, вилоятлар ва улардаги шаҳар ва туманлар миқёсида инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижадорлиги алоҳида муҳокама қилиниб, мутасаддилар, тизим раҳбарлари зиммасига аниқ вазифалар юклатилмоқда.

Жумладан, карантин тартиб-қоидалари кучайтирилган 10 июлдан бошлаб бутунлай янгича тизимда касалликка қарши кураш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилаётгани жойларда муаммоларни бартараф этишда сезиларли наъф берди. Тиббиёт муассасалари---карантин марказларининг моддий-техник аҳволи билан бирга шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш тизими, қолаверса, беморларни стационар ва уй шароитида самарали даволашда дори-дармон таъминотининг барқарор изга солингани умумий мақсадга эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Синовли кунларда “кўринмас ёв”га қарши курашишда республика Махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, юртимизда 15 августгача узайтирилган карантин чекловлари муносабати билан вилоятимизда ҳам хавфли касалликдан даво муолажаларини олаётган фуқароларга бирламчи зарур дори-дармон мажмуи ҳукуматимиз томонидан бепул етказиб берилмоқда.

Чунончи, шу йил 5 август куни Ромитан туманида бевосита туман ҳокими раҳбарлигида ташкил қилинган “Call-center” га тушган мурожаатларни ўрганиш орқали бевосита касалликка қарши уй шароитида даволанаётган 44 нафар беморга бепул дори-дармон воситалари ажратилди. Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қуввватлаш бўлими ходимлари томонидан бу воситалар ўз эгаларига манзилли етказилди. 

“Саховат ва кўмак” жамғармаси негизида ташкил этилган “Call-center” хизмати орқали Шофиркон туманида ҳам тиббий хизматга эҳтиёжманд деб топилган ва айни кунда уй шароитида даволанаётган 48 та оилага 5 турдаги, жами 375 қути дори-дармон тўплами масъуллар томонидан етказиб берилди. Бу борада ҳозирда ҳар бир маҳалла ҳамда улардаги қишлоқ врачлик ёки оилавий поликлиникалари билан ҳамкорликда ишлар ташкил этилиб, уй шароитида даволанишга ўтказилган оилаларга алоҳида эътибор ва беминнат рағбат кўрсатилмоқда.

– Коронавирус бўлмаган касаллик дея ҳали-ҳамон лоқайд, беписанд юрган айрим юртдошларимизни огоҳликка ва эҳтиёткорликка чақирамиз,---дейди худди шундай беғараз ёрдамдан баҳраманд бўлган юртдошларимиздан бири, Когон шаҳар, “Темирйўлчи” МФЙ да истиқомат қилаётган Гулнора Ражабова.---Авваламбор, Юртбошимизга раҳмат! Биздай эҳтиёжмандларни ўйлаб, дорихонада танқис бўлган дори-дармонни уйимизга келтириб беришяпти. Соғлигимизни тиклашимиз учун алоҳида врач бириктирилган. Оилаларимиз билан тезроқ соғлом турмушимизга қайтиб, бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетайлик.

Муҳими, бу каби самимий дил сўзларини ўнлаб оилалар соҳибларидан эшитиш мумкин. Биргина Когон шаҳридаги биринчи сектор ҳудудидан 13 та, иккинчи сектордан 10 та, учинчи сектордан 3 та ва тўртинчи сектордан 2 та оилага “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида махсус дори-дармон тўплами элтиб берилди.


Умуман, халқимиз саломатлигига жиддий хавф солаётган пандемия даврида вилоят миқёсида касалликка чалинган беморлар учун шу кеча-кундузда 3 минг қути дори-дармон манзилли равишда аҳолига етказиб берилди. Асосийси, бу борадаги хайрли ишлар давом эттирилмоқда. 

Бухоро вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Report Page