Жамоатчилик назорати – шаффофликни таъминлаш кафолати

Жамоатчилик назорати – шаффофликни таъминлаш кафолати

Buxoro.uz

Мамлакатимизда устувор вазифа сифатида белгиланган ҳар бир соҳада очиқлик ва шаффофлик тамойилларини таъминлаш зарурати нафақат ташкилот-муассасалар мутасаддилари, балки жамоатчилик вакиллари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юкламоқда. Бу борада депутатлар, турли нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг иштироки жойлардаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, уларга биргаликда ечим топиш жараёнида қўл келмоқда. Бу синовдан ўтган тажриба айни кеча-кундузда олий таълим муассасаларида кечаётган ижодий имтиҳонлар жараёнларини ташкил этишда ҳам ўз самарасини бермоқда.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вилоят минтақавий бўлими аъзолари, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Шодмон Сулаймонов айни шу мақсадда Бухоро давлат университетида ўтказилаётган ижодий имтиҳонлар жараёнларини кўздан кечиришди. Уларга вилоят Кенгаши депутати, Бухоро давлат университети ректори Обиджон Хамидов ҳамда Жамоатчилик кенгаши вилоят минтақавий бўлими масъул котиби Сайфулло Мажидовлар ҳамроҳлик қилишди.

Шу кеча-кундузда мазкур олий таълим муассасасида мусиқа ва қўшиқчилик санъати, жисмоний маданият, тасвирий ва амалий санъат, чақириққача ҳарбий тайёргарлик таълим йўналишлари бўйича ижодий имтиҳонлар ўтказилмоқда. Жамоатчилик кенгаши аъзолари бу ерда абитуриентлар учун, айниқса, ижодий имтиҳонлар жараёнини шаффоф ташкил этиш мақсадида яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди. Мазкур жараёнга халал берадиган турли ички ва ташқи омилларнинг олдини олиш борасида кўрилаётган чораларнинг самара бераётгани эътироф этилди. Жумладан, ижодий имтиҳонлар ўтказилаётган ҳар бир ҳудудда кузатув камераларининг ўрнатилганлиги, абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари учун мазкур жараёнларни уйда туриб интернет орқали онлайн кузатиш имконияти яратилганлиги, имтиҳон комиссияси аъзолари ва кузатувчиларнинг бетараф вакиллар асосида шакллантирилганлиги жараёнда шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупсиоген ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қонунийликни таъминлаш ва коррупсияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари бўлган депутатлар кузатиш жараёнида бу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратишди.

Жамоатчилик кенгаши аъзоларида, айниқса, чақириққача ҳарбий таълим йўналиши бўйича ижодий имтиҳонлар жараёни ўзгача таассурот қолдирди. Вилоятимиздан ташқари, республикамизнинг турли ҳудудларидан ҳужжат топширган абитуриентлар иштирокида кечган имтиҳон жараёнлари белгиланган карантин талаблари асосида ташкил этилмоқда. Aбитуриентларнинг соғлиги, имтиҳон жараёнига маънан, руҳан ва жисмонан тайёргарлиги мунтазам назорат қилиб турилади, тиббиёт ходимлари ва психологлар томонидан уларга зарур тиббий ёрдам ва маслаҳатлар бериш учун барча шароитлар яратилган.

Кенгаш аъзоларининг абитуриентлар билан жонли мулоқоти, Ватанимиз ва истиқлолимиз тараннум этилган мўжаз мушоира бўлажак Ватан ҳимоячиларига ўзига хос мотивация бағишлади.

Бухоро вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Report Page