Бухорода ҳам темир йўл транспорти ходимлари куни нишонланди

Бухорода ҳам темир йўл транспорти ходимлари куни нишонланди

Buxoro.uz

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган бўлиб, соҳа ходимлари август ойининг биринчи якшанбасини касб байрами сифатида нишонлайди.

Мамлакатимизда барча соҳаларда рўй берган ўзгаришлар, халқимиз турмуш даражаси юксалишида темирйўлчиларнинг, халқаро ҳамкорлик ҳамда йирик лойиҳалар сонини ортиб боришида малакали мутахассисларнинг хизматлари катта.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10 март куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухоро – Мискин темир йўл қурилишининг бориши билан танишиб, тармоқдаги ишлар сифатини янада оширишга қаратилган қатор таклиф ва тавсияларини берган эди. Умумий узунлиги 355 километрни ташкил этадиган мазкур темир йўлнинг 335 километри тамомила янгидан бунёд этилмоқда. Мазкур темир йўлнинг қуриб, фойдаланишга топширилиши билан поездлар қатнови қарийб 75 километрга қисқаради.

Бундан ташқари, темир йўл вокзалларини замонавий талаблар асосида қайта қуриш, йўловчиларга халқаро талаблар даражасида хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сана муносабати билан Бухоро минтақавий темир йўл узелида ҳам тантанали тадбир ўтказилди.

Анжуманда бир гуруҳ темирйўлчиларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

– Давлатимиз раҳбарининг фармони билан ҳар йили август ойининг биринчи якшанбаси темир йўл транспорти ходимлари куни сифатида нишонланиши бизга чексиз ғурур бахш этди, – дейди АЖ “Ўзтемирйўлйўловчи” Бухоро филиали бошлиғи Файзулло Бозоров. – Билдирилган юксак ишончга муносиб бўлиш, зиммамиздаги масъулиятни теран англаш, халқимиз манфаати йўлида садоқат билан хизмат қилишга ваъда берамиз.

Бухоро вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Report Page